НЕГА "101" – ЁМОН ФИЛЬМ?

НЕГА "101" – ЁМОН ФИЛЬМ?

@kinolaboratory
Борис Гафуров мақола муаллифига беписандлик билан қараяпти

Ўзбек кинематографистлари орасида “Буюк Амир Темур” (1996) фильми киноасарнинг нақадар халтура қилиб ишлангани борасида ўзига хос меъёр бўлиб хизмат қилади. Дарҳақиқат, соҳибқироннинг 660 йиллиги муносабати билан яратилган, узунқулоқ гапларга кўра 7 млн АҚШ доллари миқдоридаги бюджетга эга бўлган мазкур фильм ўзбек киносининг парокандаланишига олиб келган асосий омиллардан бири эди. Айнан шу картинадан сўнг ҳукуматимизнинг киночиларга бўлган ишончи йўқолиб, узоқ йиллар давомида иккинчи даражали соҳа вакилларига айланиб қолганмиз.

"Буюк Амир Темур" (1996) фильмидан энг машҳур лавҳа. Биз уни ҳеч қачон унутмаймиз.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда Uzbekistan Film, Omad Film Production, DF SERVICE студиялари ҳамкорлигида тасвирга олинган “101” бадиий фильми – Янги Ўзбекистоннинг Янги Амир Темури деган “шарафли” номга сазовор бўлса ажаб эмас.

"101" (2020) фильмининг постери

Мазкур картинани яратган инсонларни “фильм ижодкорлари” дейишга тилимиз бормаяпти, клавиатурамиз бўйсунмаяпти. Чунки бу ерда ижоддан асар ҳам йўқ. Фильм бошдан-оёқ халтура: сценарийси ҳам, режиссураси ҳам, оператор ва рассом иши ҳам, актёрлар ижроси ҳам. Фильмнинг бирорта пичоққа илинадиган жиҳати йўқ. Аввалига мазкур лойиҳага умуман бошқа одам режиссёрлик қилиши, Ҳамидулла Ҳасанов эса бош тасвирчи бўлиши керак эди. Аммо съемка жараёнида юз берган келишмовчиликлар туфайли режиссёр картинани суратга олишдан бош тортиб, постановкачи курсисини Ҳамидулла Ҳасанов эгаллади. Эҳтимол, айнан мана шу – фильмнинг энг катта хатоси бўлса керак.

"101" фильмининг продюсери Анвар Эргашев ва режиссёр Ҳамидулла Ҳасанов қизғин иш жараёнида

Картина сюжети ўта мужмал, нималар юз бераётганини тушуниш қийин. “Амерсфорт” концлагери ранг-баранг болалар боғчасини эслатади. Ҳамма ёқда арчалар, ҳатто пальмалар ҳам бор. Голландияда пальма ўсишини биринчи маротаба кўришимиз.

Ўлим ўчоғи - “Амерсфорт” концлагери

Гарчи асар ўз номига кўра бир юз бир нафар аскар ҳақида ҳикоя қилиши керак бўлса-да, негадир кадрда нари борса 30-35 кишини кўрамиз.

Асир тушган ўзбеклар, яп-янги бинт ва мураббо

Очликдан ҳор-у зор бўлиб, ўлим ёқасида турган аскарларнинг иккала юзи қип-қизил, соппа-соғ. Сочи, соқол-мўйлови ҳам ўсмаган. Эҳтимол, концлагерда барбершоп фаолият юритган бўлса керак. Самарқандлик ўзбек аскари ҳам, голландиялик яҳудий коммунист ҳам, немис СС чилари ҳам таржимонсиз бемалол суҳбатлаша оладилар. Аскарлар автоматдан ўқ узаётганида лабларини чўччайтириб “ту-ту-ту-ту-ту” деб қўйишни унутмайдилар (биз ҳам маҳаллада “немис-немис” ўйнаганимизда шундай қилардик).

"Ту-ту-ту-ту-ту" демоқда ярамас фашист

Бош қаҳрамон Ҳошим аканинг елкасини шилиб, момоталоқ қилиш ўрнига оддий қурилиш чёткаси билан қизил бўёқ чапланади, у эса соҳталарча инграб қўяди.

Томошабин қалбини ларзага солувчи даҳшатли қийноқлар

Умуман, бош рольга нега ёқимтой ва келишган Борис Гафуров танлангани биз учун жумбоқ. Унинг актёрлик қобилиятига шубҳамиз йўқ, албатта, аммо мазкур фильмда у эшакка қўйилган ўсмадек ярашмай турипти.

“Амерсфорт” концлагеридаги ҳақиқий асирлар
Бир неча ойдан бери туз тотмаган Ҳошим ака

“101” ни яратган одамлар нақадар халтура иш қилаётганини ўзлари ҳам сезиб қолиб, вақти-вақти билан кадр ортидаги ҳикоячини ишга соладилар. Элёр Носиров бизга фильмда нималар бўлаётганини ҳикоя қилиб туради. Продюсерлар асарнинг бош ғояси – гарчи фашистлар бизни одам ўрнида кўрмаган бўлсалар-да, биз уларга Чин Инсон эканимизни исботлаб, режасини барбод қилганимизни сюжет орқали кўрсатиб бера олмаганини тушунган ҳолда, фильм якунида титр ёзиб, аслида нима демоқчи бўлишганини эслатиб қўядилар. Барака топгур, томошабин буни титрдан ўқиб эмас, фильмни кўриш жараёнида тушуниши керак эди, дейдиган одам йўқ.

Фриц бизнинг мақоламиздан ғазабда

Агар фильмни томоша қилиб ҳеч нарсани тушунмаган бўлсангиз, аслида “Амерсфорт” концлагерида нима бўлганини тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз.

“Амерсфорт” концлагеридаги ҳақиқий ўзбек аскарларининг сурати. Ҳотам Қодиров ва Зойир Муродов.

Мазкур воқеа 1941 йилнинг август ойида юз берган. Фашистлар Европадан ташқарида яшовчи халқларни одам ўрнида кўрмаганлар. Осиё ва африкаликларнинг катта қисмини қириб ташлаб, қолганини қул қилишни режалаштирганлар. Шу сабаб Смоленск остонасида асирга олинган ўрта осиёлик 101 нафар аскарни (уларнинг орасида қирғиз, татар ва қозоқлар ҳам бўлган, аммо аксарияти самарқандлик ўзбеклар эди) Голландиядаги “Амерсфорт” концлагерига жойлаб, бир неча ҳафта давомида очликда сақлашган; беаёв уриб, энг оғир ишларни қилдиришган. Фашистларнинг мақсади – очликдан силласи қуриган аскарларнинг қафасига нон ташланса, улар бир-бирини итдек ғажиб егуликка отиладилар, фашистлар эса бу ҳолатни кинотасмага муҳрлаб, “мана, кўриб қўйинг, булар ўзи одам эмас – ҳайвон, уларни қириб ташлаш керак!” дея пропаганда йўлида ишлатмоқчи бўлганлар. Аммо ўзбек аскарлари фашистлар берган нонни талашмай, ўзаро тенг тақсимлаб, бўлишиб чиққанлар. Сўнгра яратганга шукрона айтиб, дуо қилганлар. Бунинг оқибатида фашистларнинг режаси барбод бўлган. Аммо режиссёр ҳатто шу кульминацион саҳнани ҳам виждонан тасвирга олишни ўзига эп кўрмаган. Фашистларнинг пропагандистик киноси режадагидек чиқмагани каби, “101” ҳам кўзланган мақсадга етишолмади. Аммо фашистлар буни ўз вақтида тушуниб, кинотасмани йўқ қилиб юборишган. Анвар Эргашев ҳам фашистлардан ўрнак олиб, “101”нинг жамики материалларини ўчириб юборса яхшироқ бўларди, ўғил бола гап.

"101" фильми операторидан яшил фонда яшил барглар билан суратга олишнинг янгича усули

Хуллас, “101” фильмини ишлаган одамларда виждон бўлмаса керак, бўлганида шундай кучли воқеадан чинакам санъат асарини яратишга ҳеч бўлмаса уриниб кўришарди. Аммо йўқ, кинонинг турган-битгани халтура. Ҳеч ким премьерадан сўнг томошабиннинг кўзига қандай қилиб қараши ҳақида ўйламаган. Ўйлаганида “REC” тугмасини босмас эди. Чунки “REC” тугмаси босилдими – тамом, бўлаётган воқеа тасвирга ёзилиб, абадий тарихга айланади.

Агар бу асарни ўзининг юмалоқ-ёстиқ фильмлари билан машҳур бўлган шоир ва актёр, режиссёр ва ҳонанда Аҳад Қаюм ўзи сценарий ёзиб, ўзи бош рольни ижро этиб, ўзи режиссёр ва оператор сифатида тасвирга олиб, камига ўз телефонида монтаж қилганида ҳам бундан яхшироқ фильм чиқарди.

"Ҳатто мен ҳам сенлардан тузукроқ кино оламан!" демоқда гўё Аҳад Қаюм

Агар шу фильм учун давлат бюджетидан бир тийин пул сарфланган бўлса – шу юртнинг фуқароси сифатида илло-билло рози эмасмиз.

Ўзбек халқининг мардонавор жасоратига ҳайкал сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган асар уруш фаҳрийларининг устига ағдарилган бир челак мағзава бўлиб чиқди. Буни ҳеч қандай баҳоналар билан оқлаб бўлмайди: пул кам эди, вақт кам эди, коронавирус бошланди ва ҳ.к. Бу – шунчаки бутун жамоанинг ўз ишига қўл учида ёндошгани, виждонсизлиги ва уялмай енгил-елпи иш қилишга ўрганиб қолганидандир. Буни фильмни тасвирга олиш жараёнидаги бэкстейждан ҳам кўришингиз мумкин.

Табиийки, киноимизда бундан бадтар фильмлар ҳам талайгина. Аммо уларнинг ҳеч бири Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек халқининг жасоратидек муқаддас мавзуда ишланмаган. Маиший тематикадаги киноларда халтура қилинса, ҳа майли, деб кўз юмишимиз мумкин. Аммо халқимиз тарихи ҳақида наридан-бери фильм олинганида индамай туриш – жиноятга тенг.

"101" фильмининг "ёрворейшн" титрлари

Сўзларимиз фильмга алоқадор инсонларнинг қалбига озор етказган бўлса, билингки, сизнинг "ижод маҳсулингиз" ҳам бизнинг қалбимизга озор етказди. Саломат бўлинглар ва, илтимос, бошқа кино олманглар.

"101" чилар ўз фильмини шундай баҳолашмоқда. Тугади.

Мақола ёққан бўлса, "КиноЛаборатория" телеграм-каналига аъзо бўлишни маслаҳат берамиз. Нимаики десак ва ёзсак – ўзбек киносининг ривожи учун қиляпмиз.

Report Page