НАВРЎЗ — МЕҲР-ОҚИБАТ, ҲАМЖИҲАТЛИК БАЙРАМИ
Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Сардор ҒАФФОРОВнинг Наврўз байрами муносабати билан ТАБРИГИ
Азиз юртдошлар!
Замин узра кўклам нафаси таралиб, Она табиат уйғонаётган, инсонлар қалбида эзгулик ғоялари ниш ураётган бир вақтда Наврўз айёмини ўзгача орзиқиш, кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан кутиб олмоқдамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, асрлар давомида халқимизнинг олижаноб орзу-ниятларини ўзида ифода этиб келаётган янгиланиш ва яшариш айёми, миллий қадриятларимиз тимсоли бўлган Наврўз айёми билан барчангизни чин қалбимдан самимий табриклайман.
Неча минг йиллик тарихимиздан бизга маълумки, Наврўз арафасида турли низо ва адоватлар, гина ва аразлар унутилиб, одамлар, халқлар ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби инсоний туйғулар янада кучаяди.
Наврўз ўз хосиятига кўра, йил бошида янги режалар тузиб олиб, келажак ишларимизнинг бароридан келиши учун эзгу ниятлар қиладиган, халқнинг дуоси билан белни маҳкам боғлаб, келажакка қадам қўядиган муборак кундир.
Айни шу файзли, шодиёна дамларда юртимизнинг барча гўшаларида, қир-адирлар, боғу роғларда юртдошларимиз сумалак ва ҳалим, кўксомса ва гўжа каби тансиқ таомлар тортилган дастурхонлар атрофида тўпланиб, бу баҳор неъматларини ўз оиласи, яқинлари, дўсту биродарлари билан баҳам кўришга интилади.
Ҳеч шубҳасиз, хурсандчилик, сайил-томошаларга бой бўлган янгиланиш ва яшариш айёми - Наврўз эзгулик элчиси сифатида барчамизни хайрли амаллар сари чорламоқда.
Қадрли дўстлар!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор Наврўзи олам билан қутлаб, барчангизга энг эзгу ва самимий нииятларимни билдираман!
Наврўз ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга, бутун юртимизга тинчлик-омонлик, меҳру оқибат, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
Наврўз айёми ҳар бир инсон қалбини эзгулик нурлари билан мунаввар этиб, шу юртга, шу азиз ватанга фидокорона меҳнат қилишга, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чорлайверсин.
Бунёдкор халқимизга, гўзал ва бетакрор юртимизга ҳеч қачон кўз тегмасин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!