НАВОИЙДА СУВ НАРХИ ОШИШИ КУТИЛАЁТГАНИ БЎЙИЧА МУНОСАБАТ

НАВОИЙДА СУВ НАРХИ ОШИШИ КУТИЛАЁТГАНИ БЎЙИЧА МУНОСАБАТ

"Навоий сув таъминоти" МЧЖ ахборот хизмати (@uzsuvnavoiy)

Навоий вилояти аҳолисининг 64 фоизи ёки 647 мингдан ортиғи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Шундан 354,9 минг нафар қишлоқ ҳудудларидаги аҳолига, жумладан Навоий шаҳрининг чекка ҳудудлари, Кармана, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор, Хатирчи, Нурота ва Томди туманларидаги истеъмолчиларга “Навоий сув таъминоти” МЧЖ томонидан хизмат кўрсатилади. Вилоятнинг Навоий шаҳар маркази, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари ҳамда Конимех туманининг Зафаробод қўрғонига алоҳида тарифлар асосида вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Бугунги кунда “Навоий сув таъминоти” МЧЖ балансидаги мавжуд 199та сув тарқатиш иншоотларининг 28 таси (14%) жиддий таъмирланишга зарурат сезмоқда. Вилоят бўйича жами 2 784,8 км ичимлик сув тармоқлари мавжуд бўлиб, улардан 463,4 км (17%) таъмирлашга муҳтож бўлиб қолган. Шу билан бирга, сув тарқатиш иншоотларнинг тармоқлари ва ускуналарининг муҳим қисми 50 йилдан кўпроқ вақт олдин ётқизилган бўлиб, маънан эскирган. Натижада аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувида йўқотишлар ошиб, тизимда оғир иқтисодий аҳвол юзага келган. Гарчи Инвестиция дастури асосида жорий йилнинг ўзида 42 млрд.сўмлик 15 та янги лойиҳа амалга оширилган бўлсада, инфратузилма эскирганлиги сабабли улардан самарали фойдаланиш имкониятлари ҳам етарли даражада эмас.

Ушбу муаммолар эса тизимда энергия истеъмолининг юқори даражадалиги, маънан эскирган тармоқларнинг ўз вақтида модернизация қилинмаганлиги, моддий рағбатлантириш даражаси пастлиги сабаб соҳада малакали мутаҳассислар ва ишчилар етишмаслиги, ахборот-коммуникация технологиялари изчил жорий қилинмаганлиги, моддий-техника базаси ривожланмаганлиги туфайли келиб чиқмоқда. 

Яна бир муҳим жиҳат – вилоятда Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобидан жами 25,7 млн.долларлик ичимлик сув таъминоти тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган 2 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, ушбу жалб қилинган маблағларни қайтариб бориш ҳам янги тарифларда инобатга олинмоқда.

Маълумот учун, 2021 йилда ажратилиши режалаштирилган жами 26,8 миллиард сўмлик бюджет маблағлари ҳисобидан:
  • Навоий шаҳри ва ЭИЗ ҳудудида янги сув тармоқлари тортилади;
  • Ғозғон шаҳрида канализация хизматлари ташкил қилинади;
  • Хатирчи туманида янги канализация тармоқлари тортилади.

Шу ўринда тариф сиёсати масаласига алоҳида тўхталамиз. Чунки, соҳанинг иқтисодий имкониятлари кўп жиҳатдан айнан тариф сиёсатининг самарадорлигига боғлиқдир. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 сентябрдаги ПФ-6074-сонли фармонида сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тарифларни ўрнатилган тартибда шакллантирилиши ва белгиланишида истеъмолчилар учун кўрсатиладиган хизматлар таннархини тўлиқ қоплаш, ичимлик сув соҳасида модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олиш белгиланган.

Шу асосда “Навоий сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан ичимлик суви ва канализация хизматлари бўйича янги тарифлар бўйича асослантирилган ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси ва вилоят Молия бош бошқармаси томонидан кўриб чиқилди ҳамда уларнинг хулосалари олинди. Сўнгра, янги тарифлар бўйича таклифлар халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан жорий йил 1-декабр куни кўриб чиқилди. Бундан ташқари, regulation.gov.uz порталида ушбу масала бўйича кенг жамоатчилик фикри ўрганилди.

Янги тарифга кўра, 2021 йилнинг 1 январидан 1 куб метр ичимлик суви аҳоли учун – 3000 сўм, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун 7500 сўм, канализация хизматлари учун 1 куб сув нархи аҳолига 2 700 сўм, бюджет ва улгуржи истъмолчиларга 7 000 сўм этиб белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жамият томонидан таклиф этилган тариф ҳисобига вилоятда яқин йиллар ичида:

  • 28та объект ҳамда маънан эскирган 463,4 км қувурлар модернизация қилиш;
  • кўча колонкадан фойдаланувчи 21 мингта  истеъмолчининг хонадонигача сув тармоғи ўтказилиб, сув ўлчагич ўрнатиб берилиши;
  • олис ҳудудлардаги ичимлик суви билан таъминланмай қолган 25 мингга яқин аҳолига марказлашган ҳолда ичимлик сувини етказиб бериш;
  • халқаро молиявий институтлар олдидаги қарз мажбуриятларни бажариш;
  • 40 мингдан зиёд истеъмолчининг сув таъминотидаги узилишлари бартараф этиш;
  • тармоқда сув йўқотишларини олдини олиш;
  • соҳага малакали мутахассисларнинг жалб этиш;
  • моддий-техника базани янгилаш орқали аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш кўзда тутилмоқда.

Шу ўринда истеъмолчиларда “Вилоятда ичимлик суви бўйича жорий қилинаётган янги тариф бошқа ҳудудлардаги нарх билан бир хил эмас” деган ҳақли саволга ҳам тушунтириш берамиз.

Маълумки, ичимлик сув тарифларни белгилашда ҳудудларнинг географик жойлашуви, сув манбаларидан аҳоли пунктларигача бўлган масофалар, ичимлик сув ишлаб чиқаришга сарфланган ҳаражатлар эътиборга олинади. Шу сабабли, ичимлик сув ва канализация хизматлари кўрсатиш тарифлари ҳар бир вилоят учун алоҳида шаклда белгиланади.

Агар рақамларга эътибор қаратсак, “Навоий сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти истеъмолчиларга сув таъминотининг 70 фоиздан ортиғини  “Дамҳўжа сув таъминоти” МЧЖнинг Самарқанд вилоятидаги сув иншооти қувурлари орқали етказиб бермоқда.

Жумладан, “Навоий сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятига тегишли тармоқнинг асосий қисмларида сувни етказиб бериш учун икки ёки ундан кўп кўтаргичдан фойдаланилади. Бу ҳолатда табиий равишда электр энергия сарфи камида 2 бараварга ошишига олиб келади.

Шу каби сабаблар вилоятда жорий этилиши кутилаётган янги тариф бошқа ҳудудлардаги нархлардан фарқ қилишини изоҳлайди.

Умуман олганда, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида эҳтиёждан келиб чиқиб, ичимлик суви ва оқава сув хизматлари бўйича амалдаги тарифларни республика бўйича ўртача 2 баробарга ошириш юзасидан асослантирилган ҳисоб-китоблар ва таклифлар вилоятлардаги Халқ депутатлари кенгашлари томонидан кўриб чиқилган.

Маълумот учун, яқин кунларда “Навоий сув таъминоти” МЧЖ томонидан вилоятда сув таъминотининг бугунги, тизимни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ва янги тариф тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ташкил этиш режалаштирилмоқда.

“Навоий сув таъминоти” МЧЖ ахборот хизмати

Мавзуга доир: “Сув ҳисоблагич фойдалими?”

Report Page