НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА ЖОРИЙ ЙИЛ 7 МИНГДАН ОРТИҚ ГЕКТАР МАЙДОНДА ИНТЕНСИВ БОҒ ВА УЗУМЗОРЛАР БАРПО ЭТИЛАДИ
Халқимиз азалдан боғ яратишни яхши кўради. Яхшидан боғ қолади, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Айтиш керакки, боғдорчилик илмини мукаммал билган миришкору фермерларимиз мўл ҳосил олиш меҳнат ва деҳқончиликнинг барча қоидаларига риоя этиш билан боғлиқлигини яхши билишади. Кейинги йилларда мамлакатимизда интенсив боғ ва токзорларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу кўчатларнинг эрта ҳосилга кириши, ҳосилдорликнинг юқори бўлиши ва бошқа бир қанча афзаллик жиҳатларига эгалиги билан аҳамиятга молик саналади. Навоий вилоятида жорий йил 7 012 гектар майдонда интенсив боғ ва узумзор яратиш режалаштирилган. Бугунги кунда кўчат экишга ер тайёрлаш ва ниҳолларни ўтқазиш каби тайёргарлик ишларининг бориши Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан назорат остига олинган.


Мутахассислар интенсив боғларни афзаллиги бу дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш (ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевани териш) қулайлигида, деб таъкидлашади. Бундай боғларда дарахт танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мевасининг сифати юқори бўлади.
Вилоятда 3 876 гектар токзор ҳамда 3 136 гектар боғ яратишга тайёргарлик тадбирлари қизғин олиб борилмоқда. Жумладан, бугунги кунга қадар боғ яратиш учун 2 миллион 611 дона кўчат шарт бўлиб, етказиб берилганлари 1 миллион 307 донани ташкил этади. Кўчатларни етказиб бериш бўйича ҳудудлардаги “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари билан шартномалар тузилмоқда. Бундан ташқари вилоят бўйича боғ яратиш учун 159 нафар фермер ва деҳқонлар томонидан 1 860 гектар ер майдони кўчат экишга тайёрланди.
Токзорлар барпо қилиш учун эса талаб қилинадиган 4 миллион 295 дона кўчатдан 2 миллион 758 донаси фермер ва тадбиркорларга етказиб берилди. 1 981 гектар ер майдони кўчат экишга тайёрланган бўлса, 1 424 гектар майдонда токзорлар барпо этилди.

Хатирчи тумани азалдан узумзор боғлари ва майизи билан машҳур. Жорий йилда бу ерда 1 690 гектар майдонда токзор ҳамда 540 гектар ерда боғ барпо этиш режага киритилган. “Ўзагроинспекция” туман бўлими инспекторлари фермерлар билан учрашиб, ерларни тайёрлаш, кўчат танлашда аҳамият қаратиш бўйича лозим бўлган жиҳатлар бўйича тавсияларни беришмоқда.
Ҳудуддаги “Кўксарой” маҳалласида жойлашган “Зарафшон голден ситй” фермер хўжалигида жорий йил 100 гектар майдонга 111 000 дона кўчат ўтқазиш ҳисобига узумзор яратиш режаси берилган. Бугунги кунда 36 гектар майдонга узумнинг қора кишмиш навли кўчатидан ўтқазилди. Қолган майдон ҳам бегона ўтлардан тозаланиб, экишга тайёр ҳолатга келтирилмоқда.
Боғдорчиликка ихтисослашган “TRIUMF FRUITGARDENS” фермер хўжалиги режадаги 40 гектарнинг 18 гектарига боғ барпо қилиб, олманинг серҳосил ва харидоргир голден навли кўчатидан ўтқазди. Қолган майдонда ерларни бегона ўтлардан тозалаш ҳамда текислаш ишлари амалга ошириляпти. Айни жараёнлар Инспекциянинг туман бўлими инспекторлари назоратига олинган.
- Туманимизда жорий йил 198 нафар фермер, тадбиркорлар томонидан интенсив боғ ва узумзорлар яратилади,- дейди “Ўзагроинспекция”нинг Хатирчи туман бўлими катта инспектори Жамолиддин Бобомуродов. – Ерларни сифатли тайёрлаш, кўчат ўтқазишда уни сертификатланганига аҳамият қаратиш, зарур агротехник тадбирларни кечиктирмай вақтида олиб бориш бўйича фермер, тадбиркорларга ёзма ва оғзаки огоҳлантириш хатлари беряпмиз. Майдонларда ер тайёрлаш билан бирга тик қудуқ қазиш, электр энергияси кабелларини тортиш ишлари давом этяпти. Баҳорги кўчат ўтқазиш ишларини 15 апрелга қадар тугатиш режалаштирилган.

Нурота туманида эса 635 гектар майдонда янги боғ, 1 045 гектар ерда токзор барпо этилади. Ҳудуддаги “Nurota Golden Grapes” МЧЖ томонидан 40 гектар майдонда узумзор ташкил этилади.Ҳозирга қадар 15 гектар ерга узумнинг 15 минг дона қизил ризамат, ҳусайни, қора мерс навли кўчатларидан ўтқазилди. Токларни парваришлаш учун томчилатиб суғориш технологияси ҳам ўрнатилди.
- Марғилонлик деҳқонлар билан уч йилга шартнома қилиб, кўчатларни олиб келиб қурдик,- дейди МЧЖ раҳбари Шарофат Эломонова. – Уч йилдан сўнг кўчатлар ҳосилга киради. Қолган 25 гектарга вино қилинадиган узум навидан экишни мўлжаллаб турибмиз. Ҳозир ерларни сифатли қилиб текислаяпмиз. Келажакда узумларимизни четга экспорт қилишни режалаштирганмиз.


Қизилтепа туманида ҳам 1 150 гектар майдонда янги боғ бунёд этилади. Бугунги кунга қадар бунинг учун фермерларга 499 минг дона кўчат етказиб берилди. Туманда барпо этилган боғ майдони 325 гектарни ташкил этади. Навбаҳор туманида эса янги яратилган боғ 72, Карманада 84, Конимехда 38 гектарга тўғри келади.
Таъкидлаш жоизки, интенсив боғ ва токзорлар ҳосилдорлигини юқорилигини таъминлашда, тупроқни доим озиқлантириб туриш, агротехник жараёнларни ўз вақтида ўтказиш зарур саналади. Бу ҳар гектар майдондан 4–5-йили 50–60 тоннадан ҳосил олишга эришиш деганидир. Янги боғу узумзор барпо этаётганлар ана шундай катта мақсадларга бел боғлашган.
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси
матбуот хизмати