НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ОҒРИҚЛИ МАСАЛАЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ОҒРИҚЛИ МАСАЛАЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?


Бугун, 13 сентябрь санасида Навоий вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида масъул раҳбар журналистлар билан мулоқот чоғида шу каби долзарб масалаларга ҳам тўхталди.

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтказилган матбуот анжуманини Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов олиб борди ҳамда мазкур бошқарманинг очиқлик сиёсатини журналистлар билан тез-тез ўтказилаётган бу каби тадбирлар мисолида юқори баҳолаб ўтди.

Бу галги анжуман асосан мактабгача таълим соҳасида мурожаатлар билан ишлаш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш жараёнларида олиб борилаётган ишларга бағишланди ҳамда унда 20 га яқин маҳаллий ва республика ОАВ вакиллари, шунингдек блогерлар иштирок этди.

Ў.Тиллаевнинг таъкидлашича, вилоят мактабгача таълим тизимига жорий йил 6 ойи давомида жами 706 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 260 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва “Халқ қабулхоналари” орқали келиб тушган. Мурожаатлар асосан таълим ташкилотларига фарзандини жойлаштириш, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлари фаолиятидаги камчиликларга алоқадор.

Таъкидланишича, мазкур йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш ҳамда уларга имкон қадар кенг қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Навоий вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи томонидан 2022 йил йиллик жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш юзасидан шахсий, сайёр ва оммавий қабуллар ўтказиш жадвали Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган. Қабуллар белгиланган муддатларда вилоятнинг барча ҳудудларда, маҳалла фуқаролари йиғинларида ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг шу даврига қадар 174 нафар фуқароларнинг мурожаатлари эшитилди. Шундан 90 таси мурожаат ижобий ҳал этилди. 57 нафар фуқароларга ҳуқуқий тушунчалар бериш орқали ижобий ҳал этилди. 27 та мурожаат тушунтириш бериш орқали белгиланган тартибда ўрганилиб чиқилиб жавоб хатлари тақдим этилган. Шунингдек, ҳудудий мактабгача таълим бўлимлари мудирлари томонидан ҳам жойларда 304 нафар фуқаронинг мурожаатлари эшитилган бўлиб, шундан 187 та мурожаат ижобий ҳал этилган ҳамда 70 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунча берилган. Бундан ташқари, мурожаатлар билан ишлаш бўйича ҳудудий бўлинмалар фаолияти ўрганилиб, бошқарманинг йиғилишларида танқидий муҳокама қилиниб келинмоқда.

Мурожаатларни ўрганишда камчиликларга йўл қўйган 2 нафар масъул ходимга нисбатан “Ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилган, 2 нафар ходимнинг эса меҳнат шартномалари бекор қилинган.

—                  Айни вақтда кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бу соҳа ходимларининг, хусусан тарбиячиларнинг ойлик маошлари масаласи саналади, — дейди журналистларнинг саволларига жавоб берар экан бошқарма бошлиғи Ў.Тиллаев. — Олдинги йиллар билан солиштирганда тарбиячилар маошлари 60-70 фоизга ошган бўлсада, бугунги кунда иккинчи тоифали тўлиқ ставкада ишлайдиган ҳамкасбларимизнинг маоши мактаблар бошланғич синф ўқитувчилари маошининг деярли ярмини ташкил этади. Бу борада тегишли вазифалар амалга оширилмоқда, таклифлар киритилиб борилаяпти.

Анжуманда шунингдек, ОАВ вакилларининг “Аутцорсинг тизими”, яъни мактабгча таълим ташкилотларида озиқ-овқат хавфсизлиги, тендерлар масаласи юзасидан долзарб саволлари ўртага ташланди ҳамда уларга батафсил жавоблар олинди.

 Маълумот учун, Навоий вилоятида 2018 йил 1 январь ҳолатига 132 та боғча мавжуд бўлиб, мактабгача таълим ёшидги болалар қамрови даражаси 34,1 фоизни ташкил этган. Бугунги кунга келиб эса ўтган қисқа даврда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ушбу кўрсаткич 81 фоизга етказилди. Мактабга таълим ташкилотлари сони вилоятда ҳозирда 1150 тадан ошган. Вилоятда йил якунигача боғчалар сонини 1200 тага, қамров даражасини эса 86 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

 Навоий вилояти бўлими.



Report Page