НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ШАМУРАТОВ МАРАТ ХАЛМУРАТОВИЧНИНГ “ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 30 ЙИЛЛИГИГА 30 ТА МАКТАБ” ШИОРИ ОСТИДАГИ ҲУДУДИЙ ЛОЙИҲА БЎЙИЧА НАВОИЙ ВИЛОЯТИ АҲОЛИСИ ВА ОТА-ОНАЛАРГА
МУРОЖААТИҲурматли юртдошлар!
Қадрли ота-оналар! Ўқитувчилар!
Ўқувчилар!
Кейинги йилларда Навоий вилояти халқ таълими соҳасида эришилган ютуқлар кўпчиликка маълум. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб қолмасдан, келажак режаларимиз, таълим сифати ва мазмунини ошириш юзасидан амалга оширадиган ишларимиз вилоятда қўлни-қўлга бериб ишлаётган 20 мингга яқин педагогларимизнинг жонкуярлиги, фидоийлигига бевосита ҳамда билвосита боғлиқ. Тугаб бораётган ўқув йилида вилоятдаги 365 та умумтаълим мактабларни 12 945 нафар 11-синф ўқувчилари тамомлайди. Бу ўқувчиларнинг 245 нафари олтин, 42 нафари кумуш медал ҳамда 902 нафари аъло даражали шаҳодатнома билан тугаллаши кутилмоқда. Жорий йилнинг айни пайтигача 11-синф битирувчиларининг 173 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имкониятини қўлга киритди. Уларнинг 330 нафари IELTS ва бошқа халқаро сертификатларга эга бўлдилар. 461 нафар ўқувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманларида аҳолини турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2925-сонли қарори асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиёзига эга бўлишади.

Юртбошимиз 2019 йил 23 августда ўтказган халқ таълими тизимини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида: “Мактаб - бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи... Мактаб иши бу умуммиллий ҳаракатга айланиши керак”, деган эди. Ҳақиқатан ҳам мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Президент фан ва таълим тизимига тааллуқли бир қатор стратегик йўналишларни белгилаб бердиларки, ундан келиб чиқадиган вазифалар тизимда фаолият олиб бораётган мутахассислар янгиланаётган Ўзбекистоннинг таълим сиёсати мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англашини тақозо қилади.
Жонажон Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик тўйига муносиб тўёна сифатида Навоий вилояти ҳокими К.Турсуновнинг бевосита ташаббуси билан “Ўзбекистон мустақиллиги 30 йиллигига 30 та мактаб” шиори остида ўзига хос лойиҳани илгари сурмоқчимиз. Вилоятнинг илмий салоҳияти, педагогларнинг билим ва фидоийлиги, ўзига хос тажриба мактабига таяниб, 365 та умумтаълим мактабларнинг 30 тасида битирувчиларнинг тўлиқ олий таълим муассасаларига ўқишга киришларига эришмоқчимиз. Бу йўлда Сиз, азиз ота-оналар, жонкуяр ўқитувчилар, билимли ёшларга таянамиз. Зеро, мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти, нурли келажак, ёрқин ҳаёт, фаровон турмуш – барчамизники.
Ўтаётган йилимиз барча соҳада бўлгани сингари халқ таълими тизимида ҳам янгилик, ҳаётий ислоҳотларнинг амалиётга жорий этилиши билан кечмоқдаки, бу борада вилоятда келажак авлодга таълим бераётган кўп минг сонли педагогларимизнинг машаққатли, шу билан бирга шарафли ишларини алоҳида эътироф этишимиз жоиз.
Физика, математика, инглиз тили фанларини чуқур ўқитишга ихтисослашган Навоий-Қоракўл мактаб-интернати 2020 йил январь ойида ўз фаолиятини бошлаган бўлишига қарамай, бугунги кунда бир қатор Республика ва Халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиб юқори натижаларни қўлга киритди.
2021 йил апрель ойида ўтказилган, Осиёнинг 18 та мамлакатлари ёшлари қатнашган АIMO (Осиё халқаро математика олимпиадаси) нинг Миллий босқичида 31 нафар ўқувчимиз иштирок этиб, шундан 29 нафари совриндор бўлиб, мусобақанинг Жанубий Кореяда август ойида ўтказиладиган ФИНАЛ босқичига йўлланмани нақд қилишди. Ўқувчиларимиз 4 та олтин, 14 та кумуш, 11 та бронза медалларни қўлга киритди.
Жорий йил 18-23 июль кунлари Португалия давлатида бўлиб ўтадиган Халқаро биология олимпиадасида иштирок этадиган терма жамоа сафида Навоий шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 11-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослашган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ёлқинбек Турдибоев ҳам қатнашади.
Азиз навоийликлар!
Ҳурматли ватандошлар!
Ота-оналар ва уларнинг фарзандлари!
Юрт шаъни, миллат тақдирига бефарқ бўлмаган барчангизни мазкур лойиҳага қўшилиб, қўлни-қўлга бериб, мунаввар истиқбол сари биз билан бирга одимлашингизга ишонамиз! Бизни Ватан кутмоқда!