НАВОИЙ ВИЛОЯТ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ШАМУРАТОВ МАРАТ ХАЛМУРАТОВИЧНИНГ ОЛИС ҲУДУДЛАРДАГИ УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИДА ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ЮЗАСИДАН НАВОИЙ ВИЛОЯТ ВА ҚЎШНИ ВИЛОЯТЛАР ЎҚИТУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТИ

НАВОИЙ ВИЛОЯТ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ШАМУРАТОВ МАРАТ ХАЛМУРАТОВИЧНИНГ ОЛИС ҲУДУДЛАРДАГИ УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИДА ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ЮЗАСИДАН НАВОИЙ ВИЛОЯТ ВА ҚЎШНИ ВИЛОЯТЛАР ЎҚИТУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТИ

Навоий вилоят халқ таълими бошқармаси

Мамлакат тараққиёти, миллат фаровонлиги, ёшлар саодати илмга боғланганлиги айни ҳақиқат. Мактаб ўта мураккаб, заргар меҳнатининг маҳсули каби нозик ва ноёб тизимдир. Кейинги йилларда таълим, айниқса халқ таълимини сифат ва мазмун жиҳатидан янги поғоналарга кўтариш мақсадида ҳукумат, бинобарин давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маърифатпарвар боболаримиз айтганидек: “Тарбия биз учун ё ҳалокат, ё саодатдир”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар меҳнатини янада рағбатлантириш, бўш иш ўринларини тўлдириш ҳамда жойларда малакали кадрларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида Юртбошининг 2021 йил 11 январда “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4940-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳаётбахшлиги шундаки, малакали мутахассисларни иш фаолияти унумдорлиги ва самарадорлигини тўла, қонуний жиҳатдан кафолатлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, ислоҳотлардаги иштирокини таъминлашга қаратилган.

Қарорга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб, олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг  50 баравари (12 250 000 сўм) миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари    (490 000 сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаб борилади. Ҳар ойлик пул компенсацияси олий маълумотли мутахассис ишга қабул қилинган ойдан бошлаб 36 ой мобайнида тўланади, бунда ходим ушбу ҳудудда шахсий уй-жойга эга бўлганда, унга хизмат турар жойи берилганда ёки у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда пул компенсацияси тўлаш тўхтатилади.

2021 йил 1 мартдан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудулардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифали ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинган. Бунда:

бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;

бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхати Халқ таълими вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан аниқланади ва жорий йилда 15 февралгача, келгуси йилларда 1 сентябрга қадар Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Шу ўринда масалага қисман аниқлик киритиб кетишни лозим топдик. Мисол учун, таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактабида олдий тоифали бошланғич таълим ўқитувчиси 10 соат дарс беради. Унинг иш ҳақи жамғармаси 1 754 782 сўмни ташкил этади. Агар ПҚ-4940-сонли қарорга асосан 50 фоиз устама қўлланилса, ойлик иш ҳақи 2 475 240 сўм, бошқа вилоятдан келиб ишлаётгани учун 100 фоиз устама қўлланилса, ойлик иш ҳақи 3 195 697 сўмни ташкил этади. Бу ҳисобот даврининг апрель ҳолатига кўра ҳисоб-китоб.

Айни пайтда Навоий вилоятининг туман, шаҳарларидаги таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактабларида педагог кадрларга бўлган эҳтиёж ва вакант соатлар аниқлаб чиқилган. Маълумотга кўра:

Қизилтепа туманида 3 та таълим йўналиши бўйича 28 соат, Хатирчи туманида 10 та таълим йўналиши бўйича 90 соат, Учқудуқ туманида 9 та таълим йўналиши бўйича 108 соат, Нурота туманида 1 та мактаб директори штат бирлиги, Томди туманида 22 та таълим йўналиши бўйича 94 соат вакант мавжуд. Вилоятнинг олис ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактабларида педагогларга бўлган эҳтиёжнинг ҳануз сақланиб қолаётгани бу масалани қисқа муддатларда кўриб чиқиш ва ижобий ечимини таъминлаш зарурлигини кўрсатиб турибди. Зеро, дунё иморатлари орасида энг улуғвори бўлган мактабда таълим, тарбияда узилиш, бўшлиқ бўлмаслиги шарт.

Хатирчи туманидаги 49-, 58- ва 71-мактабларда 5 нафар, Учқудуқ туманидаги 2-, 6-, 14-мактабларда 3 нафар, Нурота туманидаги 22-, 28-, 37-, 38-, 41- ва 47-мактабларда 7 нафар, Конимех туманидаги 17 та умумтаълим мактабларда 17 нафар, Томди туманидаги 26 та мактабларда 26 нафар педагогларга талаб бор.

Азиз ҳамюртлар, ҳурматли педагоглар!

Учинчи Ренессансни рўёбга чиқаришдаги энг зарур ва мустаҳкам ижтимоий ҳалқа ҳисобланган ёшларни келажак учун дахлдор, замонавий билимлардан хабардор, рақобатбардош кадрлар, энг асосийси Ватан равнақи учун фидоийлик кўрсата оладиган авлод сифатида камолга етказиш – умуммиллий ҳаракат. Шундай экан, умумтаълим мактабларда Сизни кутиб турган бўш иш ўринларига жойлашинг ва миллат маърифати учун ўзингизни аяманг! Олис ҳудудларга бориб, эл фарзандларини ойдин йўлга олиб чиқишда Сизнинг ўз сўзингиз ва ўрнингиз бўлсин!

 

 

 


 


 




Report Page