НАРГИЗА ОДИНАЕВА
https://t.me/vaqt_manzili* * *
Тун. Қайдадир, нимадир чархланаётир:
Ўлимларга туташган йўл елкасида,
Ҳақиқатни уйғотган дор ҳалқасида,
Қабоқлари қизарган кун орқасида...
...Эй замин ёқалаб юриб кетганлар,
Умрини қор кечган, шамол ичганлар,
Бир каклик айланиб кўзимда донлар,
Тун. Қайдадир, нимадир чархланаётир.
Бахтнинг баҳосини савдога солма,
Ошиқ, товонингдан тиконни олма.
Нари бўл, бери бўл – ўртада қолма,
Тун. Қайдадир, нимадир чархланаётир.
Қўлингни тутиб тур, эй бемор дунё,
Эй мўътадил дунё, асов, шор дунё.
Бихти яккамахов, ғами ҳашар дунё,
Тун. Қайдадир, нимадир чархланаётир.
Бўғзида сўз куйган, кўзида йиғи,
Баҳодир, умрингда исённинг тиғи,
Бу такрор оҳанглар ишқнинг қобиғи,
Тун. Қайдадир, нимадир чархланаётир.
Дунё, шартларингдан уни озод эт,
Йўллари, дорлари кунига етсин!
Қайси алфоздадир дарёдан у бет –
Осмони оғриган ерларга кетсин.
Тун. Қайдадир, нимадир чархланаётир...