НАМАНГАН ВИЛОЯТИДА САЙЁР ҚАБУЛЛАР БЎЛИБ ЎТМОҚДА

НАМАНГАН ВИЛОЯТИДА САЙЁР ҚАБУЛЛАР БЎЛИБ ЎТМОҚДА


Наманган вилоятининг Косонсой, Тўрақўрғон, Наманган, Мингбулоқ, Поп ва Чуст туманларида фуқаролар учун сайёр қабуллар ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, жойида ҳал қилинмоқда ва уларни қийнаб келаётган саволларига жавоб бериб, яшаш шароитларни яхшилаш бўйича таклифлар қабул қилинмоқда. 

Мазкур сайёр қабуллар доирасида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раиси Баҳодир Эшмуратов ҳам юқорида зикр этилган туманлар аҳолиси билан учрашди. Учрашувлар давомида аҳолига акциядорлик жамиятининг фаолияти, ҳудудларда газ таъминотини яхшилаш бўйича бошланган лойиҳалар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Совуқ об-ҳаво мавсумининг бошланиши муносабати билан фуқароларнинг маиший эҳтиёжларини таъминлаш ва турар-жой биноларини иситиш учун “зангори ёқилғи”га эҳтиёж ортиб бормоқда. Раиснинг сайёр қабуллари давомида аҳоли томонидан газ баллонлари билан таъминлаш, табиий газ ҳисоблагичларини алмаштириш, марказий газ таъминоти тизимига уланиш ва бошқа масалалар билан мурожаатлар қилинди.

Хусусан, Косонсой туманидан Олимжон Носиров маиший фойдаланиш учун янги газ баллонига эҳтиёжи борлигини билдирди. Унинг мурожаати жойида ҳал қилинди. Яна бир мисол. Наманган туманида яшовчи Доно Дадамирзаева, ўғли ва унинг оиласининг эҳтиёжи учун қўшимча газ баллони билан таъминлаб беришларини сўради. Унинг мурожаати ҳам жойида ўз ечимини топди.

Қабул жараёнида тадбиркор Мўминжон Жалолов ҳам газ таъминоти билан боғлиқ ўз саволларини билан мурожаат қилди. Тадбиркор стоматология ва маиший хизмат кўрсатиш марказини қурган бўлиб, биноларни иситиш ва бошқа эҳтиёжлари учун газ таъминотига уланиш масалалари бўйича мутахассислардан жойига чиқиб, вазиятни ўрганиш асносида керакли маслаҳатларни олди.

Туман ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан суҳбат чоғида газ таъминоти шароитларини яхшилашга муҳтож хонадонлар борлиги аниқланди.

Мазкур хонадонларга бориб вазият ўрганилди ва муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатилди.Бундан ташқари, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш шартларини яхшилаш бўйича аҳолининг савол ва таклифлари тингланди. 

Газ баллонларини айланма усулда етказиб беришнинг янги механизмлари ва автоматлаштирилган газ ҳисобини юритиш тизимини жорий этиш бўйича ҳам аҳолига тушунтиришлар берилди. 

Наманган вилоятида фуқаролар учун сайёр қабуллар давом этмоқда.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати


Report Page