НАФС ВАСВАСАСИ
Туни билан дўконда навбатчилик қилган Шокир турли хил одамларнинг “ифори” анқиб турган тиқилинч автобусда арранг уйига етиб олди.
— Жин урсин бундай ҳаётни, қачон мен ҳам бундоқ одамга ўхшаб яшар эканман, пешонамга катта қилиб омадсиз деб ёзиб қўйибди —дея тўнғиллаб кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватига судралиб чиқди. Эшик олдига келганда юраги орқага тортиб тўхтаб қолди. Қўли бормай калитни эшик қулфига солди. Остонага кириши билан ошхона томондан аёл кишининг шаддод кулгиси эшитилди. Шокир эшикдан секингина мўралаб қаради. Акасининг хотинчаси қиқирлаб кулар, тинмай ноз-карашма қиларди.
—Қани менга ваъда қилган тилла занжирингиз, алдоқчи?, —деди Мадина Жасурнинг елкасини бармоқ учи билан силаб.
— Олиб бераман жоним, фақат бироз сабр қилгин. Тилла сендан айлансин.
— Қачон, қа-чон? Кейинги ойда синглимнинг тўйи ахир. Мен ҳам тўйхонага тиллаларимни ялтиратиб боришни истайман
— Хўп, Мади, олиб бераман, сўз бераман.
Жасур Мадинани ўзига тортиб қучоқлаб олди. Буни кўрган Шокирнинг ичи “тўкилиб“ кетди. Оёқ учида юриб индамай хонасига кириб кетди.
Шокир Мадинани икки йилдан бери танир эди. Улар университетда танишиб қолишган. Ўшанда Шокир иккинчи курс, Мадина эса биринчи курсга қабул қилинган янги талаба эди. Аввалига кутубхоналарда китобхонлик, уйгача кузатиб қўйиш, кейин гуллар, совғалар... Шу-шу бўлди-ю икковининг бўм-бўш кўксига муҳаббат ўти тушди.
Шокир ўртамиёна оила фарзанди. Отаси шофёр, онаси ўқитувчи, акаси кичик фирмада иш бошқарувчи бўлиб ишлайди. Ўзи кечаси шаҳар марказидаги катта маркетда тунги навбатчилик қилиб,чумчуқнинг тумшуғидай маош билан контракт пулини йиғади. Хуллас уйланиб, оила боқиш учун чўнтагида “хемири” ҳам йўқ. Мадина “Ўгай онам дадамни гиж-гижлаб қўймаяпти. Мени турмушга беришмоқчи. Ё совчиларингизни жўнатинг ёки мени бошқа безовта қилманг”, деб узил кесил орани очиқ қилди.
Орадан бир ой ҳам ўтмасдан акаси Жасур онасини айни Мадинанинг остонасига совчиликка жўнатди.
Кейин билса, Мадина бекорга Шокирдан ўзини олиб қочиб юрмаган экан. Укасига ўптириб, акасининг бўйнига осилиб юрганига салкам тўрт ой бўлибди. Ҳеч вақодан хабари бўлмаган Шокир аҳмоққа ўхшаб қизнинг “ўламан-дод” деган гапларига “учиб” юрган экан.
Йўқ, у тўйни тўхтата олмади. Бўлган гаплардан бехабар акасига “бу мен севган қиз, ундай қилманг”, дея айта олмади. Қўрқоқлик қилди, номус қилди. Тўй бўлди, каталакдек уйга келин тушди. Шокир тўй куни бўкиб ичди, даврага тушиб чунонам ўйнадики... Нафрат тўла кўзи билан оқ либосда ястаниб ўтирган Мадинага бутун аламини сочди. Мана бир ярим ойдирки, уй унинг учун ғурбатхона, жаҳаннамнинг оғзидек бир гап бўлиб қолган.
Шокир хонасига кириб кийимларини бир четга улоқтирди. Ранги оқариб, четлари титилиб кетган тўшакка ўзини отди. Кўзини чирт юмди-да ўтган кунларни бир эслади. Қачонлардир Мадина худди боягидек эркаликларини Шокирга ҳам қиларди. Боғдаги скамейкада ўтириб олиб, Шокирнинг қучоғида ўйноқилар, қиқирлаб куларди. Мажнунтоллар панасида қайта-қайта олинган қайноқ бўсалар тафти ҳамон Шокирнинг вужудини титратиб турарди. У нима қилсин, қиз бўлиб Мадина уялмаган ўтмишдан йигит бўлиб Шокир андиша қилсинми?! Ғирром тақдир ўйинларида инсонлар андишасизлик қилишга мажбурдек туюларди гўё.
Мадина анча вақтгача ўзини Шокирдан олиб қочиб юрди. Лекин бир уйда истаса-истамаса кўз-кўзга тушаверади. Тушга яқин Шокир ўқишга бормай уйга қайтганида келинойисидан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Мадина ўзининг қизил адрас кўйлагини кийиб хоналарни тозалаяпти. Шокир эшик ортидан аёлнинг тим қора, чиройли турмак қилинган сочларига, қизил адрас ичида шундоққина сезилиб турган қоматига тикилиб қолди. Мадина унчалик ҳам кўркам қиз эмасди, аммо ундаги қандайдир дилгирлик, шаддодлик, майин овоз, жонни олувчи нозик ҳаракатлар кишини ўзига боғлаб қўяр эди. Шокир айни мана шунинг учун унга ошиқ бўлганди. Ҳозир ҳам қалбида унинг ёнига турткиловчи эриш туйғу жунбушланиб турибди. “Сен меники бўлишинг керак эди, Мади фақат меники. Сен жирканч ёлғонларинг билан мени алдадинг. Ҳаётимни остин-устун қилиб юбординг” , деб хаёлан у билан гаплашарди.
— Вой! Сиз... Қачон келдингиз? — Мадинанинг қўққисдан чиққан овози Шокирни чўчитиб юборди.
— Менми? Ҳозир келдим... Мен, ҳалиги...
— Тушлик тайёр, истсангиз чиқинг. Ҳозир акангиз ҳам келиб қолсалар керак.
— Хўп...
Шокир хонасига томон бурилди. Айтмоқчи бўлган гаплари бўғзида қолиб кетди. У хаёлидан ўтказганлари учун ўзидан нафратланар, ҳаёлнинг турли кўчаларида кезиб ўзини билмай бежо юрарди.
Шокир атайлаб қора калта шортик ва майкасини кийиб тушлик учун ошхонага чиқди. Нега бундай қилганини ўзи ҳам билмайди. Мадина дастурхон тузаб чой узатди. Шу топда пиёла ушлаб турган қўллари дағ-дағ қалтирар, кўзини Шокирнинг очиқ танасидан нари олишга тиришарди.
— Акам келяптими? — тулки қараш қилиб сўради Шокир.
— Билмасам, боя раҳбар келиб қолди, боролмайман дегандек бўлувдилар
— Ҳмм... Ойим қаерга кетганлар?
— Эртага холажоннинг туғилган куни экан. Ул-бул оламан деб бозорга кетгандилар
Шокир рўпарасида ўтирган Мадинани обдон кузатди. Икки кўзи қисилиб, лаби титраб кетди.
— Мади..., деди Шокир ғалати оҳангда.
Мадина бир сесканиб тушди.
— Нега ундай қилдинг? Уялмадингми? Сени севардим, ғуруримни, муҳаббатимни бир пул қилдинг
— Мен... Мен сизнинг акангиз эканлигини билмаган эдим
— Билмаган эдинг? Бу баҳона бўла олмайди! Сен менга хиёнат қилдинг. Номардларча юзимга оёқ қўйдинг!
— Сиз мени тушунмайсиз! Мен севиб қолдим! Жасур акам мени ақлдан оздирди. Бундай бўлишини истамагандим, мен... мен...
Мадина аввалига қизариб кетди, гапини тугаллай олмай йиғлаб юборди.
Шокир индамасдан туриб кетди. Шомга яқин ухлаб қолди. Тушида Мадина билан тўйи бўлган эмиш, тўйхона эшиги тагида акаси унга кулиб қараб турибди, аммо икки кўзидан ёш эмас, қип-қизил қон оқаётган эмиш. Шокир сесканиб уйғониб кетди. Атроф ним қоронғу, жим-жит. “Йўқ, йўқ, ака мен... Мен сизга хиёнат қилмайман, акажон, мени кечиринг ака!” У бармоқлари билан сочларини маҳкам ушлаб, бақириб юборди. "Йў-ўқ” Шовқинни эшитиб онаси югуриб кирди.
— Ҳой, Шокир, болам нима бўлди? Нега бақирасан?!
У ўғлини маҳкам қучоқлаб олди. Дераза олдида турган сувни олиб Шокирга тутди.
— Йўқ, ҳаммаси яхши. Ёмон туш кўрдим шекилли. Ойи, мен ҳаммангизни яхши кўраман. Мен акамни... Мен уни яхши кўраман, ойи!
Соат тунги ўн иккига бонг урди. Шокирнинг кўз ўнгида тинмай акаси гавдаланар, Мадина ва ўтган кунлари ич этини емирар эди. У ўзига ўзи таслим бўлди. Вужудини ўйиб турган оғриқ билан дераза ойнасини очди...
***
Тонг отди. Онаси ўғлидан хабар олиш учун хонасига кирди. Аммо у ерда Шокир эмас, бир парча қоғоз турар эди. "Дада, ойи, мен уйдан бош олиб кетяпман. Ўқишимни чет элга кўчирдим. Менимча, ҳаммамиз учун шу йўл яхши. Сизларни яхши кўраман, кўришгунча, ўғлингиз Шокир"...
Учқуной Мардиева.