НАФС

НАФС

Шаҳло ТОШБЕКОВА


Гулнора эри вафот этганидан сўнг анча қийналиб қолди. Маракаларни ўтказиш учун эшигидаги иккитагина қўйни сотишга мажбур бўлди. Яна қарз ҳам кўтарди. Бу ёқда уч бола. Ейман-ичаман, кияман деб турибди.

Бундай пайтда туғишганларинг ҳам ўзини тортар экан. Бир-икки сўм ёрдам берган бўлдилар-у, кейин қораларини кўрсатмай кетишди. Гулнора ўзи ёниб, ўзи ўчаётган кунларда қўшни аёллардан туман марказида янги очилган тикувчилик цехига ишчилар олинаётгани ҳақида эшитиб қолди. Қўшнисининг:

- Гулнорахон, бичиш-тикишдан хабарингиз бор, бормайсизми? Шароитингизни тушунтирсангиз, албатта, сизни ишга олишади, - деган гапидан сўнг унда ҳам умид уйғонди. Эртаси куни катталарини уйга қамаб, кичигини етаклаганча тикувчилик цехини излаб топиб борди. Корхона бошлиғи бамаънигина одам экан. Уни сабр билан тинглади.

- Эртадан иш бошлашингиз мумкин. Бошқаларни бир ҳафтадан кейин, аниқроғи, ишини кўриб, синаб, кейин ишга қабул қилаяпмиз. Сизга эса эртадан бошлаб маош ёзила бошлайди. Фақат мени бир нарса ўйлантириб қўйаяпти, - деди корхона бошлиғи.

Гулноранинг юраги шув этди.

- Нима? – деди шоша-пиша.

- Катталари-ку, мактабга чиқаркан, мана бу кичкинангизга ким қарайди?

- Бундан хавотирланманг, унга қарайдиган одам топаман, - деди Гулнора келинойиларини назарда тутиб.

- Шошманг, бундай қилсак-чи, шу ердан беш юз метр нарида болалар боғчаси бор. У ерда менинг синглим ишлайди. Агар рози бўлсангиз, айтаман. Болани боғчада бўлгани яхши эмасми?

- Шундай-куя, лекин боғча пулини тўлашга…

- Униям тўғрилаймиз.

- Раҳмат, сизга. Бу яхшилигингизни ўла-ўлгунча унутмайман. Мендан қайтмаса…

- Майли, яхши боринг. Эртага болани ҳам бирга олиб келаверинг.

Гулнора шу кундан бошлаб кўзини очиб атрофга бошқача назар билан қарай бошлади. Кечагина ҳам ўзини дунёдаги энг бахтиқаро аёл ҳисоблаб юрганди. Бугун ҳаммаси бирданига ўзгарди. Ишлайди, бировга зориқмай яшайди. Болаларининг уддасидан чиқади. Уларни ўқитади, бир куни роҳатини кўрганида, бу азоблари унут бўлиб кетади. Дуолари Яратганга етиб бордими, уни яхши одамга рўбарў қилди. Тўхта…

Бир ёмон ўй аёлнинг миясига яшиндай урилди. «Бу яхшиликлари ортида қандайдир мақсади бўлса-чи? Унда нима қиламан? Эримнинг ўлганини бекор айтибман. Ўзим ҳам соддаман, гўлман. Энди у бева экан деб… Нима қилай, эртага бормай қўяқолсаммикан? Унда қаердан иш топаман? Болаларим эртага мактабга чиқади, уларга кийим-кечак, дафтар-китобини қаердан олиб бераман? Нима қилсам экан???»

Гулнора туни билан беҳуд хаёллар оғушида тўлғониб чиқди. Эрталаб юрагини ҳовучлаганча йўлга тушди.

- Юринг, аввал манави ширинтойни ўртоқларига қўшиб чиқайлик, кейин сизга иш жойингизни кўрсатаман.

Гулнора боласини етаклаганча, салобатли бошлиқнинг ортидан эргашди. «Унақа одамга ўхшамайди». Шугина сўзлар унга далда бўлиб турарди.

- Боғчамизда камқон болалар ҳам тарбияланади, ҳам даволанади. Шунинг учун бепул. Менимча, сизнинг ўғлингизда ҳам бу касаллик бор. Бу сезилиб турибди. Эрта-индин ҳужжатларини тайёрлаб келсангиз бўлди. Бола ҳозир қолаверсин, - деди истаралигина аёл мулойимлик билан.

- Раҳмат, опа.

Улар яна корхонага қайтишди.

- Бу ерда ётоқхона жиҳозлари тикилади. Сиз ҳозирча шу ерда ишлаб турасиз. Қўлингиз келиб қолганидан сўнг болалар кийимлари тикиладиган цехга ўтишингиз мумкин. У ерда маош анча юқори, шунга яраша иш ҳам нозик, - корхона бошлиғи шовқин солиб ишлаб ётган тикув машиналари орасига бўйлаб, кимнидир излади ва топди шекилли, уни чақирди. – Зиёда опа, мана бу аёл янги ишчимиз. Унга ўзингиз иш ўргатасиз. Майли, яхши ишланглар.

Гулнора ишга шўнғиб кетди. Ҳамкасб аёллар, қизлар билан бўлиб, дарди ариди. Юзига табассум югурди. Иккинчи ҳафтадаёқ қўлига маош тегди. Шу куни рўзғорга энг керакли нарсаларни харид қилди.

Ҳаммаси бир маромда кетаётувди. Агар Гулнорани шайтон йўлдан урмаганида…

Ўша куни у байрам муносабати билан берилаётган мукофот пулини олиш учун бошлиқнинг хонасига бораётганди. У хонага етай деганида, бошлиқ бир киши билан чиқиб қолди.

- Сиз хонага кириб ўтира туринг, мен ҳозир, - деди бошлиқ ва бояги киши билан ташқарига чиқиб кетди.

Гулнора хонага кирди. Эшик олдидаги стулга чўкди. Хонани томоша қила бошлади. Орадан бир-икки дақиқа ўтди. Ногоҳ Гулноранинг кўзи бошлиқнинг столи ёнида, полда турган елим халтага тушди. Халтанинг оғзи очиқ, ундан пачка-пачка пулларнинг бир чети кўриниб турарди. «Кўплигини! Умримда бунақа кўп пулни кўрмагандим. Қанийди, ҳеч йўқса биттаси меники бўлса…»

Гулнорани титроқ босди. Балки шу онда унинг кўнглидаги нафс иймонидан ғолиб келгандир? Нима бўлганда ҳам, у шошиб ўрнидан турди-да, халтадан бир пачка пулни олиб, фартуги тагига беркитди. Ундаги титроқ баттар кучайди. Пулни уч-тўрт жойига беркитди. Охиргисидан кўнгли бироз хотиржам тортган ҳам эдики, эшик очилиб бошлиқ кириб келди. Гулнора шошиб ўрнидан турди. Унинг кўзлари бежо боқарди атрофга.

- Ўтиринг, ўтираверинг. Аввало, байрам муборак.

- Раҳ… Раҳмат.

- Нима, мазангиз йўқми? Кўринишингиз бошқача?

- Йў… Ҳа, сал этим учиб турувди... – Гулнорани муздек тер босди.

- Ўзингизни эҳтиёт қилинг, бугун ишдан эртароқ қайтсангиз ҳам майли. Мана бунга имзо чекинг, мукофотингизни олинг.

Гулнора титроқ қўллари билан қоғозга қўл қўйди. Бошлиқ узатган пулларни олди-ю, ўзини эшикка урди.

Цехдаги гардероб ёнига келиб, маошини ва ўғирлаган пулини сумкасига жойлади. Шу ерда ўзини бироз босиб олди ва иш ўрнига қайтди. «Ишқилиб, билиб қолмасин-да», деган хавотир билан ишини қандай тугатганини ҳам билмади. Кўзи цех эшиги тепасидаги катта соатда бўлди, тезроқ бу ердан чиқиб кетиши керак.

Аммо у тикув машинаси атрофини йиғиштираётганида, цехга… қўлида целлофан халта кўтарганича… бошлиқ ва бош ҳисобчи кириб келди. Гулнора «тамом бўлдим» деди ўзига. Иккиси ҳам тўғри унинг ёнига келарди. «Тамом, ҳозир ҳамманинг олдида шармандам чиқади. Нега бундай қилдим? Менга шунча яхшилик қилган одамнинг юзига оёқ қўйдим-ку. Энди бу ердан ризқим қийилади. Ўз-ўзимни бадном қилдим-а!!!»

- Гулнорахон!

- А? Нима?

- Тинчликми, рангингизда ранг қолмабди? Мен сизга эртароқ қайтсангиз ҳам майли дегандим-ку? – деди бошлиқ.

Гулнора бошлиқнинг кўзларига қаролмас, тили ҳам калимага келмас, ўзининг икки кўзи эса елим халтада эди.

- Гулнорахон, - сўз бошлади ҳисобчи дўриллаган овозда. Гулноранинг қулоқлари шанғиллай бошлади. Ҳисобчининг овози унга олислардан эшитила бошлади: - Корхонамизда ҳар байрамда кимгадир ёрдам бериш анъанага айланган. Раҳбарият ходимлари билан келишиб, бу гал сизнинг оилангизга қўлдан келганча ёрдам қилишни ният қилгандик. Сизга бир сигир сотиб олишга етарли пулни бермоқчи эдик, афсуски... Ҳа, майли. Озроқ бўлса-да, мана шу пулни олсангиз. Рўзғорингизга ёрдам-да. Марҳамат, баракасини берсин!

- Олмайсизми?

- Ўзини йўқотиб қўйди, бечора!

- Ажойиб корхонада ишлаймиз-да, буям бахтимиз.

- Гулнорахон, намунча талмовсирайсиз?

Атрофдан эшитилаётган овозлардан аранг ўзига келган Гулнора бош ҳисобчи қўлидаги халтага қўл чўзди.

- Йўлда эҳтиёт бўлиб кетинг-а! – ҳазиллашди бошлиқ.

Гулнора ҳазин жилмайди. Бу жилмайиш саховатдан қувонишдан кўра ўз-ўзининг устидан кулишга ўхшаб кетарди. Кўксини эса бир олов аёвсиз куйдирарди…

Report Page