НАФС – ТУБСИЗ ЖАРЛИК
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти

Ҳамма ҳам ҳаётда адашади, деймиз. Муҳими, кишининг ўз хатосидан тўғри хулоса ола билишида. Аммо Собир (исми ўзгартирилган) билан бундай бўлмади. У илгари ҳам бир неча маротаба жиноятга қўл урганди. Бунинг учун унга чора ҳам кўрилишига қарамай, яна нафсининг қулига айланди.
“Термиз-Сифат-Сервис” МЧЖда Собирнинг яхшигина иши бор эди. Меҳнат қилиб, ризқ терганга нима етсин, ахир. Аммо бир куни у кассадаги пулларни кўриб, ўзгариб қолди. Пуллар кўзига чўғдек оловланиб кўрина бошлади. Нафси устунлик қилиб, нияти бузилди. Пулларга эгалик қилишни истади.
Режасига кўра, иш вақти тугагач, кечки 23:00лар атрофида касса жойлашган хонанинг кичик деразаси орқали ичкарига кириб, у ердаги 1250 АҚШ доллари ва 4 миллион сўм пулни олиб, кўздан ғойиб бўлди.
Собир Эртаси куни ишга борди. Ҳеч ким унга шубҳа билан қарамаяпти, демак, сезишмабди, деб ўйлади. Пулларни эса худди меҳнат қилиб, топгандай шахсий эҳтиёжларига ишлатишни бошлади.
Орадан бирор ҳафта ўтиб, у яна ўғирликка тушди. Бу гал кассадан 600 АҚШ доллари ва 15 миллион сўм миқдоридаги пулларни, кейинги сафар яна 200 минг сўмни ўмарди.
Қинғир ишнинг миси чиқмай қолармиди? Корхона ходимлари биринчи ўғирлик содир этилгандаёқ хонага кузатув камераси ўрнатишганди. Ундаги тасвирлар эса Собирнинг сирини фош этди.
Ҳодиса бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берилгач, Собир қилмишига яраша жазосини олди.
Эгри йўлнинг охири войлигини, нафс эса кишини тубсиз жарликка томон етаклашини у энди англаб етса ажабмас.
Феруза Раҳмонқулова,
“Постда” мухбири