НАФАС ОЛГАНЛИК УЧУН 20 ДОЛЛАР? ҚЎЙСАНГЧИ, КАРЛ!

НАФАС ОЛГАНЛИК УЧУН 20 ДОЛЛАР? ҚЎЙСАНГЧИ, КАРЛ!

@fayzboguz

Машҳур америкалик сиёсий арбоб ва ёзувчи Бежамин Франклин “Бу дунёда фақат икки нарса муқаррар: ўлим ва солиқлар”, деб айтиб ўтган эди.  Ваҳоланки, бежизга бу ерда “ўлим” бирлик сонда, “солиқлар” эса кўплик сонда ишлатилмаган. Инсон бир маротаба вафот этсада, солиқлар тўланиши ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Кўпинча, бир вақтнинг ўзида бир нечта солиқ тўлашимизга ҳам тўғри келиб қолади. Ҳатто, бутун инсониятга нафи теккан илмий кашфиёт ва ихтиролар қилган Нобель мукофоти совриндорлари ҳам солиққа тортилган бир даврда бизники нима бўпти, дерсиз. Бунисигаям майли, тўласак тўлайверамиз, лекин дунёнинг баъзи мамлакатларида фуқароларга шундай бемаъни солиқлар жорий этилганки, уларни эшитиб кулишниям, йиғлашниям билмай қоласиз. Қуйида тақдим этиладиган ажабтовур солиқлар ҳақидаги маълумотларни ўқиш асносида кулиш ёки йиғлашингиз ўзингизга ҳавола.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланганлик учун солиқ

Олис Африканинг Уганда деган давлатида икки йилдан буён фуқаролар катъий ўрнатилган ижтимоий тармоқлардан фойдаланганлик учун солиқ тўлашга мажбур бўлмоқда. Ушбу турдаги солиқ жорий этилиши бўйича қарама-қаршиликлар мавжуд бўлсада, ноилож аҳоли кунига 200 шиллинг (0,05 $) маблағини Whatsapp, Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқ сайтлари ва иловаларидан фойдаланганликлари учун ҳукуматга тўлаб келмоқда. Мамлакат президенти Мусевенининг айтишича, янги солиқнинг жорий этилиши ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил ғийбатларни назорат қилишда наф берар экан. Мусевени 2016 йилдаги президентлик сайловида ёлғон ташвиқот олиб борилмаслиги учун барча ижтимоий тармоқларни блоклаб қўйган эди.

Блоггерлик фаолияти учун солиқ

Танзанияда блоггер бўлишни истовчилар аввало ҳукуматга марҳамат қилиб йилига 440 $ пулни тўлаб қўйишлари лозим.  2018 йилдан кучга кирган қонунга мувофиқ, барча онлайн контент яратувчилар лицензия олиб,  юқорида келтирилган миқдордаги йиллик солиқни тўлаб боришлари жоиз.

Ит солиғи

Швейцарияда яшовчилар ит боқадиган бўлишса, дастлаб йиллик ит солиғини тўлаб қўйишлари керак ёки ит отиб ўлдирилади. Солиқ қатъий ставкага эга эмас ва итнинг катта-кичиклига боғлиқ. Ҳар қандай солиқ тўловида бўлганидек, бу солиқдан ҳам қочмоқчи бўлганлар топилган ва эгалари йилига 48.50 $ солиқни тўламаганлиги оқибатида Реконвилиер қишлоғида 2019 йилда бегуноҳ 280та ит ўққа нишон бўлган. Энг ажабланарлиси, 1904-1960 йиллар оралиғида ит солиғи тўламаганликлари учун ит эгаларининг ўзлари отиб ўлдирилган.

Дин солиғи

Германияда католик ва протестант мазхабидаги немислар даромадларининг 8-9 % ини черковнинг молиявий таъминоти учун солиқ сифатида тўлашлари белгиланган.  Солиқни тўлашдан қочишнинг ягона йўли черковни расман тарк этишдир. Бироқ, бу баъзи ноқулайликларга сабаб бўлади, яъни черковни тарк этган немис дафн маросимларида иштирок этишдан, давлат боғчалари ва мактабларидан ҳам мосуво бўлади. 2014 йилда даромади миқдорини ошкор этишни истамаган 200,000 нафар германиялик черковни расман тарк этган.

Нафас олганлик учун солиқ

Хулоса қилишга шошилманг: Венесуэлада нафас олганлик учун солиқ аслида Каракасдаги Майкета халқаро аэропортидан учиб кетувчи йўловчиларга нисбатан жорий этилган ва солиқ миқдори 127 боливар (20 $)ни ташкил этади. Солиқдан тушган пуллар аэропортда янги ўрнатилган ҳавони фильтрлаш тизими учун ишлатилади. Баъзи венесуэлаликлар ижтимоий тармоқларда бу қарорни масхаралаб, аэропорт банкрот бўлган, деб ёзишган.

Смартфон ва планшетлар учун солиқ

2013 йилда Францияда янги ва оламшумул солиқ тури жорий этилди: эндиликда сотиб олинган ҳар бир смартфоннинг умумий нархининг 1 % қисми француз кинематографияси, мусиқа ва санъатини молиялаштиришга йўналтириладиган бўлди. Солиқ солишдан француз  маданиятини АҚШ фильмларидан ҳимоя қилиш мақсади ҳам кўзланган.

Порахўрлик ва ўғрилик учун солиқ

Кўпчилик орзуларини боғлайдиган AҚШда таниш-билиш, амма-тоғаларни ишга солишингиз қонунан мумкин, фақатгина солиғини тўлаб қўйсангиз бўлди. Штатлар қонунчилигида пора олган, гиёҳванд моддалар савдоси орқали даромад топган ва чўнтаккесарлик қилганлар ўзлари қўлга киритган миқдорнинг маълум қисмини ноқонуний даромад солиғи сифатида давлат бюджетига ўтказишлари кераклиги белгиланган. Теннесси штатида бирор гиёҳванд модда сотаётган жиноятчи қўлга олинган тақдирда, агар ноқонуний даромад солиғи тўланганлиги ҳақида квитанция кўрсата олса, озодликка кўйиб юборилади. 1930 йиллардаги машҳур америкалик гангстер Ал Капоне ҳам жиноят оламидаги вахший қилмишлари учун эмас, айнан ушбу солиқни тўламаганлиги учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Сеҳргарлик учун солиқ

XXI асрда одамлар деярли ишонмай қўйган сеҳргарлик, тақдирни олдиндан айтиб бериш ва мунажжимлик учун ирим-сиримларга жуда ишонадиган Руминияда алоҳида солиқ тури жорий этилган бўлиб, унинг миқдори даромаднинг 16 % этиб белгиланган. Янги солиқ хабарини эшитган жодугарлар Данубе дарёси устида тўпланиб, сувга катта офат келтирувчи ўсимлик ташлаш билан таҳдид қилишган.

 Телевизор ва радиога эгалик учун солиқ

1970 йилларда Германия уйида радио ва телевизори бор фуқароларга ойига 20 $ тўловдан иборат махсус солиқ жорий этди. Бу солиқ телевизион ва радио тармоқларини молиялаштириш учун ишлатилади. Солиқ 2013 йилда оммавий тартибсизликларига сабаб бўлди, чунки ҳукумат телевизор ёки радиоси йўқларни ҳам солиқ тўлашга мажбур қилган. 

Хуллас, юқорида қайд этилган солиқлар у ёки бу доира манфаатлари юзасидан жорий этилганлигини ҳисобга олиб, янги солиқлар киритилиши бўйича асосий солиқ тўловчи субъектлар бўлган оддий халқ фикрини билиб, ундан кейингина хомчўтни бошлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, солиқ факат бешта ҳарфдан иборат сўз эмас, балки одамларнинг ўзлари яшашни истаган муҳит учун қилган катта миқдордаги тўловларидир.


#ЁшИстеъдод учун Сожида тайёрлади

Report Page