"Мусибатдаги аёллар" мавзусидаги воқеаларни кузатиб бормоқдамиз.
https://t.me/SShMirziyoyevaДўстларим!
Биз, ҳозирги кунда журналистлар ҳамжамияти билан биргаликда иккита шов-шувли ҳолатни бирлаштирган "Мусибатдаги аёллар" мавзусидаги воқеаларни кузатиб бормоқдамиз.
Мен учун, ҳам аёл, ҳам она ва гендер тенглиги комиссиясининг аъзоси сифатида бу жуда муҳимдир!
Биринчи ҳолат — Тошкент вилоятининг бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева.
Мен унга қўйилган айбловларнинг қонуний ёки ноқонунийлигини ҳеч қандай баҳоламоқчи эмасман, бу суднинг мутлоқ ваколати. Аммо сизнинг эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, энг кичиги атиги икки ёшда бўлган олтита фарзанднинг онаси судгача қамоқда сақланмоқда. Бизнинг қонунчилигимиз, бошқа ривожланган мамлакатлар қонунчилиги сингари, эркакларникига қараганда аёллар учун бироз кўпроқ имтиёзларни ўз ичига олади. Бунга мисол сифатида аёл кишининг ҳомиладорлиги ёки вояга етмаган фарзандлари борлиги унга енгиллаштирувчи ҳолатлар тақдим этиши мумкин. Бу ҳам инсонпарварликнинг бир тури. Гулжаҳоннинг “ишида” нега қонун бу қадар қаттиқ ва қатъий? Олти бола билан қаергадир қочиб қутулиши мумкинми? Наҳотки судгача қамоқда сақлаш бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ягона йўли бўлса? Жиноят-процессуал қонунчилигида бошқа таъсирчан эҳтиёт чораларини қўллашга нима халақит беради?
Ҳибсга олиш — бу кучли стресс ва шахснинг маънан синдирилишидир. Айниқса, уйда ёш болаларингиз бўлганида... Шунинг учун Тошкент вилоятининг прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишларини сўраб қоламан.
Иккинчи даҳшатли воқеа — Наманганлик Гуландом Дадабоеванинг ўзини ўзи ёқиб юбориши. https://www.gazeta.uz/ru/2020/10/02/arson/
Унинг онаси ва икки фарзанди қолди. Бу аёллар уларга бошқа бировнинг уйини сотиб юборган фирибгарнинг қурбонига айландилар ва фирибгар эса жинояти учун қамоққа тушди. Мулк ҳақиқий эгаси томонидан талаб қилинган ва суд аёлларни болалари билан биргаликда чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилган.
Бундай даҳшатли ҳолатга қўл урган бу аёлнинг чорасизлигини тўлиқ тушуниб турибман.
Ва қонунчилигимизни бу борада номукаммал деб ҳисоблайман. Фирибгарлар қўлига тушиб турар жойларидан айрилиб ва том маънода кўчада қолган ҳолатлар фақат бу аёлдагина учрамайди. Фирибгарлар қамоққа олинишлари мумкин, лекин моддий зарарни бармоқ билан санайдиганлари қоплайди, халос. Бу ҳолда, менинг нуқтаи назаримдан, фирибгарлар давлатга қарздор бўлиб, қонун олдида жавоб беришлари керак. Давлат эса ўз ўрнида шундай фирибгарлар гирдобига тушиб қолган инсонларга шу каби муаммолардан чиқишига ёрдам беришлари лозим.
Албатта, “одамлар ўзлари айбдор, жуда соддалар” – деб айтиш мумкин. Бироқ, бунда давлатнинг ҳам айби бор. Қишлоқ аёллари барча қонуний ҳуқуқларини қаердан билишсин? Уларга ҳамма нарсани текшириб, ҳеч кимга ишонмасликни ким ўргатган? Битимни расмий нотариус томонидан қонунийлаштирилиши қандай юз берди?
Бундай саволлар фожиалар содир бўлишидан олдин берилиши керак! Бу каби ҳар қандай ҳолат узоқ ва жиддий терговни талаб қилади. Ва бундай ҳолларда ҳар доим норасида болаларни ҳисобга олмоқлик лозим! Уларнинг ҳеч қандай айби йуқ, лекин улар ҳам катталар билан бирга жазоланмоқдалар.
Мен, депутатлар бу масалаларни муҳокама қилиб, ночор аҳволга тушиб қолган ва алданганлар учун ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлашларини жуда-жуда истардим. Ҳеч ким борар жойи йуқ аҳволга тушиб қолмаслиги керак!