Мусиқа илми ва инновация

Мусиқа илми ва инновация

“Маънавий ҳаёт” журнали. 2024 йил 2-сон.

Мусиқа йўналишидаги анъанавий таълим усули ўқувчиларни тайёр билимларни ўзлаштиришга ўргатади. Бунда ўқитувчининг шахси асосий ўринни эгаллаб, ўқувчи жараённинг пассив иштирокчиси ҳисобланади. Бугунги давр талабларидан келиб чиқсак, анъанавий таълимнинг самарадорлиги етарли эмас. Кундан кунга интерактив методлар, инновацион педагогик ва ахборот технологияларини ўқув жараёнига киритиш долзарб бўлиб бормоқда. Инновацион услублар ўқувчиларни мустақил ўрганишга, таҳлил қилиш ва эгаллаган билимларидан хулоса чиқаришга ўргатади. Бу ўқитиш жараёнида ёшларнинг фаоллигини таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш, самарадорликни оширишда катта аҳамиятга эга.

Таълим жараёнида инсон ўқиганининг 10 фоизини, эшитганининг 20, кўрганининг 30 ҳамда мустақил бажарганининг 90 фоизини ўзлаштирар экан. Айнан инновацион услубларга асосланган вазифа ҳамда топшириқлар ўқувчиларнинг мустақил ўқиб-ўрганиши  учун қулай шароит яратади.

Ўқувчилар тиришқоқлиги, диққатини жамлай олиши, қобилияти ва бошқа сифатлари билан бир-биридан анча фарқланади. Янгича педагогик технологиялар эса ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиш имконини беради.

Сир эмас, айрим ўқув муассасаларидаги мусиқа дарслари муаллим фақат гапирадиган, ўқувчилар эса эшитадиган зерикарли машғулотга айланиб қолган. Чинакам дарс фикрлар алмашинуви, савол-жавоблар, мантиқли мунозаралардан иборат бўлмоғи керак. Эски услубдаги машғулотлар ўқувчиларни зериктиради.

Қуйида самараси амалиётда исботланган инновацион педагогик услублардан баъзиларини баён қиламиз.

«Ақлий ҳужум» ёки «фикрлар кураши» бирор масала ечимини гуруҳ шароитида топиш усули. Ушбу услубни ташкил этишда аввало ўқувчиларга муҳокама учун муаммо тавсия этилади. Ўртага ташланган ҳар қандай таклиф, ғоя эътирозсиз қабул қилинади. Асоссиз, мантиққа зид кўринган ғоялар муаллифларига нисбатан ҳам салбий муносабат билдирилмайди. Барча ғоялар бирма-бир муҳокама этилади. Фикрлар умумлаштирилади, таҳлил қилинади, асослилиги ва аҳамиятига кўра тартибга солинади. Сўнгра ягона тўхтамга келинади, уни тақдим этувчи вакил тайёрланади.

«Чолғуни топинг» усулида ўқувчиларга турли хил чолғу асбоблари сурати туширилган карталар берилади. Ўқитувчи бирор миллий чолғуда ижро этилган мусиқани эшиттиради. Ўқувчилар эса мусиқий асар қандай асбобда ижро этилганини қўлларидаги карталар орқали кўрсатади. Энг фаол қатнашган ва топқир ўқувчилар баҳоланади ва рағбатлантирилади.

Махсус ўйинлар ўқувчиларни бирлаштириш, фикр алмашиш, бир-бирини қўллашга ўргатиш мақсадида ташкил қилинади.

«Ролли ўйинлар» жараёни маълумотларни ўзлаштиришни енгиллаштиради. Энг муҳими, ролли ўйинларда барча қатнашади.

«Жуфт-жуфт бўлиб ишлаш» ўйинида ўқувчиларга жуфт-жуфт бўлиб ишлаш учун имконият берилади. Айниқса, бу ўйин вокал ансамбл, вокал қўшиқчилик, хор бўлиб куйлашда бирга ишлаш, айрим масалаларни изоҳлаш, энг яхши ечимларни тавсия этишда қўл келади.

«Бир-бирига сабоқ бериш»да ўқувчиларга ўзини ўқитувчи ёки эксперт ўрнига қўйиш имкони берилади. Улар матн, қўшиқ устида мустақил ишлаши ва буни бошқаларга тушунтириб беришлари керак.

«Ўзаро савол-жавоб»да ўқувчилар мавзу бўйича бир-бирларига савол беради. Саволлар ўқитувчиларга берилиши ёки, аксинча, ўқитувчи ўқувчиларга саволлар бериши мумкин.

«Муҳокама»да ўқувчилар муаммога ўз муносабатини билдиради ва шунга кўра бир неча гуруҳга ажралади. Гуруҳлар мунозарага киришади. Ким ўз фикрини ўзгартирса, бошқа гуруҳга ўтиши мумкин.

Шунингдек, «кластер», «мусиқани топ», «инсерт», «рақамларни танла», «синквейн», «биргаликда ўқиш», «эссе», «хотирани чархлаш» ва бошқа замонавий усуллар ҳам таълим сифатини оширишда самара беради.

Мусиқа дарсларида инновацион услублар, ёндашувлардан унумли фойдаланиш ўқувчиларнинг қизиқиши, иштиёқи, бадиий ижодкорлигини кучайтиради. Машғулотларнинг самарадорлиги ортади. Мусиқа таълимида замонавий методларни қўллаш, инновацион технологиялардан оқилона фойдаланиш педагогик жараёнга таъсир этувчи ва унинг самарадорлиги, яхлитлиги ва муваффақиятини белгилаб берувчи муҳим омилга айланди. Бу – ҳозирги давр талаби.

Муслимахон МАҲКАМОВА,

Ўзбекистон давлат консерваториясининг торли чолғулар кафедраси ўқитувчиси

“Маънавий ҳаёт” журнали. 2024 йил 2-сон.

Report Page