Мурожаатнома 2 ёхуд “муаммолар ва ечимлар”

Мурожаатнома 2 ёхуд “муаммолар ва ечимлар”

Ўзбекистон Республикаси ИИО фаолиятига оид янгиликлар канали.

Сизда ором қайда, сизда тин қайда,

Сиз тўйиб ухлаган битта тун қайда?

Эл-юрт оромини асраган зотлар,

Эл меҳри асрасин сизни ҳар жойда!

(Муҳаммад Юсуф)

Алам (умид) билан ёзилаётган Мурожаатномамизнинг 2-қисмини ҳам эълон қилиш вақти соати етди деб ўйлаймиз. Негаки орадан 15 кундан зиёд вақт ўтишига қарамасдан “ИИОлари тўғрисида”ги қонунга бағишланган (ижтимоий тармоқларда 16.09.2019 йил куни эълон қилинган) мурожаатимизга ИИВ “Жамоатчилик ва ОАВлар билан алоқалар бошқармаси” томонидан хеч қандай расмий муносабат яъни иқрорлик ёки раддия берилмади. (Ушбу 2-мурожаатномани ўқиётган азизлар, сизлардан шуни илтимос қилиб қолардимки: ушбу мурожаатномани мутолаа қилиб бўлганингиздан сўнг ушбу муржаатномада келтириб ўтилган инсонларга ушбу мурожаат етиб боришида кўмаклашинг. Яъни ушбу мурожаат шу ернинг ўзида жавобсиз қолиб кетмасин. Ўз муносабатингизни билдиринг, яқинларингизга улашинг)

Иккинчи Мурожаатимизнинг сўз бошини Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг сўзлари билан бошламоқчимиз: “биз баландпарвоз гап гапиришга ўрганиб қолганмиз, лекин ТИЗИМ йўқ, ТАРТИБ йўқ, ИНТИЗОМ мутлақо йўқ ички ишларда!.... халқимиз ички ишлар органларидан розими ? уларнинг фаолияти замон талабларига мос келадими-йўқми?.... ИИОлари фаолиятида сурункали тарзда қатор камчиликлар йўл қўйилмоқда...” Юқорида Давлатимиз раҳбари томонидан айтилган ушбу гаплар қуйи тизимлар, ижро органлари, ҳокимликлар, вазирликлар томонидан бажарилмоқдами (бажарилишига умид борми)?! Ёхуд ижрога қаратилмай фақат гап бўлиб қолиб кетдими ушбу сўзлар... Қачон Ўзбек халқининг бир вакили бўлган ИИОлари ҳодимлари биздан рози бўлишади бу кетишда??? Зеро Биринчи Президетимиз И.А.Каримов айтганлариидек: “ИИОлари ҳодимлари ҳам оддий бир инсон, аммо хамма ҳам ички ишлар органи ходими бўлолмайди (бугунга келиб хохламай хам қўйишмоқда)” Ушбу 2-мурожаатимизни бекорга муаммолар ва ечимлар деб номламадик. Негаки 1-мурожаатдаги муаммоларга етарлича ечим бор, фақат биз буни тан олишни, хал қилишни ҳохламаймиз ҳолос. Биринчи мурожаатимизга ИИВ “Жамоатчилик ва ОАВлар билан алоқалар бошқармаси” ёки бошқа маъсул ташкилотлар, интернет сайтлари, блогерлар томонидан ҳеч қандай расмий, шахсий, жамоавий, хеч бўлмаганда биздек мажбурликдан аноним муносабат БИЛДИРИЛМАДИ! Энг яхши восита- кўриб кўрмаганликка олинди. Ҳозирги куннинг “машҳур ва адолатсевар” блогери Хушнудбек Худойбердиев айтганидек “кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил!” деб кўз юмушди хаммасига. Шундай экан бугун ўзимиз ёритган муаммоларга ўзимиз ечим излаймиз. 

Демак ИИОлари тизими иш фаолиятини тартибга солмоқ учун нималар зарур? Қайси маъсул ташкилотлар, мутасадди органлар ва мансабдор шахслар ҳаракат қилмоғи керак?

1. Биринчи урғуни иш вақтига қаратмоқчимиз ва таклиф(эътироз) билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимларига ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилмоқчимиз.

Амалдаги қонунчилигикка мувофиқ Мехнат кодекси Ўзбекистон Республикасининг бутун худудида амал қилади. (мехнат кодекси 3-модда) Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш таъқиқланади.(мехнат кодекси 7-модда) Шундай экан ушбу нормалар ички ишлар органлари ҳодимларига нисбатан тадбиқ эътилмоқдами? Албатта йўқ! Ички ишлар органларининг иш вақти қонун билан аниқ хафтасига 40 соат этиб белгилаб қўйилган бўлишига қарамасдан ушбу орган вакиллари хафтасига 100 соатдан ошиқ вақт ишлашмоқда, навбатчиликдан чиқиб яна кечгача ишлаш муттасил давом этмоқда. Ҳўш ушбу ҳолатлар адолатданми? Ахир Мехнат кодексининг 115-моддасига кўра Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасида меҳнат муносабатларини асосий тартибга солувчи орган бўлган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига бир неча таклифларни илгари сурмоқдамиз. Чунки Мехнат қонунчилигига кўра Меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари амалга оширади. 1-таклиф ички ишлар органларининг иш вақти давомийлигини қаттиқ назоратга олиш ҳамда уларнинг ҳақиқий яъни реал иш ҳажми ва вақтини ҳисоблаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида ўрганишлар ўтказилсин. Ҳар бир худудий ИИОга худудий бандлик бошқармаларидан 1 ой муддатга биттадан ҳодим ажиратилсин ҳамда шу муассаса ҳодимларининг реал иш хажми, юклатилган вазифалари, хақиқий иш вақти тўғрисида (хаққоний, “Оллоҳ кўриб турибди” деган виждон амрини унутмай) ҳисоботлар тайёрлансин ва ушбу ҳисоботлар оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистон Республикаси ҳалқига очиқ тарзда эълон қилинсин. Ушбу хисобот натижаларидан келиб чиққан холда шу муассаса ходимларининг штатлар сонини зарур бўлган миқдорда ошириш чоралари кўрилсин. Негаки штатлар сони оширилмас ҳамда сокрашения (штатлар қисқариши) тугамас экан иш вақти муаммоси ҳеч қачон тугамайди, Давлатимиз раҳбари айтганидек давлат хизматчилари соат 17:00 дан сўнг уйларига кетишмайди, дам олиш кунлари оиласи билан бирга бўлишмайди. Чунки соғ танимизга ўйлаб кўрадиган бўлсак жиноятчи ИИО ходимининг иш вақтини танлаб жиноятга қўл урмайди. Шу сабабдан ҳам ИИОларида навбатчиликларни (айниқса ХПБда) тўғри ташкил этиш зарур. Биз оддий ИИО ҳодимлари ушбу мурожаатимиз билан кимнидир ишдан олиш ёхуд кимнидир пайини қирқишни ният қилмаганмиз. Бизнинг асосий мақсадимиз ўз оиламизга ҳам оз бўлсада вақт ажратиш ҳамда Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев айтганларидек ушбу тизимда тартиб (кун тартиби) ўрнатилишиги эришиш. Шу талабни ҳисобга олган ҳолда мутасадди рахбарлар ўз кабинетларингиздан чиқиб муаммоларни ўрганинг. Сиз статистика, нореал рақамлар, дабдабавозлик ва қарсакбозликка шунчалик ўрганиб қолдингизки, хали хамон шу хислар оғушида маст бўлиб юрибсизлар.

2-таклиф бу ҳудудий Ҳокимият органларига қаратилади.

Нега ҳар бир соҳада пешқадам бўлиб, байроқни қўлдан бермай бораётган вилоят Ҳокимликлари ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, уларга нисбатан бўлаётган ноҳақликларга чек қўйишга ташаббус билдиришмаяпти? Ҳар ойда бўлиб ўтувчи (тунги) йиғилишларида ушбу соҳани тартибга солиш, иш вақтини аниқ белгилаб олиш, ойлик маошини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида баландпарвоз нутқ сўзлашмаяпти? Ушбу нутқларини оммавий ахборот воситаларида чоп этиб, амалга оширган ишларини кўз-кўз қилишмаяпти? (қайтариб айтаман биз сизлардан нореал статистикани эмас, иш вақти, хажми, ушбу хажмга мос хажмдаги иш хаққини танқидий кўриб чиқишларингизни сўрамоқдамиз. Тан олишни, кабинетдан чиқишни, кўзингизни очиб виждон амри ила қарашни ўрганинг вилоят, шаҳар (туман) Ҳокимлари!)

3-таклиф (илтимос)ни Иш бор жойда камчилик бўлади деб номламоқчимиз!  

Бу таклиф фуқаролар ва мурожаатлар билан кам ишловчи (деярли ишламайдиган) ИИО ҳодимларига (айрим раҳбарларига) йўналтирилади. Сизларга мурожаатимиз шундан иборатки ўз қўл остингиздаги шахсий таркибингиз (асосан фуқаролар ва аризалар билан ишловчи, зиддиятли ҳолатларга кўп дуч келувчи) ҳодимларингиз билан муносабатларингизни тўғри тартибга солинг. Негаки ушбу ҳодимлар ўз иш фаолияти давомида зиддиятларга, асаббузарликларга, нохақликларга кўп дуч келишади. Уларни формасидан, хар хафта ёзиб борилиши керак бўлган (маърифат, буйруқ каби) дафтарларидан, юриш-туришидан арзимаган камчиликлар топиб буйруқ талабларини бузганини рўкач қилиб жазоламанглар. Бусиз ҳам улар билан боғлиқ зиддиятли ҳолатлар жуда кўп. Агар виждонан тан олсангиз ўзингиз ҳам билиб турибсиз. Ҳар доим ҳам ушбу кичик камчиликларни бартараф этишга бизни вақтимиз етмай қолади. Камчилик барча жойда, барча инсонда, жумладан ўзингизда ҳам бор. Бенуқсон фақат Оллоҳ! Иш бор жойда камчилик бўлади! Агар ушбу камчилик қонун бузилишига, жиноятга олиб келган камчилик бўлса унда ўйлаб ўтириш керакмас. Қонун барча учун баробар. Ўрнатилган тартибда чора кўринг. Натижа (результат) учун ишлашни тўҳтатайлик.

4-таклиф (талаб) Оммавий ахборот воситалари (жумладан блогер Х.Худойбердиевга) йўналтирилади!

Ҳозирги кунга келиб ўз ижтимоий саҳифаларида ЎЗБЕК халқини ҳимоя қилиб, ички ишлар органлари ходимларини “адолатсизлигини” фош этиб чиқувчилар кўплаб учрамоқда. Биз чет элдан туриб хаддини билмай гапираётганларни мисол қилиб келтирмайлик. Оддийгина ўзимизнинг “машҳур блогеримиз, ҳуқуқшунос” Х.Худойбердиевнинг мақолаларини мисол қилиб олайлик. Демак Х.Худойбердиевга биринчи савол сиз ўзи кимсиз? Журналист, блогер, хуқуқшунос, танқидчи, ТДЮУни кўзга кўринган собиқ талабаси, халқ химоячиси, адолат истовчи, бир сўз билан айтганда мукаммал ШАХС. Энди ўзингизга-ўзингиз виждон ила савол беринг инсонмисиз? Албатта ичимиздан биринчи навбатда “ха” деган жавоб келади. Чунки шахс миясида (инсонда эмас) ўзлигини химоя қилиш элементи бор. Шу элемент туфайли биз шахслар хамма нарсани кўра олмаймиз (жумладан биз ҳам). Мен сизга нега ушбу гапларимни йўлламоқдаман биласизми Хушнуд? Чунки айрим сўзларингиз, мақолаларингиз мени юрагимни эзади. Балким ўша юқоридаги элемент менда ҳам кучлидир. Сизни мақолаларингизни ўқувчи сифатида доимо кузатиб бораман. Сиз ва бошқа блогерлар фаолиятида ҳозирги кунда нима кучли биласизми? “халқ манфаатларини химоячисига айланиш (ёки ўзини шундай кўрсатиш) кучли”! Мени бундан шикоятим йўқ. Биз ҳам оддий халқ вакилимиз. Аммо сиздан илтимос ўз мақолаларингизда ИИО ҳодимларига асоссиз гап ташламанг! Сиз тўғридан-тўғри танқид остига олмайсиз, бетайин сўзлар билан хақоратламайсиз аммо билиб-билмай ИИО ҳодимларини обрўсизлантирасиз. Сизчалик нотиқ блогер бўлмаслигимиз мумкин. Аммо ақли паст ҳам эмасмиз. Сиз ўз мақола ва эълон қилган хабарларингизга эътибор қилганмисиз, холис ўқувчи сифатида ўқиб кўрганмисиз Хушнуд? Қуйидаги ёзган айрим сўзларингизга эътибор беринг: “Тонировкадан тушган пуллар қаерга ишлатилади... тушган пуллар фақат ва фақат ИИОларининг жамғармасига тушади,тизимни ривожлантириш учун сарфланади, ИИО ҳодимларининг ойлигини оширишга сарфланади.... ойлигимиз ошаркан деб мантиқсиз ва кулгули таъқиқлар қўймайлик.... пуллар ИИВга тушади.... Боди камералар ишлади бўлди энди ЙПХ ҳодимларига ҳужжат кўрсатинглар.... 2030 йил 1 январгача узайтиришади кейин хохласа бекор қилиб юборишади.... ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатни видеога олиб интернетга жойлашга рухсат олиш керакми...” Сизни бу каби (илмоқли) гапларингиз жуда кўплаб учрайди. Аммо энди шахс сифатида эмас инсон сифатида юқоридаги элементни ўчириб ўйлаб кўринг: Нега ИИОларини обрўсизлантиришга қаратилган фото, видео ва аудио материаллар ижтимоий тармоқларга хеч қандай рухсатсиз жойлаштирилмоқда. Тўғри Ўзбекистон Республикаси Конститутциясига кўра хар ким ўзи ҳохлаган ахборотни олиши, тарқатиши ва фойдаланиши мумкин. Аммо ИИО ҳодимида ҳам шаън, қадр-қиммат, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаёти деган тушунчалар мавжудку. Қонунларимизга фуқароларнинг шаън, қадр-қиммат, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётига оид фото, видео ва аудио материалларни руҳсатсиз тарқатилишига тақиқ қўйувчи нормани киритиш вақти келмадимикан. Ахир давлат муассасалари (айниқса ИИО) ҳодимларига нисбатан видеотасвирга олиш билан қўрқитиб шонтаж қилиш, ўзини виктим қилиб кўрсатиш, ҳолатни тўлиқ видеога олмасдан ўзлари учун фойдага ишлайдиган қисмларини интернетга жойлаш ҳолатлари ҳаддан ошиб кетдику! Тўғри айрим ҳолатларда ҳодимга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар қилган фуқароларимиз ўз жазосини олмоқдалар. Аммо ушбу жазо миқдори айбига ярашамикан? Ҳодимга нисбатан етказилган маънавий зарарчи? Интернетда у билан боғлиқ тарқалиб кетган видеоматериалларчи? Улар учун ким жавоб беради? Ҳодим тўғрисида тарқалган ноўрин, тасдиғини топмаган материаллар дастидан нега унинг бегуноҳ фарзандлари, яқинлар, қолаверса ўзининг боши ерга қараши керак? Тонировкадан тушган пуллар тўғрисида бонг урибсиз. Кечирасизу ЙҲХни таъминлаш учун (фуқаролар хавфсизлиги учун) чет элдан олиб келинаётган зарурий мосламалар, дастурий таъминотлар, светафорлар, йўл белгилари осмондан тушмаябди. Тонировкадан келган пулни хисоблабсизу, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча йўл белгиси борлиги тўғрисида қизиқмабсизда. Тўғрида бизникилар қизиқиб нима қилишади. Бизникилар кўпроқ тезликни ошириб радарга тушмаслик пайида бўлишади. Хушнуд автомашинада харакатланиб кетаётганингизда ёки кўчада пиёда юрган вақтингизда хеч ким кўрмаган вақтда хеч қачон, ҳеч қандай қонун-қоида бузмаганман деб айта оласизми? Ҳуқуқшунос бўла туриб қонунларни бузмаганман дея оласизми? Виждон олдида покмисиз? Гапирган гапингиз билан амалингиз барчаси ҳалолми? Агар шу саволларнинг лоқал биттасига бўлсада ичингиздан “виждонан йўқ” деган овоз келса, ўзингизни бориб қонун қўлига топширинг ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи асосида адолатни юзага чиқариб ўз жазойингизни (интизомий, маъмурий, жиноий жазони) олинг! (эркак бўлинг, адолатпарвар бўлинг, мард бўлинг, ёзган мақолаларингизга муносиб бўлинг!) Агарда ИИОлари фаолияти билан ҳақиқатдан ҳам қизиқсангиз, уларнинг фаолиятини ёритмоқчи бўлсангиз ҳеч бўлмаганда 15 кун вақт мобайнида оддий ҳалқ билан ишловчи энг қуйи тизимдаги ҳодимлар билан хизмат олиб бориб кўринг, ярим кечаси тунги соат 02:30 да улар билан биргаликда танимаган, билмаган одамларингизни олдига чақирувга биноан бориб кўринг, шунчалик адолатли экансиз қонунбузарларни аниқлашга ёрдам қилинг, жиноятдан қайтарганингиз учун ёқангиздан 2 таси тортиб, биттаси ота-онангизни ҳақорат қилиб турса ўшанда бир мақола ёзиб кўринг, кейин арзийди ИИО ҳодимларинг ойлик маоши, дам олиш куни, уларни видеога олиш тўғрисида гапирсангиз! (Ажойиб кўринса экан: машҳур блогеримиз Х.Худойбердиевнинг видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалса, айниқса шонтаж қилаётган одамга мақола ўқиб жиноятнинг олдини олмоқчи бўлаётган бўлсалар) Хушнуд, эслангчи маҳаллангизни профилактика инспектори хонасига охирги бор қачон ташриф буюргансиз? (ариза билан эмас, ижобий таклиф билан ёки ҳеч бўлмаганда сизнинг маҳаллангизда мусофир бўлиб юргани учун ҳол-ахвол сўрашга) Агар кирмаган бўлсангиз, сиздан илтимос бундан буён ИИО ҳодимларига гап билан “осилманг”, бўйнимизга осилаётган шунча юклама етиб турибди. Мен сизга ушбу гапларим билан тухмат тоши отмоқчи эмасман. Яна бир бор айтман сизни хафа қилиш, обрўсизлантириш ниятим хам йўқ. Шунчаки ушбу мурожаатимни ёзишдан олдин халқимизнинг ижтимоий тармоқлардаги ИИО ҳодимларига нисбатан фикрини ўргандим ҳолос. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 33 миллиондан ортиқни ташкил қилади. Шу сабабдан ҳам ҳаммани эмас, кўпроқ инсонлар танигани учун сизнинг мақола ва фикрларингиздаги ИИО ҳодимларига нисбатан айтилган гапларни таҳлил қилдим. Ушбу таҳлил орқали сизга эмас, айнан машаққат билан ИИО ҳодимини обрўзлантиришга, қонундан қочиб қутулишга уринаётган “шахс”ларга мурожаат қилдим. Сиз мен учун бир восита бўлдингиз ҳолос. Агар ушбу мурожаатим билан кўнглингизга озор бергам бўлсам мени кечиринг! 

5-таклиф (умид) Ўзбекистон Республикаси ИИВга йўналтирилади!

Мана бугунги кунга келиб самарасиз, натижасиз, жавобсиз қолган биринчи мурожаатимизнинг давомини сизга йўлламоқдамиз ҳурматли Ички ишлар вазирлиги Раҳбарияти! Сизлардан энг аввало шуни илтимос қиламизки ушбу мурожаат учун ҳудудий раҳбарларни, маъсул шахсларни жазоламанг! Зеро ушбу мурожаатдан мақсад кимнидир ишдан олиш ёки уни жазога торттириш эмас, аксинча ижобий ислоҳотларга эришиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ҳодимлари ҳам энг аввало оддий инсон, инсон манфаатлари эса энг олий қадрият эканлигини яна бир бор эслатиб қўйиш! Ушбу кунга келиб ИИО ходимларини энг оғриқли нуқталарини ўтган галги мурожаатимизда сизга йўлладик! Аммо афсуски ушбу мақолани 50.000 дан зиёд инсонлар мутолаа қилганларига қарамасдан, ҳеч қандай расмий муносабаат яъни иқрорлик ёки раддия билдирилмади. Сабаб нима биласизми? Чунки сиз шу вақтгача бўлган ИИО ходимлари мурожаатларини “аноним тусга эга, имло хатолари бор, тасдиғини топмади, фактларга асосланмаган” деб раддия бериб келган эдингиз, охирги мурожаат эса талаблар ва қонунлар асосида (фактлар билан) берилди. Шу сабаб ҳам ҳеч қандай расмий муносабат билдирилмади. Шу томони алам қилмоқда ҳодимларга. Агар бу ислоҳотларни амалга ошириш имкони бўлмаса борича айтинглар. ОАВда эълон қилинглар: мана шу муаммони шунча вақт ичида тўлиқ ҳал қиламиз ёки бу ишни умуман иложи йўқ деб! Устимиздан кулгандай жимликда қолиб кўриб кўрмаганликка олманглар! (сизлардан бегона эмас шу халқ учун, шу ватан учун хизмат қилиб келаётган ўз ходимларингиз сўрамоқдаларку ахир) Иложи бўлмаса айтинг сабабини, бутун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига эълон қилинг: ИИО ходимининг асли иш вақти қанчаю қанча ишламоқда, ишига кўра қанча ойлик маош олмоқда, унинг қонуний хизмат вазифаларига нималар кирадию, қанча хизмат вазифасида кўрсатилмаган юкламаларга мажбурланмоқда! Шундагина изоҳларда ИИО ходимини, унинг яқинларини хақоратлаётган инсонлар билишади: ИИО ходимига оиласидан йироқда кечаси билан юриб ишлаш хавас эмаслигини! Барча мурожаатни ҳам нореал дейверманг : шунча ИИО ҳодими ахмоқ эмаску нореал бир хил муаммоларни кўрсатиб беравериб. Бефарқликдан қочинг! Президентимиз Ш.М.Мирзиёев қуйидаги сўзларни бекордан бекор айтмаганлар: “энг катта хавф ички душман... ким ички душман? БЕФАРҚ ОДАМ! Оллоҳ бефарқликдан сақласин” ҳеч бўлмаса 2-мурожаатимиз бефарқ қолмайди деб умид қиламиз ... 

6-мурожаат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига йўналтирилади!

Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари-Ўзбекистон халқи! Энг сўнги мурожаат сизларга йўлланди ! Барчамизга маълумки биз сўнги 4 йил вақт ичида демократик жараёнлар кучайган, инсон ҳуқуқлари яна бир поғонага кўтарилган даврни ўтказмоқдамиз. Бу жараёнлар муттасил равишда давом этиб бораверади. Аммо ушбу жараёнлар оқимида биз бир саволга жавобни унутиб бормоқдамиз . Яъни “инсон ҳуқуқлари қаергача, у қаерда ўз нихоясига етади?”. Биз шу саволга жавобни унутдик. Сизларга ҳуқуқ оламидаги машҳур бир иборани айтиб ўтмоқчиман: “инсонлар ҳуқуқларини эслашга, мажбуриятларини унутишга мойил бўлишади”. Ҳозирги кунга келиб умри мобайнида Ўзбекистон Республикасининг Конститутциясини очиб кўрмаган инсонлар ҳам “барча эркинлик менга мумкин, бу менинг ҳуқуқим” қабилида иш тутмоқдалар. Лекин унутмангки: “инсон хуқуқларининг чек-чегараси бор! Инсон ҳуқуқлари ўзга инсон ҳуқуқларини поймол қилаётганингизда, қонунларни четлаб ўтаётган вақтингизда, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказаётган онингизда ТУГАЙДИ” Инсонлар учун аниқ ва равшан қилиб мажбуриятлар ҳам белгилаб қўйилган. Сўнги икки йил ичида ижтимоий тармоқларда давлат органи ҳодимларини (жумладан ИИО ҳодимларини) берилиб ҳақоратлаб, уларни бюджетнинг пулини қуруқ еб ётишда, ҳеч қандай иш қилмасликда айблаб, чет элда юрган мусофир яқинларини эсловчи тоифадаги инсонлар ҳам кўплаб учраб турибди. Аммо гапим оғир ботмасинку, ҳамма ризқини ҳар ердан теради. Сиз ҳақорат қилаётган давлат органи ҳодимларининг ҳаммаси ҳам осмондан тушиб ушбу даражага етиб қолмаган. Ўз ҳаракати, кучи, билими, ақлий салоҳияти туфайли ўз ризқини тераётганлари, ўз ишининг махоратли кадрлари мавжуд. Сиз чет элда ишлаб юрган мусофирларни эслабсизу, маҳаллангизда кечани кеча кундузни кундуз демай бошқа туман(вилоят)дан келиб ватани учун хизмат қилаётган профилактика инспекторини, ўзга вилоятдан сизнинг вилоятингизга келиб ИИОларига бошчилик қилаётган раҳбарни унутибсизда азиз ЮРТДОШИМ! Биз мусулмонларда мусофирни ажратмайдилар. Мусофирнинг бегонаси йўқ! Мусофир бўлмагунингча мусулмон бўлмайсан дейишади. Аммо сизнинг мақсадингиз мусофирларни эслаш эмас, шунчаки давлат органи ҳодимларини айблаш, уларни обрўсизлантириш орқали ўз қилмишларингизни хастпўштлаш ҳолос! Акс ҳолда сизлар учун ўз уйидан йироқларда хизмат қилиб келаётган инсонларни ҳақорат қилмаган бўлардингиз. Ҳозирги кунга келиб шонтаж қилиш, қўрқитиш, ўзини “жабрланувчи” қилиб кўрсатиш орқали қонун қўлидан қочмоқчи бўлганлар унутманг: ЖАЗОНИНГ МУҚАРРАРЛИГИ ПРИНЦИПИ ДОИМО АМАЛДА! 

Сўнги сўз ўрнида шуни айтамизки, нима бўлишидан қатъий назар ичган қасамимизга ва Давлат Раҳбаримиз сиёсатларига тўла содиқ қоламиз ҳамда халқимиз тинчлиги, ватанимиз равнақи йўлида ўз хиссамизни қўшишдан чарчамаймиз. Зеро ВАТАННИ СЕВМОҚ ИЙМОНДАНДИР!

Агарда биз ноҳақ бўлсак икки мурожаатномамизни ҳам бефарқ қолдирмасдан, ноҳақлигимизни амалий тарзда ўрганишлар олиб бориб исботлаб ҳар бир банд учун раддия беринг. Рад қила олмасангиз (мард бўлсангиз) ижобий ўзгаришлар, ислоҳотларни амалга оширинг!

Зеро 25-октябрь “ИИОлари ҳодимлари куни” тобора яқинлашиб келмоқда.

Барчамизга иймон нури етиб борсин !!!

Оллоҳ бефарқликдан сақласин…

Ушбу мурожаат тунги навбатчиликда 02.10.2019 йил куни соат 02:30 да оддий ИИО ҳодимлари томонидан махсус тайёрланди. 

Диққат!

Изоҳ: Мурожаатномадаги фикр ва мулоҳазалар муаллифларнинг шахсий фикрлари ва қарашлари ифодаси.

👉 Ўзбекистон Республикаси ИИО фаолиятига оид янгиликлар канали.

Report Page