Муроталида замонавий оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди

Муроталида замонавий оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди


"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" нинг дастлабки ойида туманимизда навбатдаги янги оилавий шифохона фойдаланишга топширилди.  

Янги оилавий поликлиника "Холиқберди" маҳалласида жойлашган бўлиб, Президентимизнинг Тошкент вилоятига ташрифи чоғида белгиланган топшириқлар ижроси бўйича 2 млрд 400 млн сўм маблағ эвазига бунёд этилди. 

Муассасанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев дунёда инсон саломатлигини асраш энг муҳим вазифага айланган бир даврда олис қишлоқларда ҳам бирин-кетин замонавий тиббиёт масканларининг қурилаётгани республикамизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни намунали ташкил этиш борасида амалий ишларнинг исботи эканлигини таъкидлади. Эзгу тилаклар билан бирга "ДАМАС" автомобили калити, планшет топширди.

Замонавий кўриниш ва тиббиёт ютуқларини ўзида жамлаган, 100 қатнов қувватига эга муассаса тўлиқ компьютер билан таъминланган, "электрон поликлиника" тизимига уланган.

"Холиқберди", "Оқтом" ва "Тараққиёт" МФЙ даги 10300 нафар аҳоли, ҳудуддаги 5 та мактаб, 1 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та ҳарбий қисмни қамраб олади. Икки қаватли бинода жойлашган поликлиника 48 хонадан иборат бўлиб, УЗИ, ЭКГ, физиотерапия, лаборатория ускуналари билан жиҳозланган. 4 нафар олий тоифали шифокор, 30 нафар ўрта тиббиёт ходими аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

-Илгари бу ерда 1960 йилда қурилган эски қишлоқ врачлик пункти бўлиб, аҳолининг тиббий эҳтиёжларини қондира олмас эди, -дейди фахрий ўқитувчи Рафоат Эргашева.- Оддий шамоллаш ёки тиш оғриғи билан туман марказига боришга мажбур бўлар эдик. Янги тиббиёт пункти қурилгани бизни жуда ҳурсанд қилди. Айниқса, биз кексалар учун зарур бўлган ЭКГ хоналари, УЗИ, физиотерапия хизмати ҳам кўрсатилишидан мамнун бўлдик.

Эндиликда муроталиликлар "электрон поликлиника" тизими ёрдамида ўзлари учун қулай вақтда, уйдан чиқмаган ҳолда шифокор қабулига ёзилиши, шифокор ва муассаса ҳақида маълумотлар олиши, шунингдек, олинган тиббий хизматлар сифатини баҳолашлари мумкин бўлади.



Пискент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Report Page