Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг қабристонларни обод қилиш ва зиёрат одоблари юзасидан аҳолига МУРОЖААТИ
Muslim.UzБисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал салавоту саломларимиз бўлсин.
Муҳтарам юртдошлар!
Инсон қадри юксак бўлган юртимизда аждодларимизни хотирлаш, уларнинг руҳини шод, қўним топган манзилгоҳларини обод қилишга алоҳида эътибор қаратиш эзгу анъана ҳисобланади.
Хусусан, Муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан кўплаб зиёратгоҳлар обод этилиб, буюк уламоларимизга юксак даражада эҳтиром кўрсатиб келинмоқда. Яқинда Самарқандда муҳаддислар султони Имом Бухорий қабри ва унинг атроф ҳудудларида мисли кўрилмаган даражада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Муқаддас динимизда марҳумларга ҳурмат кўрсатиш, уларни яхши хотиралар билан эслаш ва қабрларини зиёрат қилишга тарғиб этилган. Ушбу хайрли амалда зиёрат қилувчига ҳам, зиёрат қилинувчига ҳам кўплаб фойдалар бор. Зиёрат қилинаётган марҳумнинг руҳи тиловати Қуръон, истиғфор ва дуолар билан шод бўлади. Зиёрат қилувчи эса бундан ибрат олади – охират ҳақида тафаккур қилади.
Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Сўнг менга (уларни зиёрат қилиш жоизлиги) аён бўлди. Энди уларни зиёрат қилаверинглар, чунки у (зиёрат) қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади. Зиёрат қилинглар-у, аммо (у ерда) нолойиқ гапларни айтманглар”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Азиз ватандошлар!
Қабристонлар – бу фақат дафн жойи эмас, балки инсонни тафаккурга чорловчи, ҳаётнинг ўткинчилигини англатувчи, қалбни юмшатувчи ва маънавий покланишга етакловчи маскандир.
Дарҳақиқат, қабр зиёрати инсонни дунёга ҳаддан ортиқ берилмасликка, манманлик ва ғурурдан сақланишга ҳамда яхши амаллар қилишга ундайди. Зиёратга борган инсон қалбида беихтиёр: “Бир кун келиб мен ҳам шу ерга келаман”, деган хулоса пайдо бўлади. Бу эса инсоннинг ўз ҳаёти ва амалларини қайта кўриб чиқишига ундайди.
Динимизда зиёрат амалидан кўзланган мақсад – дунёнинг фонийлиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканини эслатишдир.
Шу боис, қабристонлар доимо пок, тартибли ва обод бўлиши лозим. Чунки инсон бу маскандан руҳий енгиллик ва таскин топиб чиқиши керак.
Муҳтарам юртдошлар!
Бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири – қабристонларда тозалик ва ободонлаштириш ишларини доимий равишда йўлга қўйишдир.
Афсуски, айрим жойларда қабристонларнинг қаровсиз қолиши, қуриб қолган ўт-ўланларнинг тозаланмаслиги, қабрлар орасидаги йўлакларнинг йўқлиги ёки таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани каби камчиликлар учрамоқда.
Бундай ҳолатлар марҳумлар хотирасига нисбатан бефарқлик ва тирикларнинг ўтганлар олдидаги бурчини тўлиқ адо этмаслик сифатида баҳоланади.
Аслида, қабристонларни фақат маълум кунларда эмас, балки тоза ва обод сақлаш ҳаёт тарзимизга айланиши зарур, деб ҳисоблаймиз ва бу хайрли ишда барчани фидойиликка чорлаймиз.
Азиз мўмин-мусулмонлар!
Зиёратчи қабристонга киришда ўзи пок бўлиши, қабр аҳлларига салом бериб, уларнинг ҳаққига дуолар қилиши, қабр тепасига келганда эса унга юзланиб, тиловат қилиши одобдандир. Зиёрат асносида қабрлар устини босмаслик, белгиланган йўлаклардан юриш лозим. Зеро, қабр устини оёқлари билан топташ гуноҳ ҳисобланиб, ҳадисларда бундан қатъий қайтарилган.
Аксинча, дуо ва истиғфор айтиш, Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлаш, ўтганлар номидан садақа ва хайриялар қилиш марҳумларга манфаат етказадиган амаллардан эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон вафот этса, унинг амали тўхтайди. Магар уч нарса: садақаи жория ёки манфаат оладиган илм ёҳуд ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан (тўхтамайди)”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Қадрли ҳамюртлар!
Қабристонларни обод қилиш, у ерларда қўним топган зотларга нисбатан ҳурмат кўрсатиш ва зиёрат маданиятини юксалтириш мақсадида “Қабристонларни обод қилиш долзарб ойлиги” ташаббуси билан чиқмоқдамиз.
Бунда маҳаллалар аҳлини, табаррук нуронийларимизни, барча имом домлаларимиз ва зиёлиларни ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Шу мақсадда биз – дин пешволари қуйидаги вазифаларни амалга оширишни белгилаб олмоқдамиз:
Биринчидан, қабристонларда тозалик ва ободонлаштириш ишларини доимий ва узлуксиз жараёнга айлантириш ишига бош-қош бўлиш.
Иккинчидан, имом-хатиблар томонидан жума мавъизалари ва бошқа тадбирларда поклик, қабристонларни асрашнинг диний аҳамиятини кенг ёритиш орқали аҳолини амалий ҳаракатга чорлаш. Бунда масжидларга туташ ёки яқин ҳудуддаги қабристонларни масжид қарамоғига олиш, имом-хатиблар томонидан ўз қавмини мозор ободонлигига тарғиб қилиш.
Учинчидан, қабристонларни чиройли урф-одатларимиз ҳамда азалий қадриятларимизга мос, зиёрат қилувчининг руҳига таскин берадиган ҳолатда сақлаш, у ерларга райҳон ва бошқа хушбўй ўсимликлар экиш.
Тўртинчидан, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида аждодлар хотирасига ҳурмат кўрсатиш ҳамда “Хотира ва қадрлаш” тушунчаларини мустаҳкамлаш орқали маънавий тарбияни кучайтириш.
Бешинчидан, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш – йўлакларни барпо этиш, таъмирлаш ва қабристонларда зиёрат одоблари ҳақида маълумот берувчи қисқа пешлавҳалар тайёрлаш.
Қабристонларни обод қилиш ва озодалигини таъминлаш нафақат маъмурий вазифа, балки чуқур маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга бўлган умумижтимоий масъулиятдир. Шу нуқтаи назардан, бу эзгу ишни тизимли ва самарали йўлга қўйишда имом-хатиблар ҳамда диний соҳа вакиллари энг асосий куч ҳисобланади.
Ислом таълимотига кўра, имом-хатиб жамоатга нафақат ибодат масаласида, балки ахлоқ, тарбия, ижтимоий ҳаёт ва эзгу амалларда ҳам йўлбошчилик қилади.
Шу боис, қабристонларни обод қилиш ташаббуси айнан дин пешволари томонидан бошланиши ва тизимли равишда бошқарилиши зарур.
Азиз юртдошлар!
Аждодларимизнинг сўнгги манзилгоҳларини обод қилиш ҳамда уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилиш келажак авлод учун юксак ибрат мактабидир.
Ана шундай эзгу ишларга ҳисса қўшган, қабристонларни тартибга келтиришда жонбозлик кўрсатган ҳар бир инсонга, иншо Аллоҳ, садақаи жория савоблари ёзилиб туради.
Аллоҳ таоло ўтган марҳумларнинг руҳини шод ва улар қўним топган масканларни обод қилиш борасидаги хайрли амалларимизга куч-қувват бериб, улкан ажру мукофотлар ато этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Уламолар Кенгаши аъзолари