Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосарининг Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан шарҳи

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосарининг Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан шарҳи

изоҳ

EconomyPress

 

Акмалхон ОРТИҚОВ,

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари


-Дунёдаги ҳар қандай мамлакатда аҳолининг кам таъминланган қатлами мавжуд. Ўзбекистонда ҳам одамларнинг муайян қисми етарли даромад манбаига эга эмасдиги ва камбағаллиги узоқ йиллар “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. Президентимиз жорий йилда Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Дастлабки ҳисоб-китоблар юртимизнинг12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолиси камбағал эканлигини кўрсатди.

 Янги иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли. даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди.

           Аҳолининг ночор қисмига кўмак бериш мақсадида комлекс ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилган, вазирлар, ҳокимлар ва секторлар раҳбарларининг вазифалари белгилаб берилган. Лекин пандемия кўп соҳаларда иш ўринларини яратишга, камбағалликка қарши курашишга катта зарар етказиб келяпти. Унинг таъсирин юмшатиш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилди. Унинг доирасида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларига асосан, карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали оилаларга, якка ёлғиз ва ногиронларга ҳамда ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган 321 мингга яқин оилаларга 127 млрд. 700 млн. сўмдан зиёд маблағлар сарфланди.

           Ҳудудлардаги сектор раҳбарлари бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан май-июнь ойларида эҳтиёжманд оилаларга мансуб 233 мингга яқин фуқароларимизга даромад манбаини яратиш чоралари кўрилди. Ҳукумат томонидан коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг “Вақтинчалик тартиби” ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, “саховат дафтари”га киритилган оилалар билан манзилли ишлаш ва уларни камбағалликдан чиқаришнинг аниқ тартиб ва режалари кўрсатиб берилди.

Жорий йилнинг июль-октябр ойларида мухтож оилаларнинг яна 257 мингга яқин меҳнатга лаёқатли қисмини даромад манбаи билан таъминлашимиз зарур. Бунинг учун жойлардаги 4 та сектор раҳбарлари иқтисодий комплекс ташкилотлари билан оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, жамоат ишларига жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш тизими, инвестиция комплекси билан мавжуд ва янгидан ишга туширилаётган корхоналарга жойлаштириш қишлоқ хўжалиги мажмуи билан соҳадаги корхоналарга, ғалладан бўшаган майдонларга сердаромад экинларни экишига ёрдам бериш орқали, қурилиш ташкилотлари билан бюджет маблағларига қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектларга ва бугун ипотеканинг янги тартибида амалга оширилаётган уй-жойлар қурилишида бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Албатта, мазкур чораларнинг ижроси бўйича қатъий мониторинг тизими ўрнатилган.

8 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида камбағалликни камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари камида 257 минг нафар муҳтож оилалар вакилларини ишга жойлаштириш, 37 мингта хонадонга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратиш зарурлигини қайд этди.

Эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаштириш кўрсаткичи энг паст секторлар таъкидланар экан, уларнинг раҳбарларига жазо чоралари кўрилди. Жумладан, Фарғона тумани ҳокими, Яккабоғ тумани прокурори, Ғузор ва Чортоқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари, Муборак тумани ва Қўқон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқларини эгаллаб турган лавозимларидан озод этиш бўйича топшириқлар берилди. Бу, ўз навбатида, раҳбар қаерда ва қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаши зарур ва шарт эканлигини кўрсатади.

Камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш кундалик ишларимиз бўлса, олдимизда халқаро молия институтлари, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкининг экспертлари билан камбағалликни қисқартиришнинг концептуал ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси турибди. Жумладан, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг 2030 йилгача стратегияси ва концепцияси тайёрланмоқда. Унда камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усуллари, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари, таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой таъминоти ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича илғор хорижий тажриба (хусусан, Хитой тажрибаси) дан фойдаланиш кўзда тутилган.



Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати