#Муносабат “Янгиер ҳаёти” ёлғиз эмас!

#Муносабат “Янгиер ҳаёти” ёлғиз эмас!

@SirdaryoSadosi
“Янгиер ҳаёти” газетаси

“Hurriyat” газетасининг 4-июль сонида эълон қилинган “Сирдарёлик амалдорларга матбуот ортиқча юк бўляптими?” номли таҳлилий-танқидий мақолага  соҳага алоқадор бирон киши ҳам бефарқ қарамаслигини истардик. Биз вилоятимизнинг муҳташам маънавият кўшки – вилоят театрида, кўпчилик туман ва шаҳарларда матбуот ва оммавий ахборот ходимлари байрамини катта хурсандчилик билан нишонлаганимизга бир ҳафта ўтмай ушбу мақола эълон қилинди. Майли, бундан муаммо ясаб ўтирмайлик, муаммони вилоятимиз матбуотида ўзгаришлар, ижобий эврилишлар, эркинликлар билан бир вақтнинг ўзида газеталарнинг адади, обунаси, моддий-техник таъминоти билан боғлиқ масалаларда юзага келаётган қийинчиликлардан излаш керак. Афсуски бу муаммолар кечагина бўй кўрсатгани йўқ.

Худди шундай муаммолар Янгиер шаҳар ҳокимлигининг нашри – “Янгиер тонги” газетасида ҳам юзага келди. Мустақилликнинг ўтиш даври қийинчиликлари шаҳарда кескинроқ кечганидан хабарингиз бор. Иқтисодий алоқалар узилишидан ўнлаб йирик саноат корхоналари, ҳатто Янгиердаги гигант бирлашма – “Мирзачўлқурилиш” ҳам ёпилиб, минглаб одамлар ишсиз қолди. Аввалида истеъдодли журналист Шомурод Холмуродовнинг (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) ташкилотчилиги сабаб газета баҳоли қудрат чиқиб турди, бироқ, икки мингинчи йилларга келиб, ниҳоятда ночор аҳволга тушди ва аввал шаҳардаги босмахона ёпилди, кейинча газета чиқмай қўйди.

Шаҳарга О.Ў.Носиров ҳоким бўлиб келгач, бир гуруҳ таниқли журналистлар қатори мени ҳам чақириб, қандай қилиб бўлса ҳам “Янгиер тонги”ни тиклаш масаласини қўйди. “Молиявий, моддий-техник таъминот, обунани бизга қўйиб беринг, газета сифатли чиқса бўлди”,-деди ҳоким. Бироқ, “Янгиер тонги”ни ёпмай туриб, ўша номда газета чиқаришнинг сира иложи йўқ эди. “Янгиер тонги”нинг солиқдан, босмахоналардан қарзини ёпишнинг ўзига камида 2-3 йиллик обуна пули кетар, бу эса обуначиларга малол келиши табиий эди. Сирасини айтганда, “Янгиер тонги”нинг номи ҳам шаҳар ижтимоий-сиёсий газетасига ўтиришмас, газета материалларининг шаҳар тонги билан на мажозий, на росманасига алоқаси борэди. Шунинг учун муассислар янги газетага “Янгиер ҳаёти” деган номни маъқул кўришди. Эски ном тарихий факт, тадрижийлик, давомийлик маъносида керак десак, газетанинг номи илгари ҳам бир неча марта ўзгарган (маълум вақт “Ленин йўли” (“Ленинская путь”), “Ленин байроғи” (“Ленинское знамья”), “Янгиер” номлари остида ҳам чоп этилган). Газетанинг ўтган даврлардаги сонлари билан кейинги сонларни давомий тартибда рақамлаш таклифини эса ўйлаб кўриб, ижобий ҳал қилса бўлади.

Кадр масаласида озроқ қийинчилик бўлди. Янгиер шаҳрида яшайдиган, шаҳар газетасида талай вақт раҳбарлик вази фаларида ишлаган Ҳасанбой Абдувоҳидов, Қаҳрамон Қуннозовлар таҳририятга раҳбарлик қилиш таклифини рад этишди. Шу муносабат билан газетани оёққа қўйганга қадар уни камина (бош муҳаррир) ва таниқли журналистлар Мунаввар Пардаев (нашр учун масъул), Ҳасан Абдувоҳидов (адабий котиб), жамоатчи мухбирлар ҳамкорлигида чиқариб туришга қарор қилдик. Газетанинг нашр қилина бошлаши шаҳар маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. Фахрийлар, умумтаълим мактаблари, касалхоналар ва бошқа фаоллар учун унинг ҳар сонидан 300-400 нусха бепул тарқатила бошлади. 

Хуллас, “Янгиер ҳаёти” бир йилдан ортиқ вақт 1000 нусхада мунтазам чиқиб турди. Обуна ҳам ихтиёрий равишда, уюшқоқлик билан ўтказилди, таҳририятга хоналар, оргтехника, керак пайтда транспорт ажратилди. Шаҳар ҳокимидан тортиб, ўринбосарлар ва бошқа барча раҳбарлар газета фаолиятига бевосита ёрдам кўрсатди. Фақат бу йилги обуна айрим ташкилотчиларнинг сусткашлиги билан 4 ойча ўтказилмай, газета шунча вақт чиқмай қолди. Май ойида таҳририятдаги ташвишли ҳолат жиддий муҳокама қилиниб, июнь ойидан бошлаб “Янгиер ҳаёти”ни мунтазам чиқариб боришга келишилди. Бунинг учун ҳомийлар ва бошқа манбалардан маблағ ҳам топилди. Биз газетанинг навбатдаги сонини 27 июнь, матбуот ва ОАВ ходимлари кунига тайёрлаб ҳам қўювдик, айрим сабабларга кўра газета “Hurriyat”даги мақола чиқишидан икки кун олдин босмахонага топширилди ва 5 июль куни газетхонларга тарқатилди.

— “Янгиер ҳаёти” бизга янги тарихни яратиш, янги замон кишисини тарбиялаш, шаҳримиздаги туб ислоҳотларни давр йилномасига муҳрлаб қўйиш учун керак, — деди шаҳар ҳокими Отабек Носиров. — Унинг доимий равишда чоп этилиши, шаҳар янгиликларини ёритиши, камчиликларни аёвсиз очиб ташлаши учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлаймиз. Бир йил ичида бу газетанинг ўнлаб, юзлаб жонкуярлари, маънавий ва моддий ҳомийлари борлиги маълум бўлди. Демак, таҳририят ёлғиз эмас. Бундан буён журналистларимиздан газета чиқишига доир нимаики муаммо пайдо бўлса, шахсан ўзимга мурожаат қилишларини сўрайман. “Янгиер ҳаёти” - шаҳар ҳаётининг кўзгуси. Бу кўзгуга доғ туширмаймиз.

Бизнингча, ҳокимнинг сўзлари қуруқ мулозамат эмас. Қолаверса, у “Янгиер ҳаёти”нинг шу пайтгача чиққан биронта сонига бефарқ қарагани, газета ҳақида ўз фикр-мулоҳаза, таклифини билдирмай қўйгани йўқ. Қолганига эса... худо пошшо! Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Бойжигит Абдуллаев,
“Янгиер ҳаёти” бош муҳаррири

Мунаввар Пардаев,
газета нашри учун масъул журналист

Report Page