Mуносабат

Ижтимоий тармоқларда Қамаши тумани Сартулди қишлоғида жойлашган 15-умумий ўрта таълим мактаб филиали ҳолатининг видеолавҳаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Бугун Қамаши тумани ҳокими Сартулди қишлоғидаги ушбу мактаб филиалига борди. Қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашди. Аҳолининг муаммоларига қулоқ тутди. Маълум бўлишича, ушбу қишлоқда 37 та хонадон мавжуд. Қишлоқда 41 нафар болалар мактаб ёшида. Уларнинг аксарияти 15 мактабнинг асосий қисмида таҳсил олишади. Фақатгина 4 нафар болажонлар мактаб филиалида таълим олиб келмоқда. Тарқалган видеода болалар сони 11 нафарни ташкил қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси, Қамаши туман ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими масъуллари иштирокида жойида ўрганиш олиб борилди.
Масъулларни ахборотига кўра, филиал мактабда жами 4 нафар (2-синфда 1 нафар, 3- синфда 1 нафар, 4-синфда 2 нафар) ўқувчилар таълим-тарбия олиб келмоқда.
Ушбу қишлоқдаги филиал мактаб комплект-синф кўринишида шакллантирилган.
Қайд этиш лозимки, Рабод МФЙ, Сартулди қишлоғида жойлашган 15-сонли филиал мактабдан асосий мактабгача бўлган оралиқ масофа 12 км. ни ташкил этади.
Ижтимоий тармоқларда акс этган видео ҳафтанинг якшанба куни (2021 йил 19-декабрь) маҳаллий фуқаро томонидан "сценарий" асосида тасвирга олинганлиги маълум бўлди.
Тегишли ҳужжатларга асосан, видеотасвирдаги ўқувчиларни 4 нафаридан ортиғи ушбу филиал мактабда таҳсил олмайди (асосий мактабда билим олади).

Ушбу ҳолат ўрганилди ва мактаб филиали биноси фойдаланишга яроқсиз деб топилиб, бугундан ёпилди. 4 нафар болажонларнинг асосий мактабда ўқиши учун туман ҳокимлиги ҳисобидан автотранспорт воситаси қатнови йўлга қўйилиши белгиланди. Шунингдек, аҳолининг демографик ўсишини ҳисобга олиб 2023 йилда ушбу ҳудудда 60 ўринли мактаб қурилиши учун инвестиция дастурига таклиф киритилиши маълум қилинди.