Муносабат
Samarqand viloyati transport boshqarmasiКейинги кунларда жамоат транспортида юзага келаётган муаммолар ижтимоий тармоқларда кескин танқид остига олинмоқда. Бундан транспорт бошқармаси томонидан камчиликларни бартараф қилиш бўйича ҳеч бир амалий ишлар йўлга қўйилмаган, деган фикрга келиш нотўғри. Чунки бошқармага берилган ваколат доирасида жамоат транспортининг хизмат сифатини оширишга ҳаракат қилинаяпти. Бошқарманинг “Автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими” инспекторлари томонидан автокорхоналарда, сўнги бекатларда доимий ўрганиш ишлари олиб борилаётганлигини фикримизнинг исботи сифатида айтиб ўтиш мумкин. Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли автокорхоналар раҳбарлари огоҳлантирилаяпти. Бироқ, таъсир чоралари қўлланмаётганлиги учун айрим автокорхоналарнинг раҳбарлари ёки ҳайдовчилари огоҳлантиришдан тўғри хулоса чиқаришмаётган кўринади. Бу ўз навбатида хизмат кўрсатиш сифати натижадорлигини камайтириб, йўловчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги кескин танқидларига сабабчи бўлиб қолаётир. Шундай кескин танқидий фикрлардан бири Zamon.uz телеграм каналида “Йўловчиларга берилмаган қайтим кимнинг чўнтагини тўлдираяпти?” сарлавҳаси остида Д.Зарипованинг мақоласи ҳамда Samarkandnews.uz тармоғида Қ.Халиловнинг “Жамоат транспортида қачон тартиб бўлади?” мақоласи чоп этилди. Ушбу мақолалар ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа норозилик фикрлари юзасидан вилоят транспорт бошқармасида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси мутасаддилари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Саимов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Самарқанд вилояти бошқармаси меҳнат инспекцияси бўлими бошлиғи ўринбосари У.Улуғмуродов, Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ бошлиғи Р.Тошмуродов ҳамда вилоятда мавжуд автокорхоналар раҳбарлари қатнашди.

Автобусларнинг техник жиҳатлари, ташқи ва ички томондан тозалиги, салонда мавжуд ўтиргичларнинг талаб даражасида эмаслиги, ҳайдовчиларнинг кийиниш маданиятидаги камчиликлар имкон қадар бартараф қилиб борилаяпти. Бироқ, гуруч кўрмаксиз бўлмаганидек, ҳайдовчилар орасида ҳам йўловчиларга қўполлик қилиш ҳолатлари учраб туришини оқлаб бўлмайди. Ташувчи корхоналар қанчалик огоҳлантирилмасин, айримларида бу ҳолат такрорланиши йиғилишда аниқ мисоллар билан танқид остига олинди. Айниқса, бугуннинг энг оғриқли муаммоси кечки соат 19.00 дан сўнг йўналишларда автобусларнинг камайиб кетиши юзасидан барча автокорхона раҳбарлари маъсул эканлиги таъкидланди. Белгиланган жадвал асосида ҳаракатланиш, бекатларда йўловчиларнинг вақтини беҳуда сарфламаслик, паттачиларнинг қулоқни қоматга келтирар даражада бақир-чақирига барҳам бериш вазифаси ҳар бир корхона раҳбари ҳамда бошқарманинг тегишли ходимларига топширилди. Берилган топшириқларнинг ижроси бошқарманинг масалага алоқадор бўлим бошлиқлари томонидан назоратга қилиб борилади.


Йўловчиларнинг кўплаб норозилигига сабаб бўлувчи ҳолат қайтим муаммосидир. 2019 йил 21 сентябрда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг “Самарқанд шаҳар йўловчи ташиш транспортида йўловчилар ташиш тарифларини белгилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Унга кўра йўл кира ҳақи 1400 сўм қилиб белгиланган. Бу қарор ҳали ҳам ўз кучида. Аммо қанчалик тушунтириш ташвиқот ишлари олиб борилмасин йўловчиларга қайтим тўлиқ берилмаслик ҳолатлари қайд этилмоқда. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Саимов барча автокорхоналар раҳбарларига масаланинг ҳуқуқий томонларини бевосита тушунтиргач, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам бузмасликка чақирди. Бунинг оқибатида қўлланилиши мумкин бўлган жарима миқдорларидан огоҳлантириш берди.

Шунингдек, йиғилишда ишчи ходимларни легаллаштириш, яширин иқтисодиётга барҳам бериш, корхонада меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ойлик маошларини ўз вақтида тўлаш, вояга етмаган ёшлар меҳнатидан фойдаланмаслик ва бундай ҳолатларга йўл қўйилган тақдирда унга қўлланиладиган таъсир чоралари хусусида У.Улуғмуродов фикр юритди.
Энг асосий ва долзарб масалалардан бири йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик, автотранспорт воситаларини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказмаслик, йўлларда кимўзарга пойга қилиш йўловчиларнинг ҳаётига хавф солиши мумкин. Бундай салбий ҳолатларга эътиборсизлик билан қараш корхона зиммасига жуда катта зарар бўлади. Бунга бепарво бўлмаслик керак, деди Р.Тошмуродов.

Шу ўринда барча йўловчилардан йўл кира ҳақини тўлашда нақд пулдан воз кечиб, тўловларни электрон карталар орқали амалга оширишларини сўраб қолган бўлардик. Бунда қайтим билан боғлиқ муаммога ўз-ўзидан ечим топилади.
Яна бир муҳим ва долзарб масала. Ҳурматли йўловчилар, журналистлар, блогерлар! Сизлардан илтимос, жамоат транспорти тўғрисида фикр юритганда умумийликдан қочиб аниқ далиллар асосида ёритишни тавсия қиламиз. Бу тегишли ташувчи корхона раҳбариятига ваколатли органлар билан биргаликда таъсир чораларини қўллаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати