Муносабат

Муносабат

Samarqand viloyati transport boshqarmasi

Жамоат транспорти ўзининг ютуқлари билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлари сабаб доим муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда. Ижтимоий тармоқлар, газета ва телевидиниеда ҳам бу борада бир қанча салбий фикрлар ўртага ташланаётганлиги сир эмас. Бу каби муаммоларнинг асл илдизини топиш, ваколатли органлар билан биргаликда уларни бартараф қилиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, қилинаётган ишлар билан кўзланган мақсадга етиб бўлмаяпти. Аммо бу мурожаатларга кўз юмиш, дегани эмас. Балки уларга қарши курашда ваколатли органларни ҳам жалб қилиш лозимлигини кўрсатиб турибди. Чунки билдирилаётган фикрлар тагида асл ҳақиқат ётибди. Бундан кўз юмиб бўлмайди.

Худди шундай муаммоли мурожаатлардан бири “Zarnews.uz” сайтида фуқаро М.Шамсиева томонидан “Ҳамон 100 сўмлик йўқ” сарлавҳаси остида чоп этилди.

Мақолада айтиб ўтилган салбий ҳолатларни келиб чиқишига йўл қўймаслик учун вилоят транспорт бошқармаси томонидан берилган ваколат доирасида доимий равишда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, шунча ҳаракатларга қарамасдан ҳолатнинг яна ва яна такрорланиши кишини ажаблантиради. Асл муаммо нимада? Ҳайдовчидами? Ёки ноқонуний равишда паттачилик қилаётганлардами?

Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари 7 – 12 декабр кунлари Самарқанд шаҳрида автотранспорт соҳасида фаолият олиб бораётган 18 та тадбиркорлик субъектларининг барчасида бўлиб, автокорхоналар раҳбарлари ҳамда ҳайдовчилари билан алоҳида суҳбатлар ўтказишди. Йўл қўйилаётган камчиликларнинг охири қандай оқибатларга олиб келиши юзасидан қатъий огоҳлантиришлар берилди. Ҳаттоки, кўпчилик учун арзимасдек туюлган масала – йўловчи томонидан тўланган йўл ҳақи учун паттанинг берилмаслиги ҳам жиноят эканлиги айтиб ўтилди. Эндиликда ҳар бир мурожаат тегишли тартибда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганилиши маълум қилинди.

Ҳар бир автокорхона раҳбари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги “Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш” тўғрисида қарорига сўзсиз риоя қилиши лозимлиги акс ҳолда суд органларига тегишли тартибда тақдимнома киритиш орқали лицензияси бекор қилинишидан огоҳлантирилди.

Вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари автокорхоналарда автобусларнинг техник ва санитар ҳолатларини ҳам ўрганди. Шу билан биргаликда ижтимоий тармоқларда танқидий муҳокамаларга сабаб бўлаётган автобуслардаги овоз кучайтирувчи қўшимча жиҳозларни олиб ташлашга ҳам жиддий эътибор қаратилди. Баъзи автобусларда кучайтирилган овоз берувчи жиҳозлар борлиги аниқланиб, транспорт воситасидан ечиб олингач, ундан фойдаланмаслик талаб қилинди.

Шу ўринда барча йўловчилардан қайтим беришда муаммоли вазиятлар кузатилган тақдирда Монополияга қарши кураш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишлари сўралади.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати


Report Page