Муносабат

Муносабат

Samarqand viloyati transport boshqarmasi

Жорий йилнинг 8 декабр куни Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Б.Темиров вилоят ҳокимининг телеграмм мессенжерига  41-рақамли “Сўғдиёна –М 39 Бетон йўли” йўналишида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг аксарияти йўналишга чиқмаганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Муаммонинг асл сабабларини ўрганиш ва уни бартараф қилиш юзасидан “Самарқанд ҳамкор транс” маъсулияти чекланган жамиятида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда кун тартибга киритилган масалалар юзасидан “Самарқанд ҳамкор транс” МЧЖ таъсисчиси Б.Тоғаев сўз олиб, мурожаатга сабаб бўлган ҳолатларни танқидий таҳлил қилди.

Ҳақиқатан ҳам 19 ноябр куни ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетганлиги сабабли йўлларнинг ўта сирпанчиқ ҳолатга келган ҳамда автобусларда кузатилган техник носозликлар учун йўналишга чиқишнинг имкони бўлмаган. Бу ўз навбатида йўловчилар учун бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқарган. Б.Тоғаевнинг таҳлилларидан шу англашиладики, корхона механиги йўналишдаги транспорт воситаларини қишки мавсумга тўлиқ тайёрламаган ҳамда техник таъмирга муҳтож, шиналари сирпанчиқ йўлларга мўлжалланмаган автобуслар ҳақида ўз вақтида раҳбариятга хабар бермаган. Бунинг натижасида 19 ноябр куни 41- рақамли “Сўғдиёна маскани - М 39 Бетон йўли” йўналишида ҳаракатланаган автобусларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкони бўлмаган.

Ҳозирги кунда мавжуд автобусларнинг техник ҳолати жиддий назоратга олиниб, жиддий равишда қайта техник кўрикдан ўтказилган. Юзага келган носозликлар тўлиқ бартараф қилинганлигини ҳам маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозим. Айни кунларда “Самарқанд ҳамкор транс” МЧЖ автобуслари ҳаракатланаётган йўналишлар жадвал асосида жадвал асосида йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.

Бугунги кунда жамоат транспорти ва унинг атрофида юзага келаётган нохуш ҳолатлар, яъни ҳайдовчиларнинг муомала маданияти, қайтимлар борасида норозиликлар, қўвиб ўтиш ҳоллари билан боғлиқ тартиббузарликлар ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлаяпти. Бу муаммони ўз вақтида тизимли ва тезкор ҳал қилиш давр талаби. Албатта, бундай нохуш ҳолатларни оқлаб бўлмайди. Шунинг учун барча ҳайдовчилардан ҳаракат давомида йўловчилар билан хушмуомалада бўлиш, йўналиш жадвалини бузмаслик сўраб қолинди. Акс ҳолда қонунчиликда белгиланган тартиб жазо қўллаш тўғрисида барча огоҳлантирилди.

Йиғилиш сўнгида Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими бошлиғи Ш.Наматов бўлиб ўтган ҳолатга корхона раҳбариятининг лоқайдлиги сабаб бўлганлигини айтиб ўтди.

Бўлиб ўтган йиғилиш қарорига кўра, автобусларни ўз вақтида қишки мавсумга тайёрламаган ҳамда келиб чиққан носозликлар ҳақида ўз вақтида раҳбариятга хабар бермаганлиги учун корхона механиги Ш.Маҳмудовга меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда интизомий жазо чораси қўлланилди. Шу билан биргаликда ҳайдовчилар ўртасида йўловчи билан мулоқатга киришидаги муомала маданиятига риоя қилиш, қайтимларни ўз вақтида қайтариш, автобусларнинг тозалигига эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ҳам сўз борди.

Йўловчининг бегонаси бўлмайди. Сабаби уларга хизмат кўрсатиш орқали даромад кўраяпмиз. Бу даромад орқали оила тебратаяпмиз. Буни ёдда тутиш лозим. Йўловчи ташишда белгиланган тартиб қоидаларга амал қилиш энг муҳим масала. Жамоат транспорти билан содир бўлаётган салбий ҳолатларга чек қўйиш вақти келди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати


Report Page