Муносабат

Муносабат


Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Мирзачўл тумани Гагарин шаҳарчасидаги Халқлар дўстлиги кўчасининг икки томонига экилган 75 туп дарахтлар атрофи тротуар қуриш ишлари давомида бетонлаб ташланганлиги ҳақида маълумот ва фотосуратлар тарқалди.



Жиззах вилояти экология бошқармаси томонидан мазкур ҳолат ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам ушбу ҳолат тасдиқланди. Мирзачўл тумани Гагарин шаҳарчаси "Дўстлик" МФЙ Халқлар Дўстлиги кўчасининг икки томонига экилган 75 туп дарахт атрофи "Файз-Барака" МЧЖ томонидан йўлак қуриш ишлари давомида бетонлаб юборилган. Ўрганиш давомида 38 туп арча, 7 туп ясень, 1 туп тут, 1 туп акация, 1 туп гилос, 4 туп қайрағоч, 7 туп эльдор қарағайи, 12 туп айлант дарахтининг тагидаги бетонлар бузиб олиниб, дарахтлар парвариш қилинди.

МЧЖнинг ушбу ишга йўл қўйган ходимларига нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима белгиланди.  


Мазкур ҳолатнинг юзага келиши мамлакатимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётган, ҳар бир дарахтга, бир туп бўлса-да кўчат экишга алоҳида эътибор қилинаётган бир вақтда қатор саволларни туғдирмоқда.  

Биринчидан, катта йўлнинг ёқасида йўлак қуриш бир-икки кунда битказиб юбориладиган кичкина иш эмас. Бунинг учун аввало лойиҳа-қурилиш ишлари ҳар томонлама пухта режалаштирилган ҳолда амалга оширилиши зарур. Бу жараёнда эса ҳар бир туп дарахт ҳисобга олиниши шарт.

Шундай экан, лойиҳалаш ва қурилиш жараёнида мутасаддилар қаерга қарашган? Қурилиш жараёнини туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари, туман архитектори назорат қилиши керак эмасми? Ободонлаштириш бўлими, экология инспекцияси қаерга қаради?  

Умуман, бу мутасаддиларнинг шу ерда саломатлик йўлаги қурилаётганию, бу ерда баравж ўсиб турган дарахтлар ости битонлаб ташланаётганидан хабари бўлганмикан ўзи? Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, тумандаги ҳар бир туп дарахтни ҳимоялаш уларнинг биринчи галдаги вазифаси бўлиши керак эмасми? 


Ўзбекистон экологик партияси дарахтларга нисбатан бундай шафқатсиз муносабатни кескин қоралайди. Бугун мамлакатимизда халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида қурилаётган пиёдалар учун қулай бўлган саломатлик йўлаклари яшил масканлар, жумладан ён-атрофдаги дарахтлар билан ҳамоҳанглигини унутмаслигимиз зарур.  

Президентимиз ташаббуси билан айни вақтда мамлакатимиз бўйлаб дарахт экиш бўйича ўтказилаётган «долзарб қирқ кунлик» ҳам ҳар бир туп дарахт кўчатига алоҳида эътибор ва парвариш шарт эканини кўрсатиб турибди. Бунинг учун масъулиятни ҳар бир мутасадди ўз зиммасига олишига тўғри келади.  

Маълум қилинганидек, дарахтлар атрофидаги бетон қўпорилиб йўл қўйилган хато тўғриланган. Бироқ берилган суратлардан кўриниб турибдики, ҳолат тўлиқ бартараф этилмаган, дарахтлар атрофи номигагина бетондан тозаланган, уларни парваришлаш учун етарлича шароит яратилмаган. Қолаверса, етказилган зарар ҳамда жарима миқдори жамоатчиликка маълум қилиниши керак эмасми? Бу ҳам ободонлаштириш бўлими ва бошқа мутасаддиларнинг масалага «хўжакўрсин» кайфиятда ёндашаётганини кўрсатиб турибди.  


Қурилишни амалга оширганларни жаримага тортиш билангина бундай ҳолатларга бутунлай барҳам бериш мушкул. Дарахтларга бундай муносабат учун тегишли ташкилот раҳбарлари, ҳар бир мутасаддининг ҳам масъулиятини кўриб чиқиш керак. Токи ҳар бир туп дарахт атроф табиий муҳитнинг бир бўлаги сифатида доим ҳимоя ва парваришда бўлиши кафолатлансин.

 

Ўзбекистон Экологик партияси

Марказий кенгаши матбуот хизмати