Муносабат

Муносабат


Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарёда Қизил китобга киритилган ва Ўзбекистонда саноқли қолган сиртлон овланди” мавзуида тарқалган хабар юзасидан Узун туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ва туман ИИБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. 


Суриштирув давомида Узун тумани "Мустақиллик" маҳалласида яшовчи фуқаро П. Очилдиев овчилик қилиши учун қуроли йўқлиги ва овчилик уюшмасига аъзо эмаслиги аниқланиб, фуқаро жорий йилнинг феврал ойида туманнинг "Хурсанд" маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжалигига қарашли ер майдонида қўйларини боқиб келган.Ярим тунда сиртлон (дўлта) чўпоннинг қўйларига ҳужум қилган, 5 бош ит қўйларни ҳимоя қилиш мақсадида дўлта яъни гиенага жароҳат етказади. Орттирилган жароҳатлар сиртлон (дўлта)нинг ўлимига сабаб бўлади.Ўлдирилган ҳайвон эртаси куни чўпонлар томонидан фото суратга туширилади.


Маълумот ўрнида сиртлон (дўлта)лар бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган кенжа тур ҳисобланиб, Қизил рўйхатга киритилган. Ярим чўл ва чўл ҳудудларида яшайди, кечаси ов қилади. Якка ёки жуфт бўлиб юради. Йилига 1 марта 2-4, баъзан 6 тадан болалайди. Гуруҳ бўлиб йирик туёқли ҳайвонлар, баъзан уй ҳайвонларига ҳам ҳужум қилади. 


Сиртлон (дўлта)ларнинг сони доимо кам бўлгани кузатилган. 2011 йилда Сурхондарё вилоятидаги Оқтепа сув омбори атрофида сиртлонларнинг 6 тадан иборат тўдаси аниқланган бўлса, 2012 йилда 10 бош сиртлон, 2016 йилда эса урғочи сиртлон ва 2 та боласи қайд этилган.


Қизил китобга киритилган сиртлон(дўлта)ларни мамлакатимиз ҳудудида овлаш тақиқланган. Сиртлонларни сақлаб қолиш мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда уларни яшаши учун шароитларни яратиш мақсадга мувофиқдир.

 

Ўзбекистон Экологик партияси ёввойи ҳайвонларни овлаш ва уларнинг ўлимига сабаб бўладиган ҳар қандай ҳаракатларни кескин қоралайди. Она табиатнинг ажралмас қисми бўлган ноёб ва камайиб бораётган ҳайвонларни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, ҳайвонот дунёсига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва қонун талабларига сўзсиз риоя қилишга чақиради.


Ўзбекистон Экологик партияси Матбуот хизмати