Муносабат

Муносабат

 

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ КОРРУПЦИЯДАН ХОЛИ ҚИЛИШ ВИЖДОНИЙ БУРЧИМИЗ БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ!

 

Ўзининг қадимий тарихи, унутилмас анъаналари ва қадриятларига эга бўлган жонажон Ўзбекистонимиз бугун ривожланишнинг янги босқичига чиқди. Бу эзгу ишларда барча соҳаларни ривожлантирувчи асосий куч, омил ва ресурс – алалоқибат кадрлар масаласига бориб тақалмоқда. Мамлакатимиз Президентининг улкан саъй-ҳаракатлари билан таълим тизими, шу жумладан олий таълим тизими бошқа соҳалар каби ривожланишнинг янги даврини бошидан кечирмоқда ва муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, олий таълим муассасалари сонининг ошиши, таълим сифатини янги босқичга кўтарилаётгани, моддий-техник базани тобора мустаҳкамланиб, ўқув адабиётларининг янги авлодлари яратилаётгани фикримиз далили бўла олади. Профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларнинг жамиятдаги нуфузини оширишга қаратилган ислоҳотлар ўз натижасини кўрсатаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги рейтингни эълон қилинди. Мазкур рўйхатда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимини фаолияти “қониқарсиз” деб баҳолангани барча олий таълим тизимида фаолият олиб бораётган педагоглар қатори бизни ҳам чуқур қайғуга солди. Бу баҳони эса бутун тизимга берилгани жуда аламли. Тўғри, “беш қўл баробар эмас”, “шоли курмаксиз бўлмайди”. Барча тизимда ҳам нафсини жиловлай олмайдиган, коррупция соҳасига аралашиб юрадиган ва тизимга салбий баҳо олиб берадиган кадрлар топилади. Бироқ, бугунги кунда олий таълим тизимда бу иллатни йўқотишга бўлган кескин чоралар ва муҳим амалий ишлар ҳам бўляптики, буни инкор этиб бўлмайди. Жумладан, бугунги кунда олий таълим муассасаларида илмий салоҳиятни янада оширишга, ёшлар билан маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Олий таълим муассасаларига қабул жараёнида шаффофликни таъминланаётганлиги, талабаларни билимини баҳолаш тизимида HEMIS дастурини жорий этилганлиги, талабалар ўқишини кўчириш, магистратурага талабгорларни қабул қилиш каби жараёнларни тўлиқ онлайн платформага ўтказилгани, синовларни ўтказиш олий таълим муассасалари ваколатидан чиқарилгани ҳамда бу жараёнларда назорат тўлиқ автоматлаштирилгани олий таълимда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилган энг муҳим ислоҳотлар натижаси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан берилган баҳо барчамизни яна бир бор чуқур ўйлантиришни, фаолиятимизни қайта таҳлил қилишни, бу борада жамоада кенг миқёсда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришимизни тақозо этади.

Қачон давлат, жамият ва халқ ривожланишга юз тутади? Қачонки, нафақат, таълим тизимидан, балки, жамиятнинг барча бўғинларидан коррупция илдизларини буткул чопиб ташласак. Биз, олий таълим тизимида фаолият юритадиган педагоглар ўзимизда коррупцияга қарши иммунитетни ривожлантиришимиз даркордир. Бундай иммунитетни ривожлантириш учун нафақат давлат органлари, балки таълим соҳасида фаолият юритадиган ҳар бир ҳамкасбимиз астойдил коррупцияга қарши турмоғимиз шарт ва зарур. Шундагина биз олий таълимни коррупциясиз соҳага айлантиришимиз мумкин бўлади.

Биз бугунги кунда олий таълим тизимида самарали меҳнат қилаётган ҳар бир педагог юқорида берилган баҳодан тўғри хулоса чиқаришга, ҳалол ишлашга ҳамда олий таълим тизимининг бир бўлаги бўлишдек муқаддас бурчни виждонан адо этишларига ишонамиз.

 

Наримон Дехканов,

Наманган давлат университети ёшлар масалалари

ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор,

сиёсий фанлар доктори

 

 




Report Page