Муносабат
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади — инсонга бўлган эътибор, аҳолининг турмуш даражасини изчил оширишдан иборат. Бу жараёнда маҳалланинг роли жуда катта ҳисобланади. Шу боисдан ҳам маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
“Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир. Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади. Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф этаман, – деди юртимиз раҳбари.– Янги йилнинг номида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун алоҳида давлат дастурини қабул қиламиз. Ушбу дастурда юртимиздаги тўққиз мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини албатта топади”.
Президент йиғилишда 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастур ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Шу устувор йўлналишларнинг биринчиси маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдир.
Маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда шаҳар ва қишлоқларни барқарор ривожлантиришга қаратилган аниқ механизмлар жорий этилади. Бу орқали маҳаллаларда иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, “яшил ҳудуд”ларни барпо этиш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш кўзда тутилган.
“Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналарини ҳар йили ўн миллион дона бадиий адабиётлар билан таъминлаб борамиз. Ана шундай ишларимиз туфайли 2026 йилда 1 миллион одамни доимий иш билан таъминлаб, 181 минг оилани камбағалликдан чиқарамиз, камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизга туширамиз ва камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказамиз”, –деди президент Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, маҳалла ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган ушбу ислоҳотлар аҳолининг фаровонлигини ошириш, иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.
Президентимиз маҳаллалардаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларни янада яхшилаш ҳақида гапираркан, келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилишини маълум қилди. Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туман танлаб олиниб, улардаги ҳамма маҳаллада барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилади. Ушбу тажриба Ургут туманидан бошланади. Туманда 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий экошаҳар барпо этилади. Шу каби ишлар танлаб олинган 33 та туман ва 330 та шароити оғир маҳаллада ҳам амалга оширилади.
Бир сўз билан айтганда, бу йил маҳаллалар ҳаётида бу каби бошқа янада катта ўзгаришлар юз беради, аҳолининг турмуш даражаси юксалади, қишлоқ ва шаҳарларимиз обод ва кўркам бўлади.
Шу ўринда туманимиз маҳаллаларида ўтган йил амалга оширилган ишларга қисқача тўхталиб ўтсам.
Туманимиздаги 60 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг шарт-шароитлари яхшиланиб, ходимларнинг ишлашлари учун етарли шароитлар яратилмоқда. Жумладан, барча маҳалла фуқаролар йғини раисларига планшетлар тарқатилди. Уларнинг ЭДО электрон тизимига кириши учун электрон калити бўлиб, ҳужжат алмашиниши йўлга қўйилган. “Намуна”, “Ахмад Ясаввий”, “Абдужалилбоб”, “Алоқа”, “Қуёшли”, “Ўрта” ва “Эшонгузар” маҳаллаларида Маҳалла сервес компаниялари ташкил этилиб, уларнинг фаолият йўлга қўйилган.
Замонавий маҳалла идоралари сони ҳам йил сайин кўпайиб бормоқда. Жумладан, туман ҳокимлиги ҳисобидан “Бўстон”, “А.Темур”, “Чорбоғ”(аввалги), “Файз”, “Асил” ва “Рамадан” маҳалла фуқаролар йиғинларининг эски бинолари ўрнида замонавий талабга жавоб берадиган маҳалла идоралари қад ростлади.
Жорий йилнинг май ойида туманимизда Маҳалла раисларининг сайловлари бўлиб ўтиб, янги раислар ўз иш фаолиятларини бошлашди. Иш фаолияти давомида аҳолини рўйхатга олиш жараёнлари олиб борилди. 2025 йилнинг июлида туманимиздаги 13 та маҳалла (“Чорбоғ”, “Гулзор”, “Ниҳол”, “Ватанпарвар”, “Янги ҳаёт”, “Наврўз”, “Ойбек”, “Дўстлик”, “Иқбол”, “Улуғбек”, “Ибрат”, “Алоқа” ва “Қиргузар”) қисқартирилишга тушиб, ёндош маҳаллага қўшиб юборилди.
2025 йилнинг охирига қадар келиб тушган ўн фоизли тушумдан бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Назарбек”, “Боғзор”, “Эски қалъа”, “Токзор”, “Аҳилобод”, “Фаробий”, “Мевазор”, “Истиқлолнинг 5 йиллиги” ва “Қаҳрамон” маҳаллаларидаги ички кўчалар таъмирланди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет”да ғолиб чиққан 23 та маҳалланинг ички ва асосий йўллари таъмирланди.
“Намуна”, “Навбаҳор”, “Боғзор”, “Нуробод”, “Истиқлол 5 йиллиги”, “Обод”, “Токзор”, “Қуёшли” маҳаллалари тунги ёритгич чироқлари билан таъминланди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 8050 туп мевали кўчатлар экилди. “Гулбоғ” маҳалласи биноси жорий таъмирланди, “Асил” ва “Олмазор” маҳаллаларига стуллар, “Нурафшон”, “А.Яссавий”, “Алимбува”, “Рамадан” ва “Эшонгузар” маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига замонавий моноблок компьютер жамламалари олиб берилди, 37 та маҳалла идораси биносига жами 46 дона қуёш панеллари ўрнатилди, 35 та маҳалланинг кадастр ҳужжатлари тайёрланди.
Бу каби амалга оширилаётган ишларнинг кўлами кенг. Келгусида эса олдимизда янада масъулиятли ишлар турибди. Аминманки, маҳалла “еттилиги” ҳамжиҳатликда иш юритиб, ўз олдиларига қўйилган вазифаарни сидқидилдан адо этишади.
Тўлқин ҲОЛИҚОВ,
Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси туман бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси.