Мукофот – бонус ҳақида

Мукофот – бонус ҳақида

Ислом молияси | Islom moliyasi

Яқинда бир обуначимиз бонус – мукофот ҳақида савол бердилар. Ушбу саволга жавоб бошқа обуначиларимизга ҳам фойдали бўлади деган фикрда, уни сизлар билан бўлишишга қарор қилдик.

Маълумки, аксарият ишлар нафақат маош (ойлик), балки мукофот (замонавий тилда – бонус)ни ҳам кўзда тутади. Баъзи ишлар фақат маошни кўзда тутса ҳам, иш берувчи ўз ихтиёри билан иш бажарувчига мукофот бериши ҳам мумкин. Асосийси икки томон иш ҳақини ва мукофотни арлаштириб юбормасликлари керак. Чунки иш ҳақи муайян келишилган ишни/вазифани бажаргани учун берилади, мукофот эса бирор бир келишилган ишни яхшироқ бажаргани учун ёки иш берувчи томонидан ишни бажарган томонни рағбатлантириш учун берилади. Иш ҳақи ва мукофот бир бирини истисно қилмайди (яъни иш ҳақи берилди дегани, энди ўша ходимга/ишчига мукофот берилмайди дегани эмас). Иш ҳақи аниқ келишиб олиниши керак бўлган нарса, мукофот эса доим ҳам келишилмайди, балки иш берувчи ўз ихтиёри билан ҳам мукофот бериши мумкин. Шу билан бирга, ишчи-ходимларни ишга бўлган рағбат-иштиёқини кучайтириш учун уларга мукофот ваъда қилиш мумкин. Бунда, мукофот берилишининг шартлари аниқ эълон қилиниши/билдирилиши керак, акс ҳолда тушунмовчилик юз бериши муқаррар (бундай ҳолатни ҳаётда жуда кўп учратамиз, ишчилар ўзларини мукофотга лойиқ деб кўришади, иш берувчи эса уларнинг ишидан қониқмайди ва уларни мукофотга лойиқ деб билмайди).

Хўш, мукофот қандай берилади?

Мукофот ойлик маошнинг муайян улуши миқдорида белгиланиши ҳам (масалан, ойлик маошнинг 30% миқдорида), ойлик маошга боғлиқ бўлмаган ҳолда аниқ бир миқдор (сумма) кўринишида (масалан 1 млн. сўм) белгиланиши ҳам мумкин.

Мукофот ҳар ойда берилиши ҳам мумкин, йилда бир марта берилиши ҳам мумкин, яъни бу иш берувчининг ихтиёридаги масала. Лекин, ишчилар (касаба уюшмаси орқали ёки ўзлари мустақил равишда), қайсидир ишни муваффаққиятли тарзда бажарганликлари учун мукофот сўрашлари мумкин.

Иш берувчи мукофот бердим деб, иш ҳақини кесишга ҳақли эмас, чунки иш ҳақи ўз номи билан бировнинг ҳақи. Шу билан бирга, ишчилар ҳам бажармаган ёки сифатсиз бажарган ишлари учун иш ҳақи талаб қилишлари ва олишлари ўзганинг ҳақига ҳиёнат қилишдир. Бу масала икки томон ҳам ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак бўлган масаладир. Зеро, бировнинг ҳақини ҳиёнат қилиш / ўзлаштириш ҳатто шаҳидни ҳам жаннатдан тўсиши мумкин бўлган оғир гуноҳ саналади.

Шартлари аниқ эълон қилинган/билдирилган мукофот ҳам, агар ўша шартлар бажарилган бўлса берилиши лозим бўлган ҳақлар қаторига кириб қолади.

Бугунги кунда KPI деган тушунча бор, бу оддий қилиб айтганда ишчи ходим зиммасидаги вазифаларнинг бажарилганлик кўрсаткичларидир. Айнан шу KPI ни иш ҳақини бериш учун ҳам, мукофот бериш учун ҳам жуда яхши мезон ва жуда яхши замонавий восита дейиш мумкин.

Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ҳам Аллоҳ таоло ҳаётлик даврларида эзгу ишлар қилган бандаларига турли мукофотлар ваъда қилади.

Масалан, «Ҳадид» сурасининг 18 оятида Аллоҳ таоло: «Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор, деб марҳамат қилади».

Яъни бечора ва камбағалларга садақа берувчи эркаклар ва аёллар ҳамда Аллоҳнинг йўлида, савоб умидида молу дунё сарфлаганларнинг мукофотига Аллоҳ таоло савобни бир неча чандон, ривоятларда келишича, еттидан етти юзгача кўпайтириб беради. Шу билан бирга, уларга карамли ажр-мукофот, яъни жаннатни ҳам раво кўради.

Агар эътибор қилсак, бизга ризқ бераётган Аллоҳ аслида ҳеч қандай мукофот ваъда қилмаслиги ҳам мумкин эди, лекин бандаларига ўта меҳрибон бўлган Зот яхши амаллар қилганларга олий мукофотларни ваъда қилмоқда. Албатта бундай олий мукофотларни тасаввур қилиш, бизни эзгу амалларда бардавом бўлишга ва уларни янада кучлироқ жидду жаҳд билан қилишга ундайди.

Валлоҳу аълам.

Report Page