Мукаммал таъмирлаш ишлари якунланган 4 та мактаб фойдаланишга топширилди

Мукаммал таъмирлаш ишлари якунланган 4 та мактаб фойдаланишга топширилди


Бугун пойтахтимизнинг Олмазор, Учтепа, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларида Инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирланган 4 та умумтаълим мактабларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси, маҳаллий ҳокимлик вакиллари ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди. 

Замон талаблари асосида мукаммал таъмирдан чиққан мазкур мактабларда ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган. Мазкур мактаблар янгича қиёфага келтирилиб, фасад қисмидан тортиб, ички, коммунал ва иссиқлик тизимларигача батамом замонавий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Хусусан, ушбу мактабларда ахборот технологиялари хонаси, тўгарак хоналари, кимё, биология, физика лаборатория хоналари, хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хоналари, ўғил ва қиз болалар учун технология хоналари, мусиқа хонаси, кутубхоналар қайтадан таъмирланган. Бундан ташқари ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида электрон кутубхона, тиббиёт хонаси, фаоллар зали, шинам ошхона, спорт заллари ҳам янги жиҳозлар билан таъминланди.

Мактабларда фан хоналаридан ташқари ўқувчиларнинг турли ҳунарларни ўрганиб чиқишлари учун тўгаракларга мос хоналари ҳам ташкил этилган.

Бугун фойдаланишга топширилган мактаблар қуйидагилар:

✅ Олмазор туманидаги 22-сонли умумтаълим мактаби (1060 ўринли)

✅ Учтепа туманидаги 129-сонли умумтаълим мактаби (960 ўринли)

✅ Шайхонтоҳур туманидаги 102-сонли умумтаълим мактаби (960 ўринли)

✅ Юнусобод туманидаги 117-сонли умумтаълим мактаби (720 ўринли)

Маълумот учун:

Шу ҳафта давомида пойтахтимиздаги 16 та мукаммал таъмирланган умумтаълим мактаблари фойдаланишга топширилди.

Report Page