“Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ ходимининг мурожаати ўрганилди

“Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ ходимининг мурожаати ўрганилди


Қашқадарё вилояти “Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ ишчиси Йўлдошев Ахтам Авазовичнинг ижтимоий тармоқларга жойлаштирган видеомурожаати “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тузилган раҳбар ходимлардан иборат назорат гуруҳи томонидан тегишлилиги бўйича ўрганилди.

Йўлдошев Ахтам Президентга йўллаган ушбу видеомурожаатида ўзи ва ҳамкасблари номидан ойлик маошининг оширилиши, Қурбон ҳайити ва Мустақиллик байрамлари муносабати билан тўланадиган мукофот пулларини берилишини, иш ҳақини ўз вақтида тўланишини, электроэнергияни иқтисоди учун тўловни, туман коэффициентларини тўланишини ва тизимдаги ўзгаришлар сабаб, иш ўринларини сақлаб қолинишини сўраган.

Юқорида кўтарилган барча масалалар мурожаатчи иштирокида назорат гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида “Муборак газни қайта ишлаш” заводи ишчиларига август ойи учун иш ҳаққи 2019 йилнинг 11 сентябрь куни тўлиқ тўлаб берилгани аниқланди. 

Таъкидлаш жоиз, 2019 йил 6 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кўра, йиллик устама ва йиллик қўшимча таътиллар табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойлар рўйхатига киритилган ҳудудларда ишловчи ходимларга қўлланилади ва берилади. Ушбу Меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ҳудудлар рўйхатига Қорақапоғистон Республикаси, Наманган, Бухоро ва Навоий вилоятлари киритилган. Қашқадарё ҳудуди эса назарда тутилмаган.  

Шунингдек, А.Юлдашев Муборак тумани Янги Қорақўм массивидаги янги намунали уйлардан кредитга олиб яшайди. Завод А.Юлдашевни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида завод томонидан 63 млн миқдоридаги дастлабки бадал пули тўлаб берилган. Қолган миқдорини Йўлдошев ойлик маошидан ҳар ой тўлаб келмоқда. 

Қурбон ҳайити ва Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик байрами муносабати билан тўланадиган мукофот пуллари ҳамда электроэнергияни иқтисоди учун тўланадиган пул миқдори бўйича "Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЖЧ маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан қўшма қарорлар қабул қилинган. Аммо "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимини қайта ташкил этилиши муносабати билан байрам мукофотларининг тўлови кечиктирилган. Ушбу маблағлар жорий йил якунига қадар босқичма-босқич тўлаб берилади. 

Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз”АЖ тизимининг барча жабҳаларини соғломлаштириш мақсадида қайта ташкил этиш жараёнлари олиб борилмоқда. Ишчиларга тўланадиган ойлик маошларининг миқдори янги структура бўйича сезиларли даражада ўсиши мумкин.


"Ўзбекнефтгаз" АЖ матбуот хизмати

Report Page