Муаммо саксовулнинг илдизида
Дониёр Рўзметов“Айсбергнинг таги ёки сувдан чиқиб турган учи” деган метафора, яъни қиёслаш дунёда кенг тарқалгандир. Бу ҳақда ҳамма билса ҳам ҳар эҳтимолга қарши эслатиб ўтаман : айсберг бу океан ва денгизларнинг совуқ ҳароратли қисмларида сузиб юрувчи “муз тоғ”лар бўлиб, унинг асосий қисми, яъни 90%гача бўлган қисми сувнинг тагида кўринмай туради. Одатда кемаларнинг йўловчилари айсбергларни суратга тушириш билан машғул бўладилар, чунки улар айсберглар ва уларнинг хавфлари ҳақида чуқур ва мукаммал билимга эга бўлмайдилар. Лекин агар кемани бошқариб бораётган денгизчилар, жумладан кема капитани билимсиз ва айсбергларга нисбатан эътиборсиз бўлсалар, уларнинг кемалари айсбергга бориб урилиши ва ғарқ бўлиб кетиши мумкин. Бундай бўлиши мумкинлигига ишонмайдиган инсонлар “Титаник” кемасининг тақдирини эслашлари кифоя.

Ўзбекистон океан ва денгизларга чиқиши учун камида иккита давлат ҳудудларини кесиб ўтиши керак бўлган давлат ҳисобланади. Шунинг учун, “денгиз, айсберг ва ҳоказолар бизлар учун бегона” дейдиган инсонлар учун “маҳаллий мисол” ҳам келтиришим мумкин.
Қизилқум ва Қорақум чўлларида саксовул деган ўсимлик ўсади. Ўсимликнинг ер юзидаги “дарахт” қисми узоғи билан 1.5-2 метр атрофида бўлади. Лекин унинг ер остидаги илдизлари 10-12 метр ва ҳатто ундан ҳам узун бўлиши мумкин. Буюк Ипак йўллари бўйлаб йўлга чиққан карвонлар чўлларда ҳафталаб, ойлаб юришларига тўғри келган. Табиийки, юзлаган туялар, отлар ва эшаклардан иборат карвоннинг аҳолисини, савдогарларни, уларнинг оилаларини, уларнинг қўриқчиларини ва ҳайвонларни (туя, от ва эшаклар машина, поезд эмас, улар ҳам озуқа ейди ва сув ичади) сув ва озуқа билан таъминлашнинг ўзи бўлмаган. Шундай пайтларда карвонбошиларнинг саксовул ўсимлиги ҳақидаги билимлари уларнинг жонларига оро кирган. Саксовул ўсимлиги жуда “ақлли” ўсимлик ҳисобланади. У одатда чўлнинг ер остидаги сувларни қидириб топади ва шу туфайли чўлдаги жазирама иссиққа қарамасдан яшашда давом этаверади.
Карвондаги йўловчилар саксовулнинг бор йўғи ер юзидаги кичкина қисмини кўрганлар. Саксовулнинг хусусиятларидан хабардор бўлган карвонбошилар эса саксовулнинг илдизлари остидан қудуқ қаздириб, ер ости сувларини топганлар ва карвон аҳлининг чанқоғини қондирганлар...
... Ҳозир кўпчилик инсонлар инглиз тилини яхши биладилар. Асли соҳаси иқтисодчи, ҳисобчи, инженер, юрист ва ҳоказо бўлишига қарамасдан улар инглиз тилини сув қилиб ичиб юборганлар. Кўпчилик ватандошларимиз рус тилини яхши биладилар ёки ҳатто уларнинг орасида рус тилини она тилларидай биладиганлари ҳам талайгина. Ўзбек тилини деярли барча ўзбеклар биладилар. Оиласида русийзабон тарбия кўрган ва ўзбек тилини яхши билмайдиган камсонли ўзбекларни ҳисобга олмаганда ўзбек тилини билувчи ўзбекларнинг сони деярли 100 фоизга яқиндир.
Мана шу инглиз тилини, рус тилини ва ўзбек тилини биладиган, гапирадиган ва сув қилиб ичиб юборганларнинг биронтаси мазкур тиллардаги тил билан боғлиқ муаммоларни тушуна олмасликлари ва уларга ечим топа олмасликлари мумкин. Чунки улар тилларни билганлари билан уларнинг соҳалари бошқадир.
Тилларнинг муаммоларини тилшунослар ва филологлар таҳлил ва тадқиқ қиладилар. Чунки тилни гапириш бошқа, тилни ва унинг ҳусусиятларини билиш бошқа. Масалан, мен француз тилининг филологи сифатида француз тилининг траскрипциясида диктант ёзишим ва нима сабабдан француз тилида келишиклар йўқлигини билишим мумкин. Лекин бу ишни Франциянинг 65 миллиондан ортиқ аҳолисининг ичидан фақат тилшуносларигина қила оладилар. Чунки французлар француз тилида гапирадилар, лекин тилшунос эмаслар. Шунинг учун, ҳар бир соҳани ва унинг муаммоларини ўрганишда шу соҳанинг мутахассисларига мурожат қилган маъқул. Жўн қилиб айтганда, нонни ейишни ҳамма эплайди, лекин уни фақат новвойгина ёпа олади. Телевизорни тузаттириш учун дурадгорга олиб борилмайди ва беморни операция қилишни фақат жарроҳгагина ишонилади...
... 1000 йилда, яъни 27 ёшлик пайтида Абу Райхон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” деган асарини ёзган. Асарнинг аввалида у шундай деб ёзади :
“Адиблардан бири мендан турли хил халқлар ҳақидаги тарихлар, уларнинг бошланишлари, шахобчалари, яъни ойлар ва йиллари устида у тарих эгаларининг ихтилофлари ва ихтилофлар сабаблари, машхур байрамлар, турли вақтлар ва ҳар хил юмушлар учун белгиланган кунлар, миллатларнинг баъзиси амал қилиб, баъзиси амал қилмайдиган бошқа маросимлар ҳақида сўради ва мени имкон қадар борича уларни жуда равшан баён этиб, ўқувчи фаҳмлайдиган, турли китобларни ахтариш ва у китоб эгаларини суриштиришга эҳтиёж қолдирмайдиган бир асар ёзишга даъват этди”.
Шундан кейин у ўз асарида форслар, араблар, хоразмликлар, сўғдийлар, яхудийлар, христианлар, мисрликлар, қадим ассурияликлар, зардуштийлар ва бошқа миллат ва элатларнинг йил, ой, ҳафта ҳисоблари, тарихлари, динлари, урф-одатлари ва ҳоказолар ҳақида инсоннинг ақли бовар қилмайдиган даражада кўп маълумотларни беради. Энг аҳамиятлиси, интернет, телевизор, газеталар ва ҳатто босма китоблар ҳамда кутубхоналар мавжуд бўлмаган 1000 - йилда, бобокалонимиз ушбу маълумотларни тўплаб, уларни илмий йўллар билан чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб, ундан кейин уларни соддалаштириб, ўқувчиларга тақдим этган.
Шу мавзуга доир яна бир гап. Бундан бир неча йиллар олдин Абу Райхон Беруний ва Абу Али ибн Синоларнинг ўзаро ёзишмаларини қизиқиш билан ўқиб чиққан эдим. 18 та ёзишмани ўқимасдан олдин менда “Мингинчи йилларда элементар нарсалар ҳақида ёзишган бўлсалар керак” деган фикр бор эди. Физика, химия, астрономия, фалсафа ва бошқа фанларга тегишли бўлган ёзишмаларни ўқиб чиқиб, уларда бобокалонларимиз Аристотелдан тортиб Ал Форобийгача бўлган олимларнинг асарларини илмий таҳлил қилиб, шулар юзасидан ўта чуқур илмий-таҳлилий суҳбатлар юритганликларини билгач, мен уларнинг олдида бизнинг 21 – ахборот ва интернет асридаги билимларимиз ва савияларимиз қанчалар элементар эканлигини англаб етганман...
... Мен табиатан ўзимга ва ўзгаларга, айниқса яқинларим, жумладан ватандоларимга нисбатан жуда талабчан инсонман. Тўғри, мутлақ мукаммал ва бенуқсон бўлиш имконсиз нарсадир, лекин мен инсон камолотга томон интилишдан тўхтамаслиги керак деб ҳисоблайман.
Шундан келиб чиқиб, мен барча ватандошларимиз сингари юртимиз ва жамиятимиздаги воқеалар, айниқса муаммоларга бефарқ эмасман. Кузатишларимга ва олган билимларимга таянган ҳолда айтишим мумкинки, бизнинг ЭНГ КАТТА МУАММОмиз бу муаммонинг илдизини ўрганишнинг ўрнига саксовулнинг ер юзасидаги қисмини кўриш ва шу ҳақда гапириш билан кифояланишимиз экан. Чунки жамиятимизда учраётган муаммоларнинг кўпчилиги кўзга кўринмас, айсберг ва саксовулга ўхшаган муаммолардир. Уларни ҳамма ҳис қилиб туради, лекин таҳлил қилиб, чуқур ўргана олмайди. Чунки уларни илмий ўрганиш, таҳлил қилиш, соддалаштириб халққа тушунтириш ва шу йўл билан иллатларга қарши курашиш учун фақат кема ёки карвоннинг оддий йўловчиси бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун инсонга махсус билимлар ва кўникмалар керак бўлади.
Худога шукур, ҳозирги кунда бизларнинг имкониятларимиз беқиёсдир. Тинч замонда яшамоқдамиз, чекланмаган инсоний ҳуқуқларимиз бор, Ўзбекистонда ва ҳатто дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таълим олиш учун имкониятлар яратилган, миллионлаб китоблар жам бўлган кутубхоналар қурилган, "Гугл" қидирув тизими ва "Википедия" интернет энциклопедиясидан маълумотларни бир неча сонияларда олишимиз мумкин. Лекин бизлар бу имкониятлардан фойдаланишнинг ўрнига енгилликка интиламиз. Минг йиллар олдин Абу Райхон Беруний, Абу Али ибн Сино каби бобокалонларимиз дунё халқларининг тарихлари, урф-одатлари ва муаммоларини чуқур ўрганиб, илмий таҳлил қилиб, ечимлар таклиф қилиб кетган бўлсалар, бизлар ёлғиз ўзимизнинг муаммоларимизни ўрганишга ва таҳлил қилишга қодир бўлмаяпмиз. Менимча бундай бўлиш ва бундай қилиш нотўғри.
Шундан келиб чиқиб, мен ҳукуматимизни кўринмас муаммоларни ўрганишга ихтисослашган ижтимоий ва гуманитар фанлар – тарих, социология, этнография, антропология, фалсафа ва бошқа фанларни қўллаб-қувватлашга чақираман.
Муаммоларни юзага олиб чиқишда жонбозлик кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларимизни ўз ҳаракатларини янги босқичга олиб чиқишларига даъват этаман. Яъни улар ҳозиргидай фақат муаммоларнинг мавжудлигини айтиш билан чекланиб қолмасдан, мазкур муаммолар юзасидан шу соҳаларнинг мутахассисиларига мурожат қилсинлар, уларга сўз берсинлар, мунтазам ҳамкорлик қилсинлар ва ўқувчиларга савияли таҳлилий мақолаларни тақдим этсинлар. Чунки, мен нон ҳақида новвойдан, тил ҳақида тилшуносдан фикр сўраш энг тўғри йўл бўлади деб ўйлайман.
Ва ниҳоят, касби коридан ва билим даражасидан қатъий назар барча ватандошларимизни муаммоларга енгил қарамасликка, улар ҳақида жўн ва енгил хулосалар чиқармасдан, ўқиб изланишга чақираман. Зеро бизлар, минг йиллар давомида муаммоларни чуқур ўрганиб, ундан кейин тўғри хулосалар чиқарган аждодларнинг авлодларимиз. Уларга муносиб бўлиш бизлар учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади.