Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш

ЖИБ Наманган вилоят суди

Ўзбекистон Жиноят кодексида "Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш" (4-бўлим 45-модда) бўлиб, судлов жараёнида ана шу модда юзасидан мурожаат қилувчилар кўп учрайди. Мазкур модда мазмун-моҳияти ҳақида фуқароларга тушунча бериш ҳамда баъзи фикрларни ўртага ташлаш мақсадида шу мавзуга тўхталмоқчимиз. Маълумки, қўшимча жазо чораларини қўллаш янги жиноят содир этилишининг олдини олишда жуда муҳим. Шунга кўра судлар ҳукм чиқариш жараёнида асосий жазо билан бирга қўшимча жазони қўллашга ҳам эътибор қаратиши лозим.

45-моддада кўрсатилганидек, шахсни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш — суд тайинлаган муддат давомида айбдорнинг корхона, муассаса ёки ташкилотда у ёки бу мансабни эгаллашини ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланишини тақиқлашдан иборат. Ана шундай мансаб ёки фаолият тури суд томонидан айблов ҳукмида кўрсатилади. Бу жазо бир йилдан беш йилгача тайинланади. Агар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш айбдорга асосий жазо тариқасида тайинланмаган бўлса, суд томонидан ушбу кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган ҳар қандай турдаги жазога қўшимча тариқасида тайинланиши мумкин.

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш озодликдан маҳрум этиш, интизомий қисмга жўнатиш ёки қамоқ жазосига қўшимча жазо тариқасида тайинланган бўлса, асосий жазонинг бутун муддатига, бундан ташқари суд ҳукми билан тайинланган муддат доирасида жорий этилади. Қўшимча жазо шартли ҳукм қонуний кучга кирган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо ЖКнинг Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида тайинланади.

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш давлатнинг мажбурлов чораси сифатида алоҳида тавсифи билан ажралиб туради. Қонуннинг моҳиятидан келиб чиқиб айтиш лозимки, суд айбдорга мазкур жазони тайинлаётганда фақат биргина фаолият тури билан шуғулланишни тақиқлайди. Умуман олганда, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси давлат ёки жамоат мулкини талон-торож қилган, порахўрлик жиноятини содир этган шахсларга нисбатан қўлланганда самаралироқ натижага эришилади.

Шу ўринда айтишимиз керакки мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг яна бир мисоли бу тадбиркорлик фаолиятидир, ЖКнинг 45-моддаси бешинчи қисмига 2016 йил 29 декабрь кунги ЎРҚ-418-сонли қарори билан киритилган ўзгартиришнинг мазмун ва мохияти шуки «Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланмайди, бундан одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳоллар мустасно» деб кўрсатилган, мамлакатимизда тадбиркорлар фаолиятига кенг эътибор қаратилаётганлигига яққол мисолдир.

Таъкидлаш жоизки, амалиётда айрим судлар томонидан маҳкумга умуман муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазони қўлламаслик ҳоллари учрамоқда. Шу сабабли суднинг ҳукми юқори инстанция судининг ажримига асосан бекор қилиниб, иш янгидан кўрилмоқда. Бир неча жиноят содир этганликда айбдор деб топилган шахсга нисбатан қўшимча жазо тури ва миқдори асосий жазо сингари ҳар бир ҳаракат учун алоҳида, сўнгра жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил тайинланиши лозим. Агар қўшимча жазо жиноятлар мажмуига кирувчи бирорта ҳам жиноят учун тайинланмаган бўлса, у жиноятлар мажмуи бўйича қўлланиши мумкин эмас. Чунончи, Ўзбекистон Олий суди пленумининг 2006 йил 3 февралдаги "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги қарорининг 48-бандида муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазони тегишли асослар мавжудлиги ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ушбу фаолият касб ёки тирикчилик манбаи бўлган шахсларга нисбатан қўллашнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги масаласини муҳокама қилиш тавсия этилади.

Қонун бўйича тайинланиши мажбурий бўлган қўшимча жазони қўлламаслик (ЖКнинг 57-моддаси қўлланган ҳоллар бундан мустасно), ҳукмда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини кўрсатмаслик, тайинланган қўшимча жазонинг ўталмаган қисмини қўшмаслик, қўшимча жазони фақат жиноятларнинг жами бўйича тайинлаш каби ҳолларда Жиноят кодекси нотўғри қўлланган деб баҳоланиб, ЖПКнинг 484-моддаси 4-банди ҳамда 488-моддаси талабларига кўра ҳукмнинг бекор қилинишига асос бўлади.

Туман суди томонидан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб шахсни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан боғлиқ 2020 йилнинг 9 ойи давомида 15 та жиноят иши бўйича 16 нафар шахсларга нисбатан қўлланилган, 2019 йилнинг 9 ойи давомида 26 та жиноят иши бўйича 38 нафар шахсларга нисбатан қўлланилган. Ушбу кўрсаткич жорий йилда камайганлигини кўриш мумкин.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, судлар томонидан адолатли жазо тайинланиши кўзланган мақсадга — маҳкумни ахлоқан тузатиш, янги жиноят содир этилишининг олдини олишга эришиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз. Бу жазо турини қўллашда фаолият тури айбдорнинг асосий моддий таъминот (тирикчилик) манбаи эканлигига эътибор бериш лозим. Қонунларимизнинг инсонпарварлиги ҳам мана шунда.

Жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг раиси Ж.Курбанов

Report Page