Муҳими, йўл равон, кўприк мустаҳкам, йўловчига қулайлик бўлсин

Муҳими, йўл равон, кўприк мустаҳкам, йўловчига қулайлик бўлсин

Buxoro.uz

Айни пайтда шаҳар ва туманларда аҳолини қийнаётган муаммолар ечимига эътибор қаратилгани ҳолда биринчи галда йўл таъмирига доир мурожаатлардан келиб чиқиб, манзилли таъмирлаш, йўл ҳолатини яхшилаш, асфальт, бетон ётқизиш, шағаллаштириш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бу борада вилоят Автомобил йўллари бош бошқармаси ҳамда "Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш" унитар корхонаси томонидан жойларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган кўчаларда таъмирлаш-тиклаш, пиёдалар йўлакларини қуриш, йўловчи ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш каби ишларга эътибор кучайтирилган.

— Ўтган 2022 йилда вилоят миқёсида “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” давлат дастурлари асосида умумий узунлиги 380 километр ички йўлни таъмирлаш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 120 миллиард сўм маблағ ажратилган, — дейди “Бухоро минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонасининг ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи Дилмурод Қурбонов. — Бу борада барча куч ҳамда воситаларни ишга солган ҳолда белгиланган манзиллардаги ишларни тўла-тўкис якунига етказиб, равон йўлни фойдаланишга топширдик. Жорий йилдан эса вилоятдаги маҳалла ва қишлоқлар ички кўчаларини ўрганган ҳолда умумий узунлиги 1 минг 335 километрга тенг умумфойдаланувдаги йўлни қуриш ва таъмирлаш ишлари учун умумий қиймати 772 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган бўлиб, жойларда амалий ҳаракат дастлабки ойдан бошланган. Айтиш жоизки, бу иш ҳажми ўтган йилги лойиҳалардан уч баробарга кўп демак. Шунга қарамасдан, жорий йил шу кунига қадар йўлсозлар меҳнати билан вилоят шаҳар ва туманларида белгиланган ички автомобил йўлининг 896 километр масофадаги қисми  таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Бу умумий иш ҳажмининг айни пайтда 66 фоизини ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, йўлсозлар жамоалари томонидан ўтган ойлардан автомобил ҳаракати тиғиз бўлган шаҳар атрофи катта йўлларида ерости пиёдалар туннеллларини қуришга эътибор қаратилган. Жумладан, бу борада Бухоро шаҳрида амалга оширилган лойиҳалардан бири “М-37”—“Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” автомобиль йўлининг 264-километри ёки “Карвон” буюм бозори олдидан ўтувчи ер ости ўтиш йўлининг қуриб, битказилиб, Наврўз байрами кунларида фойдаланишга топширилганидир.

Янгича андозадаги мазкур ерости туннели тажрибали мутахассис Мурод Бердиев раҳбарлигидаги “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси бунёдкорлари томонидан амалга оширилди. Пиёдалар ер ости ўтиш йўлининг узунлиги 32 метр, кенглиги 4,5 метр, баландлиги 2,5 метрдан иборат бўлиб, унинг қурилишда 250 куб метр бетон, 20 тонна арматура, 1000 метр квадрат гранит ва бошқа қурилиш материаллари ишлатилгани иш кўламидан далолат.  

Мазкур ерости йўлидан унча узоқ бўлмаган яна бир манзилда, “М-37” автомобил йўлининг Бухоро тумани “Работак” МФЙ дан ўтувчи қисмида худди шундай, яна бир ерости йўли қурилиши жадал давом эттирилмоқда.

Умуман, вилоятда йўл қурилиши ва таъмирига келсак, 52 километр масофада бетонлаштириш, 580 километр асфальтлаштириш ишлари ва 268 километр узунликдаги шағаллаштириш ишлари манзилли битказилиб, фойдаланишга топширилгани маҳалла ва қишлоқ аҳолиси учун катта қулайликдир. Ўтган йилги бажарилган ишлар, йўл қурилишига доир ўтказилган тендер танловларидан иқтисод қилишга эришилган қиймати 90 миллиард сўм маблағ ҳисобидан вилоят миқёсида қўшимча 150 километрга тенг ички йўл таъмири лойиҳалаштирилгани қувонарли, албатта. Жорий йилги режа эса шаҳар ва туманлар миқёсида 1 минг 500 километрга етказилган. Шу йил ўтган уч ойида жойларда йўлсозлар жамоалари томонидан 368 та йўл иншоотидан 54 тасида белгиланган ишлар тўла-тўкис адо этилгани ҳолда, равон йўл фойдаланишга топширилган.  

Жондор тумани “Хосакори” МФЙ да катта захкаш устига ўрнатилган осма кўприк ўтган аср 60-йилларида қўлбола усулда қурилган бўлиб, ҳали-ҳануз маҳаллий аҳоли гарчи аллақачон эскириб, яроқсиз ҳолга келган бўлсада, йўлни қисқартириш мақсадида шу кўприкдан ўтиб-қайтишар эди. Ҳақли эътирозлардан сўнг ниҳоят, бу кўприк ёнидан темир-бетон конструкцияли, мустаҳкам кўприк қурилиши бошлаб юборилди. Бунинг учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 330 миллион сўм маблағ ажратилиб, бу ишда Ромитан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси жамоаси жонбозлик кўрсатди. Яқинда мазкур кўприк фойдаланишга топширилди.

— Очиғи, шу ҳудуддаги Қозикенти, Жанафар, Умархўжа қишлоқларининг қарийб 3 мингга яқин аҳолиси кундалик фойдаланиб келаётган кўприкдан болаларимиз мактабга, катталаримиз ишга, бозор-ўчарга қатнар, аммо нураб, тўкилай деб турган афтодаҳол кўприкдан жуда хавфсираб қолгандик, — дейди маҳалла оқсоқоли Обид Бекназаров. — Бугун йўлчиларимиздан миннатдормиз, бизга замонавий, пишиқ кўприкни қуриб бердилар. Негаки, эндиликда маҳалла ва туман марказига ўтадиган йўлимиз 2,5 километрга қисқарди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати          

Report Page