Муҳаббат Ибрагимова: “Аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш долзарб масала”

Муҳаббат Ибрагимова: “Аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш долзарб масала”

Farmatsevtika taʼlim va tadqiqot instituti

Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 11 март санасида, Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2021 йил фаолияти якунлари бўйича ҳисоботи» мавзусида матбуот анжумани ўтказилган эди. Матбуот анжуманида муҳокама қилинган мавзулар юзасидан Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлиги директори маслаҳатчиси Муҳаббат Ибрагимова билан суҳбатлашдик.

  • Муҳаббат опа, матбуот анжуманида журналистлар томонидан кейинги вақтларда ОАВ ва ТВ орқали намойиш этилаётган дори воситалари рекламасининг савиясизлиги, сифатсизлиги билан боғлиқ саволлар берилди. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу борада салбий фикрлар билдирилмоқда. Бу қанчалик ўринли савол?

Муҳаббат Ибрагимова: Тўғри айтасиз, фармацевтика соҳасидаги деярли аксарият матбуот анжуманларда шу мавзу кўтарилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилда қабул қилинган “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида” қонун бор. Ушбу қонуннинг 14-моддасида дори воситалари ва фармацевтика бўйича аниқ маълумотларни ОАВ орқали мунтазам ёритиб бориш ҳақида кўрсатиб ўтилган. Республикамизда дори воситалари ва фармацевтикага оид хабарлар жойлашган расмий веб-сайтлар мавжуд. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида ҳам www.uzpharmagency.uz расмий сайти ҳамда https://t.me/Uzpharm_agency телеграм канали очилган. Ушбу сайт ва телеграм канал орқали юртдошларимиз керакли маълумотларни олишлари мумкин. Ҳар куни камида 4-5 та хабар ва маълумот қўйиб борилади. Фикримча, журналистлар бу мавзуга қизиқиб уни тизимли ўрганишмаяпти. 

Иккинчи сабаб шундан иборатки, бу масала аҳолининг тиббий саводхонлиги билан чамбарчас боғлиқ. Ҳамма қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар мазкур муаммони бартараф қилишга қаратилган. 2022 йил 21 январда қабул қилинган 55-сонли Ўзбекистон Республикасининг Президент Фармонида дорихоналарни тартибга солиш бўйича меъёрлар кўрсатилган. Назаримда, ушбу фармоннинг мазмун моҳиятини ҳозирча ҳамма тўлиқ тушуниб етгани йўқ. Ҳужжатда 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2024 йил 1 январгача зарур дорихона амалиётини талабларга мувофиқ равишда ташкил қилиш ва мажбурий сертификат олиш кўрсатилган. Унга кўра, эндиликда дорихона дўкон бўлмайди, ҳар бир дори воситасини бериш жараёнини ўз тартиби бор, дорини реализация қилиш олдидан  беморни аҳволини сўраш керак. Энг асосийси, бериладиган дори воситаларини рецепт асосида сотиш тартибига риоя қилиш керак. Қачон жамиятда одамлар турли хизматларга нисбатан талабчан бўлса, шундагина жуда кўп муаммолар ҳал бўла бошлайди. Аҳоли ўз ҳаққини билса натижа беради. Ҳақиқатдан ҳам бу долзарб масала, ОАВ ва журналистлар бу мавзуни мунтазам ёритиб боришлари зарур. Яқинда чиққан фармонга биноан фармацевтика соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Бироқ, бу масалани ечимини топиш учун одамларнинг ўзи ҳам курашиши керак. Юртдошлармиз аҳолимиз ўз хақ-ҳуқуқларини билиши, тиббий маданиятини ошириши керак. Қолаверса, дорихоналардан сотиб олаётган ҳар бир дори воситаси, аналоглари бўйича маълумотлар билан қизиқиши зарур. Агар дори воситасининг нархи жуда юқори бўлса ёки шубҳали кўринса, харидор дорихонадан препаратнинг ҳосил килинган нарх устамаларни ва реестр бўйича тасдиқланган нархини сўрашга ҳақли. Бундай ҳолатларда, истеъмолчи реклама ва нархларни назорат қилувчи тегишли органларга мурожаат этса, истеъмолчилар томонидан дорихоналар бўйича назорат кучайтирилса, бу ҳам самарали натижаларни бериши мумкин.

  • Баъзи шифокорларнинг турли фармкомпанияларнинг дистрибьютерлари билан келишиб ана шу дори воситасини беморларга тавсия қилиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатлар ҳам шифокор рецептисиз дори воситаларини харид қилишига ҳам туртки бўлмоқда. Бу каби ҳолатларга сизнинг муносабатингиз қандай?

Муҳаббат Ибрагимова: Юқорида айтиб ўтганимдек, айнан янги Ўзбекистон Республикасининг  Президент Фармони ва яқинда янги ҳужжат лойиҳаси “Соғлиқни сақлаш кодекс”ида мана шундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида алоҳида модда киритилган. Шифокорларнинг фармацевтика корхоналаридан совға олмаслиги, улар томонидан махсус логотипдаги рецепт бланкаларни олмаслик, дори воситаларни уларнинг савдо номлари билан тайинланишига манфаатдор бўлмаслиги белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси тегишли бандларда ҳам рецепт билан бериладиган дори воситалари рецептсиз берилиши учун жавобгарлик белгилаб қўйилган. Бундай ҳолатларга чек қўйилиши учун нафақат ушбу масалалар буйича  давлат хизматчилари, балки фуқаролар ҳам ўз ўзини даволаш учун ҳаракат қилишлари керак бўлади. Одамлар ўзининг ҳақ ҳуқуқларини билишлари, тиббий саводхонликни ошириб боришлари, шифокор қайси дорини ва нима учун тавсия қилаётганини сўрашлари керак. Кераксиз дори воситаларини рецептга киритилганини сезган ҳолатда шифокордан тушунтириб беришини талаб қилишлари керак. ЖССТда бир нечта индикаторлар мавжуд. Ушбу индикаторлар бўйича давлатга, соғликни сақлаш соҳасидаги даволаш жараёнларига баҳо берилади. Инъекцион ва антибиотик дори воситаларини нооқилона тайинланиши ва қўлланилиши даражаси бўйича кўрсаткичи юқори бўлган давлатда тиббиёт соҳаси ривожланмаган, инсонлар соғлиғи ҳам аянчли деб баҳоланар экан. Инъекцион дори воситалари аслида жуда зарур ҳолатлардагина, шошилинч ҳолатларда ва стационарларда даволашда берилиши керак. Бизда эса беморларнинг ўзлари осма уколларни, инъекцион дори шакллари тез таъсир кучига эга дори воситаларни тавсия қилишини талаб қилишади. Шифокор таблетка кўринишидаги дори воситасини тавсия  қилса, бемор унинг таъсири камроқ, деб ҳисоблайди. Қизиқ маълумот, Хитойда шприц ва система тиббий буюмларини дорихоналарда сотилмас экан. Сабаби, бу муолажа фақат шифохоналарда қилинар экан. Бизда эса беморлар бемалол уй шароитида осма уколлар ёрдамида даволанишади. Бу эса афсуски, кўп ҳолларда даволаниш ўрнига салбий оқибатларга олиб келиши, асоратлар қолдириши мумкин. Яна қайтариб айтаман, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш бугунги кундаги энг муҳим вазифа  деб ҳисоблайман. 

  • Шифокорларнинг малакасини доимий равишда ошириб бориш ҳам  назаримда энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади, тўғрими? 

Муҳаббат Ибрагимова: Албатта. Ҳозирги технологиялар даврида турли янги тиббий техникалар кундан кунга ривожланиб бормоқда. Шифокор ва фармацевтлар доимий равишда аккредитациядан ўтиши бўйича ҳужжатлар тайёрлаш ва талаб қилишни бошлаш вақти келди. Худди чет давлатлари тажрибаларига ўхшаб, агар аккредитациядан мутахассис ўтмаса, шу соҳада ишлашга рухсат берилмайди. Хусусий шифохоналар, клиникаларда шифокор ёки ҳамширада категория бўлмаса ишга қабул қилинмайди. Давлатга қарашли тиббиёт муассасаларида ҳам шу талаблар қўйилса, ойлик маош ҳам шунга яраша оширилса, ўйлайманки, бу ижобий натижаларга олиб келади. 

  • Матбуот анжуманида дорихоналарда фармацевтлар кўп йиллик тажрибаларига суяниб турли хил дори воситаларни тавсия қилиш ҳоллари кузатилаётгани ҳам айтилди. Фармацевтлар дори воситаларини тавсия қилишга хақлими?

Муҳаббат Ибрагимова: Бу мутлақо нотўғри. Уларда касалликлар бўйича билим, ҳаётий тажриба бўлиши мумкин, лекин соғликни сақлаш соҳасида ҳамманинг ўз ваколати бор. Давлат томонидан норматив хужжатлари талаблари асосида фармацевтларга берилган вазифа ва ваколатлар бор. Мисол учун, бир бемор бош оғриғи билан дорихонага кирса, бош оғриғини қолдирувчи цитрамон ёки шунга ўхшаш дори воситаларини рецептсиз тавсия қилиши мумкин. Бўлди, шу билан унинг ваколати тугайди. Лекин, лабораториясиз, аниқ ташҳис қўйиш, рецептсиз берилмайдиган дори воситаларни беришга ҳаққи йўқ. Дорилар рецепт билан бериладиган ва рецептсиз бериш мумкин дориларга бўлинади.  Рецепт билан бериладиган дори воситаларини қабул қилиш тартиби бўйича тушунтириш керак, лекин уни ўзгартиришга ҳаққи йўқ. Лекин, шифокор баъзи ҳолларда хато қилган бўлса, шифокорнинг телефон рақами рецептда ёзилган бўлади, шу шифокор билан боғланиб аниқлик киритиб олиши керак бўлади. Чунки, шифокорлар ҳам кўпинча катталарга бериладиган дори воситаларини болаларга ҳам тавсия қилиш ҳоллари ҳам бўлган. Шунинг учун истеъмолчи тиббий саводхонлигини ошириш ва шифокор тавсия этган ҳар бир дори воситасининг йўриқномаси билан танишишлари ўзи учун фойдали деб ҳисоблайман. Шундай ҳолларда фармацевт охирги фильтр вазифасини бажариши керак бўлади. Фикримча, зарур дорихона амалиётини соҳага татбиқ этиш бўйича алоҳида кўрсатувлар тайёрланиши керак.

  • Баъзи ҳолларда шифокорлар Ўзбекистонга олиб кирилмаётган дори воситаларни ҳам ёзиб беришади. Шунда фармацевт дорининг  аналогини тавсия этишга ҳақлими?

Муҳаббат Ибрагимова: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда 6 апрелда тасдикланган 185-қарори бор. Ушбу қарорда дори воситалари ва тиббий буюмларини чакана реализация қилиш қоидалари белгиланган. Бемор дорихонага келиб, рецептни тақдим этади, бунда дори воситаси халқаро патентланмаган ном билан ёзилган бўлиши керак, дорихонадаги фармацевт ходим улардаги мавжуд барча аналоглари бўйича маълумот беради, ҳамда рецептсиз бериладиган дори воситаси бўлганда, мавжуд ассортиментдан препаратини  тўғрисида ахборот беради. Истеъмолчи нархига ва бошқа омилларга кўра, бир хил таъсир қилувчи модда сақланган дори препаратини тегишли савдо номи билан ўзи танлаб олади. 


ФТТИ матбуот котиби

Шаҳноза Қурбонбоева суҳбатлашди.







Report Page