Мозийга назар: "Пахтакор-79"нинг Тошкент вилоятилик юлдузлари

Мозийга назар: "Пахтакор-79"нинг Тошкент вилоятилик юлдузлари

Suxrobjon Jurnalist

1979 йил 11 август. Ушбу кунда ўзбек футболи ўзининг ноёб иқтидорларидан айрилади. Ўша вақтда СССРда ўз номига эга бўлган кучли жамоаларни мағлуб этиб футболимиз куч-қудратини дунёга намойиш этаётган "Пахтакор-79" жамоаси мудҳиш ҳалокатга учрайди.

Ушбу воқеага бугун роппа-роса 43 йил бўлибди. Бироқ улар ҳали-ҳамон ёдимизда.

Кимсан "Динамо Киев"," Динамо Тбилиси" каби кучли жамоаларни мағлубиятга учратган таркибда Тошкент вилоятининг иқтидорли ўйинчилари ҳам бор эди. Қуйида улар ҳақида сўз юритамиз.

Олимжон Аширов

Олимжон Масалиевич Аширов


Олим Аширов ҳимоядаги ишончли ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонганди. У 1955 йил 25 январда Тошкент вилояти Бордонкўл қишлоғида дунёга келган. Ёшлигидан футболга қизиққан Олим ҳам иқтидорли футболчи бўлиб етишди. Тез орада уни мураббийлар пайқашди ва Аширов Герман Титов номидаги мактаб-интернатда таҳсил ола бошлади. У "Пахтакор"даги жамоадоши Владимир Фёдоров билан бирга ўқиган. СССР ёшлар терма жамоасига жалб этилган. Олимпия терма жамоасига эса номзодлардан бири ҳисобланган.


1972 йил Олим "Пахтакор" таркибига таклиф қилинган. Илк мавсумида 3 ўйинда майдонга туширилган. 1974 йилдан тўлиқ асосий таркиб футболчисига айланган. Марказий ҳимояда у рақиб ҳужумчиларига ўйин бермаслиги, бор кучини ишга солиши, ўзини аямай тўп йўлига ташланиши, меҳнаткашлиги билан ишқибозлар ҳурматига сазовор бўлган. Узоқ масофадан берадиган зарбалари эса ҳар қандай дарвозабонга қийинчилик туғдирган. 1979 йил июлда Тошкентда Минскнинг "Динамо" жамоасига қарши учрашувда у 30 метрлардан тўпни ажойиб тарзда рақиб дарвозасига йўллаган. Афсуски, Минскдаги жавоб ўйинида "Пахтакор"нинг ўша таркибига ўйнаш насиб этмаган. Айнан Минскка йўл олиш чоғида жамоамиз машъум ҳалокатга йўлиққан.


Бутун фаолиятини "Пахтакор" таркибида ўтказган Олим Аширов 149 беллашувда 5 гол муаллифига айланган. 2006 йил ўлимидан сўнг "Шуҳрат" медалига лойиқ кўрилган.

Михаил Ан

Михаил Ан 1952 йил Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Свердлов жамоа хўжалигида дунёга келган.


Унинг акаси Дмитрий "Пахтакор" ва "Политотдел" жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Шу сабабли Михаил учун футбол бегона бўлмаган муҳит саналарди.


Ўсмирлигидаёқ барчанинг эътиборига тушган Ан 1970 йилда "Политотдел" асосий таркибига жалб этилди. 1971 йилнинг иккинчи даврасидан унинг "Пахтакор"даги фаолияти бошланди. Илк учрашувини маҳоратли ярим ҳимоячи 23 август куни Тошкентда "Динамо" Тбилисига қарши кечган беллашувда ўтказган. Ўша баҳсда жамоамиз 5:1 ҳисобида зафар қучган. Айнан ўша мавсумдан ярим ҳимояда Ан, Фёдоров, Варюхин, Абдураимов ва Хадзипанагис ҳукмронлиги бошланганди. Улар рақиб ҳимоясини ўта мураккаб аҳволга тушириб қўйишган.


1974 йилги мавсумда у олий лигада 11 гол муаллифига айланиб, чемпионатнинг энг яхши 33 футболчиси рўйхатидан ўрин олган. Ўша йили "Қайрат" дарвозасига киритган уч тўпи мухлислар ёдида қолган. Шунингдек, 1975 йил "Динамо" Киевга қарши ажойиб баҳсда у дубл қайд этган.


1974 йил СССР терма жамоасидан таклиф олиб, сентябрда "Рома"га қарши ўтган ўртоқлик баҳсида қатнашган. 1978 йил эса Эрон билан Теҳрондаги ўртоқлик ўйини ва Туркияга қарши Европа чемпионати саралаш беллашувларида қатнашган. 1979 йил иккинчи терма жамоа таркибида Мексика ва АҚШ термалари билан тўқнашувларда тўп киритган.


1976 йил СССР ёшлар терма жамоаси сафида Европа чемпионига айланган. Ўша жамоада у сардорлик вазифасини ҳам бажарган. Афсуски, 1979 йил рўй берган авиаҳалокат сабабли Михаил Ан ҳаётдан кўз юмган.


"Пахтакор" сафида у чемпионат беллашувларида 232 ўйинда 47 гол муаллифига айланган.


2006 йил Михаил Ан ўлимидан сўнг "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.


Айни пайтда Михаил Аннинг ўғли Дмитрий Ан "Пахтакор" футбол клуби тизимида мураббийлик қилиб, бўлажак футболчиларга миллионлар ўйини сирларини ўргатмоқда. Демак, Анлар оиласи ҳамон "Пахтакор" ва футбол билан бирга.


Владимир Фёдров

Владимир Иванович Фёдоров


1955 йил Владимир Фёдоров Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида дунёга келган. Футбол ўйнашни Свердлов жамоа хўжалиги жамоасида бошлаган. Унинг отаси ҳам футболчи бўлган ва Ўртасарой ҳудудида футболни ривожлантиришга эътибор қаратган. Кейинчалик Тошкентда жойлашган Герман Титов номидаги мактаб-интернатга қабул қилинган. 1972 йил ўсмирлар терма жамоасидаги ўйинлари билан "Пахтакор" мураббийлари эътиборини тортган Владимир жамоага таклиф қилинган. Мураббий Вячеслав Соловьев уни дарҳол асосий жамоа сафида майдонга туширган. Ҳужумчи бу ишончни оқлаб, дебют баҳсида Пермнинг "Звезда" жамоаси дарвозасини ишғол этган. Ўша мавсум "Пахтакор" СССР чемпионати 1-лигасида ўйнаган. Кейинги беллашувда "Помир"га гол урган Фёдоров шу билан катталар орасида ҳам ўзини муносиб кўрсатган. Илк мавсумда у 7 голи билан ёдда қолган. "Пахтакор" олий лигага қайтгач, 1974 йил у ажойиб ўйин намойиш қилган. 9 тўп киритган ҳужумчи СССРнинг энг яхши футболчилари рўйхатидан ўрин олган. 1976 йил ушбу натижани такрорлаган.


Терма жамоадаги дебютини Владимир 1974 йил ўтказган. Ўшанда у Европа чемпионати саралаш ўйинида Ирландияга қарши захирадан туширилган. 1976 йил унинг фаолиятида энг яхшиларидан бирига айланган. Дастлаб ёшлар терма жамоаси таркибида Европа чемпионатида чорак финалда Франция, ярим финалда Венгрия мағлуб этилишига ўз голлари билан ҳисса қўшиб, дўсти Михаил Ан билан Европа чемпионлигини қўлга киритган. Июлда эса Канаданинг Монреаль шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинларида бронза медалига эга чиққан. У футбол баҳсларида Олимпиада медалига эга ўзбекистонлик ягона футболчи ҳисобланади. Олимпиадада Фёдоров 4 учрашувда майдонга тушган.


Миллий терма жамоада эса Константин Бесковдан кейин Валерий Лобановский қўл остида 8 баҳсда ўйнаган. Кейинроқ Никита Симонян ҳам уни терма жамоага жалб қилишда давом этган. 1976 йилги ажойиб мавсумдан сўнг унга кўплаб жамоалардан таклифлар бўлишига қарамай, Владимир "Пахтакор" учун ўйнашда давом этишини маълум қилган.


СССР терма жамоаси таркибида у жами 18 беллашувда майдонда ҳаракат қилган. "Пахтакор" учун 188 баҳсда 58 гол муаллифига айланган. 2006 йил ўлимидан кейин "Шуҳрат" медалига лойиқ кўрилган.


Ҳужумдаги тез ва алдамчи ҳаракати, дарвозага тайёргарликсиз зарба бера олиши, жангчи характери, ўйинни ўзига олиши каби хусусиятлари уни бошқалардан ажратиб турарди.

Report Page