Мотивация нега бефойда?

Мотивация нега бефойда?

Uktam

Атрофимизда бирон янги иш бошлаш учун мотивация қидирувчилар талайгина. Тезда бойиб кетиш, чет тилини ўрганиш, ҳар куни югуриш ва ҳоказолар учун. Таклиф ҳам шунга яраша: гуру тренерлар, турли китоблар, мотивацион постерлар.. Аслида-чи? Бу мотивация қанчалик бизга ижобий таъсир ўтказмоқда?

Мотивация – кишининг маълум эҳтиёжи учун инсонни ҳаракатга келтирувчи омиллар йиғиндисиниг уйғониши, психофизиологик жараён. У одамнинг мотивлари асосида шаклланади. Бўлди.


Аммо бу сиз ўйлаган сизни турли иш қилишга ундовчи сеҳрли куч эмас.
Биз аслида бирон нимани ич-ичимиздан қаттиқ хоҳласаккина унга етишиш учун куч ва вақт топа оламиз. Ички мотивация эса онг остида шаклланади ва буни биз ҳаёлий куч билан бошқара олмаймиз. Аммо шу ички мотивациянинг етишмаслиги бизга ташқи мотивацияни қидиришга сабаб бўлади. Рухлантирувчи китоблар ўқиймиз, тренингларга қатнаймиз ва ҳоказо. Аммо бу мотив жуда қисқа вақт таъсирга эга. Тренинг тугагач деярли бир кундаёқ иштиёқ бизда ўлади. Чунки ички эҳтиёж йўқ. Онгимиз бу бизга унчалик керак эмаслигини билиб туради. Бу худди кимнидир қувватлагичини олиб телефонимизни қувватланиришга ўхшайди. Ўзингизда қувватлагич бўлмаса барибир телефон қуввати тугагач бошқа фойдалана олмайсиз.

Сиз тил ўрганмоқчисиз агар сизда етарли эҳтиёж бўлмаса бунга ҳаёлий мотивация ёрдам бермайди. Чунки сизга шу битта тил ҳам мулоқотга етади ва мия буни яхши билади. Лекин агар сизга 1 ойда 100 та янги сўз ёдлашингиз учун 100 минг $ ваъда қилишса, унда сизда буни қилишга куч топилади. Чунки сизда ўша пулга эҳтиёж бор, тил ўрганишга эмас. Аммо якунда сиз ҳар иккаласига эга чиқасиз. Фақатгина кучли эҳтиёжгина сизни барча нарсани ташлаб фақат бир ишни мажбур қилади.

Мотивациянинг яна бир салбий жиҳати у сизни баттар стрессга солиши мумкинлигида. Чунки, сиз бизнес тренер айтган барча ишларни қила бошлайсиз, аммо негадир натижа йўқ(асли ўша тренер сиз босган бу йўллардан юрмаган бўлиши мумкин-ку.). Шунда ўзингизни айблаб, "Қўлимдан ҳеч нарса келмайди" деб яна эски ҳаёт тарзига қайтасиз. Тамом.

Мотивация одатда енгил йўлни тарғиб қилгани учун одамлар орасида жуда машхур ва кўпчиликни қизиқтиради. Чунки физологик ва руҳий жиҳатдан тана ўзини қийнагиси келмайди.

Ҳўш унда нима қилиш керак? Одам ўзи лозим деб билган ишларни қандай қилиши мумкин?


Жавоб оддий - Интизом.
Фақат аниқ тартиб-интизомга амал қилган ҳолда одам ўзига зарур ишларни қилишга эришиши мумкин. Ёмон кайфият, об-ҳаво, оғир иш куни сиздаги мотивацияни осонгина ўлдириши мумкин, аммо интизомга бу нарсалар таъсир қилмайди. Агар таъсир қилса демак ҳали интизомга кўникмаган бўласиз. Илмий манбаларга кўра одам бир ишга одатланиши учун кетма кет 20 кун ўша ишни қилиши керак. Кейинчалик бу мажбурий иш, одатга айланади ва одам ҳеч қийналмай бунга вақт ажратади.

Тил ўрганиш керакми? Ҳар куни аниқ вақтни белгилаб шуғулланиш керак, бўлди. Агар буни эплай олмасангиз ҳеч қандай мотивацион семинар ёрдам бермайди. Ўз иродангиз қурбонига айланасиз. Бошқаларнинг сизни рухлантириши эмас, ўзингизни мажбурлашгина сизга ёрдам беради аслида. Интизом катта кучга эга ва агар унга амал қила бошласангиз, ўз ўзидан тартибли эканингиздан илҳомлана бошлайсиз.

Шундай экан қуруқ мотивация ортидан қувманг, ўз интизомингизни тарбия қилинг. Бу орқали мотивация ёмон демоқчи эмасман, аммо у сизни фақат натижа(яхши машина, икки қаватли уй, саёҳатлар) билан рухлантиради. Аммо унга борадиган йўлни кўрсата олмайди. Аслида эса узоқдаги Сусамбилга фақат у ердаги озиқ-овқатнинг мўллиги ва сувининг тиниқлигини ҳаёл қилиб етиб бўлмайди, бунинг учун узоқ йўлни ҳам яёв босиб ўтиш керак.





Report Page