Моррининг сешанба дарслари

Моррининг сешанба дарслари

Муаллиф: Мич Элбом. Инглиз тилидан Гулсанам Розиқова таржима қилди.

13. Тўртинчи сешанба: ўлим ҳақида суҳбатлашамиз

– Кел, мана бу фикрдан бошлаймиз, – деди Морри, – ҳамма қачондир ўлишини билади, лекин ҳеч ким бунга ишонмайди.

Бу сешанба Морри тўғри мақсадга ўтди. Суҳбатимиз мавзуси ўлим – рўйхатимдаги биринчи масала эди. Мен етиб келгунимча, Морри унутиб қўймаслик учун баъзи фикрларини бир нечта майда оқ қоғоз бўлакларига ёзиб қўйибди. Ёзаётганда қўли қалтирар, қинғир-қийшиқ ҳуснихатини эндиликда ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмасди. Меҳнат куни яқинлашиб қолган, кабинет деразасидан орқа ҳовлидаги исмалоқранг девор-дарахт кўриниб турар ва мактаб бошланишидан олдин эркинликдаги сўнгги ҳафтада кўча чангитиб ўйнаётган болаларнинг қийқириғи эшитилиб турарди.

Детройтда эса нашриёт иш ташловчилари раҳбариятга қарши курашда касаба уюшмаси билан ҳамжиҳат эканликларини билдириш мақсадида байрам кунига йирик намойиш тайёрлаётганди. Парвоз вақтида, ухлаб ётган турмуш ўртоғи ва икки нафар қизини отиб ўлдирган ва бу ишни уларни «ёмон одамларда» ҳимоя қилиш учун қилганини таъкидлаган аёл ҳақида ўқидим. Калифорнияда Ж.О.Симпсонинг ҳуқуқшунослари нақ машҳур юлдузларга айланиб бораётганди.

Бу ерда – Моррининг кабинетида эса ҳаёт тамомила ўзгача руҳда давом этарди: ўтаётган ҳар бир кун бебаҳо эди. Уйни тўлдириб турган энг янги ускуна – кислород узатувчи қурилмадан бир-икки фут масофада ёнма-ён ўтирардик. Кичкинагина кўчма қурилманинг баландлиги тиззагача келарди. Баъзан тунлари Морри етарлича ҳаво ютолмай қолганида, қурилманинг узун пластик найчаларини бурнига зулукдек маҳкамлаб қўярди. Моррининг бирор ускунага улаб қўйилгани ҳақидаги фикрнинг ўзиёқ менга тинчлик бермагани сабабли Моррининг гапларига қулоқ тутар эканман, қурилмага қарамасликка уринардим.

– Ҳамма қачондир ўлишини билади, – такрорлади у, – лекин ҳеч ким бунга ишонмайди. Агар ишонганимизда эди, бутунлай бошқача ҳаёт кечирган бўлардик.

– Демак, биз ўлим борасида ўзимизни алдаймиз, – дедим мен.

– Ҳа. Лекин бундан яхшироқ ёндашув ҳам мавжуд. Ўлишингни англаш ва исталган пайт ўлишга тайёр бўлиш. Шуниси афзалроқ. Мазкур ёндашув сенга ўз ҳаётингда содир бўлаётган жараёнларда фаолроқ қатнашиш имконини беради.

– Лекин қандай қилиб ўлимга тайёр бўлиш мумкин?

– Буддистлар каби яша. Ҳар куни сендан: «Ўша кун бугунми? Тайёрманми? Бажаришим зарур бўлган барча ишларни қиляпманми? Ўзим хоҳлаган инсон бўла оляпманми?», деб сўрайдиган қушча ўтирсин елкангда.

Морри худди айни пайтда елкасига қушча қўниб тургандек бошини бир томонга бурди.

– Бугун менинг сўнгги кунимми? – сўради у.

Морри турли динлардаги қарашларни осонгина ўзлаштириб олганди. У яҳудий бўлиб дунёга келган, бироқ қисман болалигида содир бўлган воқеалар сабабли, ўсмирлик даврида агностга айланганди. У буддизм ва насронийликнинг баъзи ақидаларини ёқтирсада, маданий жиҳатдан Яҳудийлик динида ўзини уйидагидек эркин ҳис этарди. Динлар борасида каллаварамлиги уни йиллар давомида ўқитган талабаларининг фикрларига бағрикенглик билан қарашига имкон берарди. Умрининг охирги ойларида гапираётган гаплари турли диний тафовутларнинг барчасидан юқорироқ турадигандек туюларди. Ўлим кўп нарсаларга қодир.

– Ҳақиқат шуки, Мич, – деди у, – ўлишни ўрганган кунинг яшашни ҳам ўрганасан.

Мен бош ирғатдим.

– Яна такрорлайман, – таъкидлади у, – ўлишни ўрганган кунинг яшашни ҳам ўрганасан.

У жилмайди ва мен унинг бу сўзларни такрорлашдан мақсади нима эканини тушундим. Морри ўзимдан сўраб мени хижолат қилмасдан, унинг сўзларини англаганимга ишонч ҳосил қилаётганди. Айнан шу одати уни яхши ўқитувчига айлантирган хислатлардан бири эди.

– Бетоб бўлиб қолишингиздан олдин ҳам ўлим ҳақида кўп ўйлармидингиз? — сўрадим ундан.

– Йўқ, — жилмайди Морри. — Мен ҳам бошқалар каби эдим. Ғайратим ичимга сиғмай кетган кунларнинг бирида бир дўстимга: «Мен сен умринг давомида учратган энг соғлом чол бўламан!» — деб юборганман.

– Неччи ёшда эдингиз ўшанда?

– Олтмишдан ошгандим.

– Некбин бўлган экансизда.

– Бўлмасамчи? Айтдимку, ҳеч ким ўлишига ишонмайди.

– Лекин ҳамманинг ҳам кимидир вафот этганку, — дедим мен, — Нега ўлим ҳақида ўйлаш бу қадар мушкул?

– Чунки, — давом этди Морри, — кўпчилигимиз уйқуда юргандек ҳаёт кечирамиз. Дунёни тўлалигича ҳис қилмаймиз, чунки ярим-уйқуда юрамиз ва кўп ишларни одатланиб қолганимиздан бажаришимиз шартдек қабул қиламиз.

– Ва ўлим билан юзма-юз келиш бу қарашларимизни ўзгартириб юборадими?

– Албатта. Кераксиз нарсаларни ирғитиб ташлаб, диққатингни фақат ўта аҳамиятли нарсаларга қаратасан. Яқинда ўлишингни англаб етган заҳотинг, ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарай бошлайсан.

У хўрсинди.

– Ўлишни ўргансанг, яшашни ҳам ўрганасан.

У қўлларини қимирлатганда, улар қалтираётганини сездим. Кўзойнаги бўйнига осиб қўйилганди, уни тақиш учун кўзига олиб борганди, кўзойнак бир неча бор чаккасидан сирпаниб ўтиб кетаверарди; у кўзойнакни ўзига эмас, қоронғида бошқа бировга тақиб қўйишга уринаётгандек кўринарди. Кўзойнак бандини қулоғига қўндиришга ёрдамлашиш учун энгашдим.

– Раҳмат, – шивирлади Морри.

Қўлим унинг бошига текканида, юзига табассум югурди. Инсонларнинг арзимас даражада тегиб кетиши ҳам унга хурсандчилик бағишларди.

– Мич, сенга бир нарса айтсам майлими?

– Албатта, – дедим мен.

– Бу сенга ёқмаслиги мумкин.

– Нега?

– Ҳақиқат шуки, агар чиндан елкангдаги қушчага қулоқ солсанг, агар чиндан ҳам исталган пайтда жон беришинг мумкинлигини тан олсанг, ҳозиргидек шуҳратпараст бўлмаслигинг мумкин.

Мен зўрма-зўраки жилмайиб қўйдим.

– Вақтингнинг кўп қисмини сарфлаётган машғулотларинг – қилаётган ишинг у қадар муҳим бўлиб туюлмаслиги мумкин. Ва, эҳтимол, маънавий озуқа учун ҳам вақт ажратишингга тўғри келар.

– Маънавий озуқа?

– «Маънавий» сўзини жининг суймайди, а? Буни таъсирчанлик ва кўнгилчанлик маҳсули деб ўйлайсан.

– Шунақароқ…

Морри кўз қисиб қўйишга уринди, ўхшамади; унинг қилиғидан ўзимни тутиб туролмай кулиб юбордим.

– Мич, – деди у мен билан бирга кулар экан, – ҳатто мен ҳам «маънавий юксалиш» нима эканлигини тушунмайман. Лекин қусурлардан ҳоли эмаслигимизни аниқ биламан. Биз моддиятга ҳаддан ортиқ муккасидан кетганмиз, лекин моддият барча эҳтиёжларимизни қониқтира олмайди. Меҳрли ришталарни, атрофимиздаги борлиқни ўз-ўзидан мавжуд бўлиши шартдек қабул қиламиз.

У қуёш нури тушиб турган дераза томонга ишора қилиб бош ирғатди:

– Кўряпсанми? Сен исталган пайт у ерга – ташқарига чиқишинг мумкин. Кўча бўйлаб югуришинг ва бундан телбаларча завқ олишинг мумкин. Мен эса бундай қилолмайман. Ташқарига чиқа олмайман. Югура олмайман. Ҳар гал ташқарига чиққанимда, «мазам қочиб қолади» деган қўрқувдан юрагим титраб туради. Лекин биласанми нима? Мен шу деразани сендан кўра кўпроқ қадрлайман.

– Деразани қадрлайсиз?

– Ҳа. Ҳар куни шу дераза орқали ташқарини томоша қиламан. Дарахтлар ўзгаришини, шамолнинг қай даражада кучли эсаётганини илғайман. Гўёки мен шу дераза ойнасидан вақт оқимини кўра оладигандекман. Мен вақт-соатим битиб қолганини биламан, шу сабабли ҳам табиат менга ниҳоятда мафтункор бўлиб туюлади, худди уни илк марта кўраётгандек.

Морри жимиб қолди. Бир муддат иккимиз ҳам деразадан ташқарига тикилиб турдик. Мен у кўраётган нарсаларни кўришга уриндим. Вақт ва фасллар алмашинувини, ўзимга сездирмай секин-аста ўтиб кетаётган умримни кўришга уриндим. Морри бошини бироз эгиб, елкаси томонга қайрилди.

– Қушча, ўша кун бугунми? – сўради у, – бугунми ўша кун?

***

«Тунги хабарлар» телекўрсатувидаги чиқишлари туфайли Моррига дунёнинг турли бурчакларидан мактублар келиши давом этарди. Морри ўзини яхши ҳис қилган пайтлари унинг дўстлари ва оила аъзолари мактубларга жавоб ёзишга кўмаклашиш учун уникида йиғилар, Морри жавоб хатлари матнини уларга айтиб турарди.

Ўғиллари Роб ва Жон ҳам уйда бўлган якшанба кунларининг бирида ҳамма уй меҳмонхонасига тўпланди. Озғин оёқларини ёпинчиқ билан ўраб олган Морри ногиронлар аравачасида ўтирарди. У совуқ ея бошлаши билан ёрдамчилардан бири елкасига нейлон куртка ташлаб қўйди.

– Биринчи мактуб нима ҳақида? – сўради Морри.

Ҳамкасбларидан бири онаси АЛС хасталигидан вафот этган Ненси исмли аёлнинг хатини ўқиб берди. У онасини йўқотганидан қанчалар азоб чеккани ҳамда Морри қандай азобларни бошдан кечираётганини тушуниши ҳақида ёзганди.

– Яхши, – деди Морри мактуб ўқиб тугатилганда. Сўнг кўзларини юмди. – Келинг, бундай бошлаймиз: “Қадрли Ненси! Онангиз ҳақидаги ҳикоянгиз юрагимни ларзага солди. Қандай оғир синовлардан ўтганингизни яхши тушунаман. Қайғу-азоблар ҳамманинг ҳам бошида бор. Аммо ғам-қайғулар мен учун хайрли бўлди. Сиз учун ҳам хайрли бўлади деб умид қиламан”.

– Менимча, охирги қаторни ўзгартирганингиз яхши, – деди Роб.

Морри бир лаҳза ўйга толди.

– Тўғри айтасан. Бундай десакчи: «Ғам-қайғуда ўзингиз учун малҳам бўлувчи куч топа оласиз деб умид қиламан». Буниси яхшироқми?

Роб бош ирғатди.

– “Ташаккур. Морри”, деб қўшиб қўй, – таъкидлади у.

Кейинги мактуб Жейн исмли аёлдан бўлиб, аёл Моррини «Тунги хабарлар»даги чиқишлари билан одамларни руҳлантиргани учун ўз миннатдорчилигини изҳор этганди. У хатида Моррини пайғамбар деб атабди.

– Бу жуда юксак эътироф, – деди Моррининг ҳамкасби. – Пайғамбар!

Моррининг юзи буришди. У ўзига берилган баҳодан норози экани кўриниб турарди.

– Унга илтифот учун миннатдорлигимни ёзинг. Ва сўзларим у учун қандайдир аҳамият касб этганидан хурсандлигимни билдиринг. “Ташаккур. Морри”, деб қўшиб қўйишни ҳам унутманг.

Бир Англиялик киши хатида Морридан вафот этган онаси билан руҳлар олами орқали мулоқот қилишга ёрдам беришини сўрабди. Яна бир хат Бостонга уни кўргани келиш ниятида бўлган жуфтликдан келибди. Университетни тамомлаганидан кейинги ҳаётини тасвирлаб ёзган собиқ талабадан келган узундан-узоқ мактуб ҳам бор эди. У қотиллик ҳақида ҳикоя қиларди: худкушлик ва ўлик туғилган учта чақалоқ. АЛС туфайли оламдан ўтган онаси ҳақида ёзибди. Яна у қизи, яъни ўзи, ҳам шу хасталикка дучор бўлиши мумкинлигидан қўрқишини билдирибди. Мактуб тугай демасди. Икки бет. Уч бет. Тўрт бет.

Морри бу узун ва ғамгин хатни охиригача мижжа қоқмай тинглади. Ва ниҳоят у якунлангач, паст овозда сўради:

– Хўш, нима деб жавоб берамиз?

Ўртага жимлик чўкди. Охири Роб:

– Узундан-узоқ мактубингиз учун ташаккур, десакчи? — деди

Ҳамма кулиб юборди. Морри ўғлига қараб кулимсиради.

Унинг курсиси ёнида ётган газета бетига ҳозиргина рақиб жамоани югуришдан маҳрум қилиб, коптокни тутиб олган Бостон бейзболчисининг табассум қилиб тушган сурати босилган. Шунча касаллик қолиб, Морри айнан спортчининг шарафига номланган хасталикка учраса-я, деган ўй ўтади хаёлимдан.

– Лу Гериг эсингиздами? — сўрайман мен.

– Стадиондаги хайрлашув нутқини эслайман.

– Демак, ўша машҳур гапи ҳам ёдингиздадир?

– Қайси бири?

– Қўйсангизчи. Лу Гериг. «Янкилар ифтихори». Овозкучайтиргичлардан акс-садо билан жаранглаган нутқичи?

– Эслатиб юбор менга, — дейди Морри. – Ўша нутқни сўзлаб берчи.

Очиқ турган деразадан ахлат ташувчи юк машинасининг овози эшитилади. Кун иссиқ бўлсада, Морри оёқларини ёпинчиқ билан ўраб, енги узун кўйлак кийиб олган. Ранги синиқ. Дард уни бутунлай маҳв этган.

Овозимни баландлатиб, сўзлари стадион деворларига урилиб, акс-сао берган Геригга тақлид қиламан:

– Буу-гуннн… Мен ўзимни… ер юзидаги… энг омадли инсон деб биламан.

Морри кўзларини юмиб, оҳиста бош ирғайди.

– Ҳа, майли, мен бундай демаганман.



Report Page