Моррининг сешанба дарслари

Моррининг сешанба дарслари

Муаллиф: Мич Элбом. Инглиз тилидан Гулсанам Розиқова таржима қилди.

12. Профессор

У саккиз ёшда эди. Шифохонадан телеграмма келди. Рус муҳожири бўлган отаси инглиз тилида ўқий олмаганлиги сабабли янгиликни Моррининг ўзи маълум қилишига тўғри келди. У онасининг ўлими ҳақидаги хабарномани доскага чиқарилган ўқувчидек тутилиб-тутилиб ўқиди. «Чуқур ҳамдардлигимизни билдирган ҳолда сизга шуни маълум қиламизки...» — ўқишни бошлади Морри. Дафн маросими куни тонгда Моррининг қариндошлари Манхеттеннинг қуйи шарқий қисмидаги қашшоқ мавзеда жойлашган кўп қаватли бинонинг зиналаридан бирма-бир тушиб келди. Эркаклар қора костюм-шимда, аёллар эса бошларига қора тўр ёпинчиқ ташлаб олганди. Мактабга йўл олган қўшни болалар уларнинг ёнидан ўтганда Морри ерга қараб олар, чунки синфдошлари уни бу аҳволда кўриб қолишларидан уялар эди. Моррининг холаларидан бири – тўлачадан келган аёл уни бағрига босиб, саннай кетди:

– Онасиз қолган болагинам, энди нима қиласан? Шу кунлар ҳам бормиди бошингда? Ҳолинг не кечади энди?

Морри ҳўнграб йиғлаб юборди. Синфдошлари эса қочиб кетди.

Қабристонда Морри онасининг қабрини тупроқ билан кўмишларини томоша қилиб турди. У ҳаётлигида бирга ўтказган бахтиёр онларни эслашга уринди. Онаси бетоб бўлиб, ётиб қолишидан аввал ширинликлар дўконини юритарди. Хасталикка чалинганидан кейин эса кўп вақтини ухлаш ёки деразадан ташқарига термилиб ўтириш билан ўтказарди; дераза ёнида у жуда нимжон ва ориқ кўринарди. Баъзан у ўғлига дориларини келтиришни айтиб қичқирарди, кўчада тўп чангитиб юрган кичкина Морри ўзини эшитмаганликка соларди. Хаёлида, касалликка эътибор бермаса, у ўз-ўзидан йўқолиб кетадигандек туюларди.

Болакай бошқа қандай усулда хасталикка қарши туриши мумкин?

Моррининг отасини ҳамма Чарли деб чақирарди. У Рус армиясида хизмат қилишдан қочиб, Америкага келиб қолганди. У мўйначилик соҳасида ишлар, аммо тез-тез ишсиз қоларди. Тайинли ўқимаган, инглиз тилида базўр гапирадиган отаси ниҳоятда қашшоқ киши бўлиб, оила асосан давлат томонидан бериладиган моддий ёрдам ҳисобига кун кечирарди. Улар ширинликлар дўконининг орқа томонида жойлашган қоронғу, тор ва зимистон уйда яшарди. Пул фақат рўзғордаги энг керакли нарсаларга етарди, холос. Машинали бўлиш улар учун орзу эди. Баъзан, бироз пул ишлаб олиш мақсадида Морри укаси Девид билан одамларнинг уйи олдидаги зиналарни беш центга ювиб беришарди.

Онасининг вафотидан сўнг болакайларни Коннектикут ўрмонларида жойлашган кичкина меҳмонхонага юборишди. Меҳмонхона катта ёғоч уй бўлиб, у ерда бир нечта оила ижарада турар ва умумий ошхонадан фойдаланар эди. Қариндош-уруғлар болалар учун тоза ҳаво фойдали бўлади деган тўхтамга келганди. Морри ва Девид умрлари бино бўлиб, бунча кўп ўсимликларни кўрмаганликлари сабабли кун бўйи даладан бери келмай югуриб, ўйнаб юришарди. Бир куни кечки овқатдан кейин улар сайрга чиқишганди – ёмғир шаррос қуйиб юборди. Лекин улар уйга қайтиш ўрнига, соатлаб ёмғирда чопқиллаб, жиққа ҳўл бўлишди.

Эртаси куни уйғонишганда, Морри ётоғидан сакраб турди.

– Бўлақол, тур ўрнингдан, — деди у укасига.

– Туролмайман.

– Бу нима деганинг?

Девиднинг юзини ваҳима эгаллади.

– Мен...қимирлаёлмаяпман.

У полиомиелит касаллигига чалинганди.

Албатта, хасталикнинг сабабчиси ёмғир эмасди. Бироқ Моррининг ёшидаги болакай қаердан ҳам буни тушунсин. Анча вақтгача, укасининг уй ва ихтисослаштирилган шифохона ўртасида саргардон қатнаши ва оёқларига махсус мослама тақиб юришга мажбур бўлганидан оқсоқлана бошлаганини кўриб, Морри ўзини айбдор ҳис қиларди.

Мазкур воқеалар таъсирида Морри эрталаблари синагогага қатнай бошлади. Отаси художўй киши бўлмагани сабабли ибодат қилишга бир ўзи борарди. Узун қора пальтоли кишилар сафида туриб, Худодан марҳума онаси ва бетоб укасини ўз паноҳида асрашини сўрарди.

Тушдан кейин эса метронинг кириш эшигида журнал сотиб, топган-тутганини озиқ-овқат олиш учун оиласига келтириб берарди.

Кечки пайт жимгина овқатини еяётган отасини кузатар, унинг бирор бир ширин сўз айтиши, меҳр, эътибор кўрсатишидан беҳуда умидвор бўларди. 

Тўққиз ёшида елкасида тоғдек юкни кўтариб юргандек сезарди ўзини.

Кейинги йил Моррининг ҳаётига халоскор инсон кириб келди: ўгай онаси Ива. У руминиялик муҳожир бўлиб, паст бўйли, жингалак сочли, кўримсиз аёл эди. Камида иккита аёлнинг ғайрати бор эди унда. Аёл уйда ота яратган бўғиқ муҳитга илиқ нур олиб кирди. Эр жим қолганда, аёл уни гапга солар, тунлари эса болаларга қўшиқ куйлаб берарди. Унинг тинчлантирувчи овози, уй вазифаларини бажаришга ёрдамлашиши, ўжар табиати Моррининг кўнглига малҳам бўларди. Ҳали ҳам оёғига махсус мослама кийиб юрган укаси шифохонадан қайтганида, иккаласи ошхонадаги йиғма каравотда бирга ухлайдиган бўлишди. Ива ҳар тун уйқуга кетишдан олдин уларга хайрли тун тилаб, ўпиб қўйгани кирарди. Морри ушбу ўпичларни кучукча сутини кутгани каби ошиқиб кутар, қалбининг туб-тубида яна оналик бўлгандек ҳис қиларди ўзини.

Аммо қашшоқлик уларни ҳеч тарк этай демасди. Эндиликда улар Бронксга кўчиб ўтиб, Тремон Авенюдаги пишиқ ғиштдан қурилган кўп қаватли уйнинг бир хонали хонадонида истиқомат қилишарди. Уй яқинида усти очиқ итальян қовоқхонаси жойлашган бўлиб, у ерда қари кишилар ёз оқшомларини боччи ўйнаш билан ўтказишарди. Буюк иқтисодий инқироз сабабли Моррининг отасига мўйначилик бозорида иш топиш янада қийинлашди. Баъзан оила кечки овқатга ўтирганда, Ива дастурхонга қўйгани нондан бошқа нарса топмасди.

– Яна нима бор егани? — сўрарди Девид.

– Бошқа ҳеч нарса йўқ, — жавоб қайтарарди Ива.

Морри ва Девидни ухлашга ётқизаётиб, Ива уларга яҳудий тилида ашула айтиб берарди. Ҳатто қўшиқлар ҳам ғамгин ва ғариб эди. Сигарет сотишга уринаётган қизча ҳақидагиси бўларди:

Сигаретлардан олиб қолинг,

Улар қуруқ: ёмғирда ивимаган.

Етимчага раҳмингиз келсин.

Оғир оилавий шароитга қарамасдан, Морри одамларга меҳр бериш ва ўзгалар ҳақида қайғуришга ўргатилганди. Ва илм олишга ҳам. Ивани фақат аъло баҳолар қониқтирарди, чунки у таълимни қашшоқликдан қутулишнинг ягона чораси деб биларди. Унинг ўзи ҳам инглиз тилини яхшироқ ўрганиш учун тунги мактабга қатнарди. Иванинг меҳнатлари туфайли Морри билимга чанқоқ бўлиб ўсди.

У тунлари ошхона столида, чироқ ёруғида дарс қиларди. Эрталаблари эса онаси учун марҳумлар ҳаққига ўқиладиган дуо – Изкор айтгани синагогага қатнарди. Қанчалик ишониш қийин бўлмасин, отаси унга марҳума онасини тилга олишни тақиқлаб қўйганди. Чарли ёш Девиднинг Ивани ўз онасидек кўришини хоҳларди.

Морри учун бу ўта оғир юк эди. Йиллар давомида онасидан қолган ягона ёдгорлик унинг ўлими ҳақидаги телеграмма эди. У телеграммани келган куниёқ яшириб қўйганди.

Морри уни бутун умр ёнида сақлади.

Морри ўсмирлик ёшига етганда, отаси уни ўзи ишлайдиган мўйна фабрикасига олиб борди. Буюк иқтисодий инқироз йиллари эди. Отаси Моррига иш топиб бериш мақсадида юрарди.

У фабрикага қадам қўйиши билан деворлар уни тўрт томондан қуршаб олгандек бўлди. Хона қоронғу ва иссиқ, дераза ойналари кирланиб ётар, бир-бирига тиқиб ўрнатилган машиналар поезд ғилдиракларидек тарақлаб ишларди. Ҳавода учиб юрган мўйна толалари нафас олишни оғирлаштирар, ишчилар игна устида букчайганча мўйна бўлакларини бир-бирига йўрмалаб улашар, хўжайин эса қаторма-қатор юриб, уларни тезроқ ишлашга чақирарди. Морри зўрға нафас оларди. У отасининг ёнида юрагини ҳовучлаб турар, хўжайин унга ҳам бақириб қолиши мумкинлигидан даҳшатга тушарди.

Тушлик пайти отаси Моррини хўжайиннинг олдига олиб борди. Болани олдинга итариб, унга бирор иш топилармикан деб сўради. Аммо катталарга ҳам деярли иш йўқ эди, бор ишчилар эса фабрикани тарк этиш ниятида эмасди.

Шу ҳолат Моррига нажот бўлди. У бу жирканч жойни тезроқ тарк этишни хоҳларди. Морри шу онда ўзича қасам ичди ва умрининг охиригача унга содиқ қолди: у ҳеч қачон инсонлар эксплуатация қилинадиган ишда ишламайди ва бошқаларнинг пешона тери эвазига пул топмайди.

– Ким бўлмоқчисан унда? — сўрарди Ива.

– Билмадим, — жавоб қайтарарди Морри. У ҳуқуқшуносликни рўйхатдан ўчириб ташлаганди, чунки ҳуқуқшуносларни ёмон кўрарди. Шунингдек, тиббиётни ҳам рўйхатдан чиқаришга тўғри келди, чунки қондан қўрқарди. 

Ким бўлмоқчисан?

Ҳаётимда учратган энг яхши профессор тасодифан ўқитувчиликни танлаганди.

«Ўқитувчи абадиятга таъсир кўрсата олади, унинг таъсири қаерда тугашини ҳеч қачон билиб бўлмайди».

Генри Адамс


Report Page