Моррининг сешанба дарслари

Моррининг сешанба дарслари

Муаллиф: Мич Элбом. Инглиз тилидан Гулсанам Розиқова таржима қилди.

11. Кўргазмали қуроллар: иккинчи қисм

Морри интервью берган биринчи кўрсатув катта муваффақият қозонгани сабабли «Тунги хабарлар» унинг иккинчи қисмини ҳам олишга қарор қилишди. Бу сафар эшикдан кириб келган оператор ва продюсерлар ўзларини Моррининг оила аъзоларидек ҳис қиларди. Коппел ҳам ўзини олдингидан кўра анча дўстона тутарди. Синов жараёни ҳам, суҳбатдан олдинги суҳбат ҳам бўлмади. Гап гапга қовушиши учун аввалига Морри ва Коппел болалик хотиралари билан бўлишишди: Коппел Англияда туғилиб-ўсганини гапириб берди, Морри эса Бронксда катта бўлгани ҳақида сўзлади. Морри доим совуқ қотарди, ҳатто ташқарида тўқсон даража иссиқ бўлса ҳам, шунинг учун узун енгли кўк кўйлак кийиб олганди. Бироқ Коппел костюмини ечиб қўйиб, суҳбатни кўйлак ва бўйинбоғда ўтказди. Морри уни секин-аста, бирма-бир қуролсизлантираётганга ўхшарди.

– Кўринишингиз чаккимас, — деди Коппел, камера тасмалари айлана бошлагач.

– Ҳамма шундай дейди, — жавоб қайтарди Морри.

– Гапиришингиз ҳам тетик.

– Ҳамма шундай дейди.

– Унда соғлиғингиз орқага кетаётганини қаердан биласиз?

Морри хўрсинди.

– Ўзимдан бошқа ҳеч ким буни билолмайди, Тед. Фақат ўзим биламан.

Морри гапида давом этаркан, ҳаммаси ойдинлашиб борарди. У ўз фикрини етказиш учун қўлларини биринчи суҳбатдагичалик бемалол силкитмаётганди. Маълум бир сўзларни талаффуз қилишга қийналар, «Л» товуши унинг бўғзида қолиб кетаётгандек эди. Яна бир-икки ойдан кейин у мутлақо тилдан қолиши мумкин эди.

– Кайфиятимга келсак, — деди Морри Коппелга, — танишларим ва дўстларим ёнимда бўлганда, ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Меҳрга тўла муносабатлар менга мадад беради. Аммо тушкунликка тушган кунларим ҳам бўлади. Сизни алдаб нима қилдим. Содир бўлаётган маълум ўзгаришларни кўриб, даҳшатга тушаман. Қўлларимсиз қандай яшайман? Тилдан қолсам нима бўлади? Овқатни юта олмай қолиш мени унчалик безовта қилмайди, чунки у ҳолатда мени шунчаки найча орқали боқишади, тамом, нима бўпти шунга? Бироқ, овозим? Қўлларим? Улар танамнинг ўта аҳамиятли қисмлари. Овозим бор экан, гапираман. Қўлларим ишлаб тураркан, фикримни турли ҳаракатлар, ишоралар орқали етказаман. Булар мен учун одамлар билан мулоқот воситалари.

– Тилдан қолганингизда қандай мулоқот қиласиз? — сўради Коппел.

Морри елка қисди.

– Балки ҳаммадан менга фақат жавоби «Ҳа» ёки «Йўқ» бўлган саволлар беришни сўрарман.

Жавоб шу қадар оддий эдики, Коппел беихтиёр жилмайди. У Морридан жимжитлик ҳақида сўради. У Моррининг ҳикматли сўзларини илк марта «Бостон Глоуб» нашрига юборган ҳамкасб қадрдон дўсти Мори Штейнни ёдга олди. Улар Брандейсда 60 йиллар бошларидан бери бирга ишларди. Ҳозирда Штейн секин-аста эшитиш қобилиятидан айрилаётганди. Коппел бири тилдан қолган, бошқаси эса эшитиш қобилиятини йўқотган икки кишининг учрашувини тасаввур қилди. Учрашув қандай ўтаркан?

– Бир-биримизнинг қўлимизни тутиб ўтирамиз, — деди Морри. — Ва ўртамизда чексиз меҳр-муҳаббат оқими сузади. Тед, бизнинг ўттиз беш йиллик дўстлигимиз бор. Буни ҳис қилиш учун сўз ҳам, эшитиш ҳам шарт эмас.

Кўрсатув тугашидан олдин Морри олган хатларидан бирини Коппелга ўқиб берди. «Тунги хабарлар»даги биринчи суҳбатдан кейин унга жуда кўп хат келарди. Бир хат Пенсилванияда ота-онасидан бирининг ўлимини бошидан кечирган тўққизта болакайдан иборат махсус синфга дарс берувчи ўқитувчидан келибди.

– Мана унга ёзган жавобим, — деди Морри Коппелга, кўзойнагини бурнига эҳтиёткорона қўндираркан. — Қадрли Барбара...Хатингиздан жуда таъсирландим. Ота-онасидан бирини йўқотган болалар билан ишлаётганингиз катта аҳамиятга молик деб ўйлайман. Мен ҳам онамдан жуда эрта ажралиб қолганман…

Бирданига, ҳали ҳам ғувиллаб айланиб турган камералар қаршисида, Морри кўзойнагини тўғрилади. Бироз жимиб қолди, лабини тишлади ва бўғзига тиқилиб келган тугундан халос бўлиш учун ютина бошлади. Кўзларидан ёш думалади.

– Болалигимда онамни йўқотганман… Бу мен учун қаттиқ зарба бўлган...Ўшанда мен ҳам сизникидек қайғуларим билан бўлиша оладиган гуруҳда ўқиганимда эди. Мен албатта гуруҳингизга қўшилган бўлардим чунки...

Унинг овози титраб кетди.

– Чунки мен шу қадар ёлғиз эдимки…

– Морри, — деди Коппел. — Онангиз вафот этганига етмиш йил бўлди. Ҳали ҳам қайғудан азоб чекасизми?

– Бўлмасамчи, — шивирлади Морри.


Report Page