Моррининг сешанба дарслари

Моррининг сешанба дарслари

Муаллиф: Мич Элбом. Инглиз тилидан Мақсуд Саломов ва Гулсанам Розиқова таржима қилди.

10. Учинчи сешанба: пушаймонлик ҳақида суҳбатлашамиз

Кейинги сешанба куни одатдагидек бозор-ўчар қилиб келдим: маккажўхорили макарон, картошкали салат, олмали пирог. Яна Сонй магнитофонини ҳам кўтариб келдим.

– Нималар ҳақида суҳбатлашганимизни эслаб қолишни хоҳлайман, — дедим Моррига. — Овозингизни ёзиб олишни истайман...кейинроқ ҳам тинглаш имконим бўлади.

– Мен ўлганимдан кейин демоқчисанда.

– Ундай деманг.

У кулди.

– Мич, мен ўляпман. Кейинроқ эмас, аксинча, тез орада.

Кейин у янги техникага ишора қилиб:

– Бунча катта бўлмаса, — деди.

Безбет мухбирдек ҳис қилдим ўзимни шу пайт. Дўст ҳисобланган икки инсон орасида магнитофон бегона ўт ёки сунъий қулоқдек ортиқчалик қилади, деган ўй ўтди хаёлимдан. Бунинг устига шунча одам Моррининг эътиборига муштоқлигини ҳисобга олсак, мен бу сешанбаларда ҳаддан ортиқ кўп нарсаларга улгуриб қолишга уринаётган бўлгандирман.

– Менга қаранг, — дедим магнитофонни қўлимга олиб, — Буни ишлатишимиз шартмас. Агар бу нарса сизга ноқулайлик туғдирса.

Морри кўрсаткич бармоғи билан тергагандек ишора қилиб, мени тўхтатди ва кўзойнагини ечган эди, у бўйнидаги ипга улаб қўйилгани учун кўксида осилиб, бир мунча вақт тебраниб турди. У кўзларимга тик қараб:

– Жойига қўй, — деди.

Мен магнитофонни жойига қайтариб қўйдим.

– Мич, — давом этди у юмшоқроқ оҳангда. — сен тушунмаяпсан. Мен сенга ўз ҳаётимни гапириб бермоқчиман. Тилдан қолмасимдан, айтиб қолай деяпман.

Унинг овози пасайиб, шивирлашга ўтди.

– Кимдир менинг ҳикоямга қулоқ тутса дейман. Сен тинглайсан, а?

Бош ирғатдим.

Бир лаҳза жим қолдик.

– Хўш, — деди у, — матоҳинг ёқиқми?

Ростини айтганда, магнитофоннинг вазифаси фақат хотираларни муҳрлаб қолиш эмасди. Мен Морридан айрилиб қолаётгандим, биз ҳаммамиз уни йўқотаётгандик: унинг оиласи, дўстлари, собиқ шогирдлари, ҳамкасб профессорлар, сиёсий муҳокамалар учун тузилган жонажон гуруҳларидаги ошналари, собиқ раққос шериклари, умуман, барчамиз. Магнитофон тасмалари эса суратлар ва видео-ёзувлар каби ўлим хуржунидан ҳеч қурса нимадир ўмариб қолишга бўлган бесамар уриниш эди.

Бироқ Моррининг жасурлиги, юморга бойлиги, сабри ва самимийлигига гувоҳ бўлиш орқали мен унинг ҳаётга тамомила бошқа нигоҳ билан қараётганини тобора равшанроқ англаб бораётгандим. Мен таниган инсонларнинг ҳеч бири ҳаётга бундай қарамасди. Соғломроқ нигоҳ эди у. Теранроқ нигоҳ. У эса ўлим ёқасида эди.

Агар тақдирга тан бериб, ўлимга тик боққанимизда фикрларимиз сирли равишда равшан тортадиган бўлса, унда Морри бу ҳодиса ҳақида бошқаларга гапириб бериш истагида эканини билардим. Ва мен бу нарсани қўлимдан келганча узоқроқ хотирамда сақлаб қолишни хоҳлардим.

Биринчи марта Моррини «Тунги хабарлар» да кўрганимда, у ўлими муқаррарлигини билгач, бирор ишидан пушаймон бўлганмикан деб қизиққандим. Йўқотилган дўстлари учун аччиқ-аччиқ кўз-ёш тўкдимикан? Агар имкони бўлганда, бошқача ҳаёт кечирган бўлармиди? Худбинларча «Агар мен унинг ўрнида бўлганимда, амалга оширилмаган ишларим, ҳавога совурилган имкониятларим ҳақидаги қайғули ўйларга ғарқ бўлармидим?» деб ўзимни саволга тута бошладим. Ичимда сақлаб келган сирлар яширин қолиб кетаётганидан афсусланармидим?

Мен шу ҳақида Морридан сўраганимда, у бошини ирғади.

– Ҳаммани шу савол қийнайди, шундай эмасми? Бугун умримнинг сўнгги куни бўлсачи?

У юзимга тикилиб туриб, иккиланиш, паришонлик аломатларини ўқиган бўлса ажаб эмас. Хаёлимда бир куни иш столим ёнида ёзаётган мақоламни якунига етказишга ҳам улгурмай гуп этиб йиқилиб, жон беришим ва тиббий тез ёрдам ходимлари мурдамни олиб чиқиб кетаётган бир пайтда муҳаррирларим чала қолган мақоламга очкўзларча ёпишишларини тасаввур қилдим.

– Мич? — чақирди Морри.

Мен бошимни силкиб ташлаб, ҳеч нима деб жавоб қилмадим. Бироқ Морри мендаги паришонликни сезди.

– Мич, — деди у. — Жамиятимиз ўлим тўшагига михланмагунингча бундай нарсалар ҳақида фикр юритишингга йўл қўймайди. Биз шахсий манфаатларимиз домига тушиб қолганмиз: мансаб, оила, пул топиш, ипотека қарзларини қайтариш, янги машина олиш, бузилган иситиш радиаторимизни тузатиш – бўш қолмаслик учун миллионлаб майда-чуйда ишларга кўмилиб яшайверамиз. Бир нафас тин олиб, ҳаётимизга ташқаридан назар ташлаб, ўз-ўзимизга савол беришга одатланмаганмиз: «Бор-йўғи шуми? Мен истаган нарсаларнинг бари шуми? Нимадир етишмаётганмикан?»

У бироз жим қолди.

– Кимдир сенга туртки бериши керак бу йўналишда фикрлаш учун. Бу ўз-ўзидан содир бўладиган жараёнмас.

Мен унинг нима демоқчи бўлаётганини билардим. Бу ҳаётда ҳаммамиз устозга муҳтожмиз. Меники қаршимда ўтирарди.

«Бўпти», ўйладим мен, «Талаба бўлиш пешонамга битилган экан, имконим етганча яхши талаба бўлишга ҳаракат қиламан».

Ўша куни самолётда уйга қайтар эканман, сариқ ён дафтарчамга ичимизда барчамизни қийнайдиган масалалар рўйхатини ёзиб чиқдим: бахт, кексайиш, фарзандли бўлишдан бошлаб то ўлимгача. Албатта, ўз-ўзимизни англаш учун ушбу мавзуларда минглаб китоблар ёзилган, бир дунё телекўрсатувлар бор, соати 9 доллар турувчи маслаҳат дарслари мавжуд. Америка ўз-ўзига ёрдам бериш соҳасида нақ форс бозорига айланган.

Шундай бўлсада, аниқ-тиниқ жавоблар йўқ эди. Атрофингдагилар ҳақида қайғуришинг керакми ёки «ичингдаги болакай» парваришига эътибор беришинг лозимми? Анъанавий қадриятларга қайтиш лозимми ёки урф-одатларни бефойдага чиқариб, улардан воз кечиш керакми? Муваффақиятга интилиш керакми ёки оддийликками? Шунчаки, «Йўқ» дейишни ўрганган яхшими ёки гап-сўзларни йиғиштириб, ишга киришган афзалроқми? Мен бир нарсани аниқ билардим: кекса профессорим Морри ўз-ўзига ёрдам бериш бизнесида эмасди. У рельсда туриб, ўлим паровозининг ҳуштагини тинглар ва ҳаётдаги аҳамиятли нарсалар ҳақида аниқ тасаввурга эга эди.

Менга шу аниқлик зарур эди. Йўлини йўқотган ва шубҳа-гумонлар гирдобида азобланиб юрган қалбларнинг ҳар бири шу аниқликка муҳтож эди.

– Истаган мавзуйингда савол бер, — дерди Морри доим.

Шу сабабли қуйидаги рўйхатни туздим:

Ўлим

Қўрқув

Кексайиш

Нафс

Никоҳ

Оила

Жамият

Кечиримлилик

Мазмунли умр

Август охирлаб қолган пайтлар, сешанба куни Ғарбий Нютонга тўртинчи бор келаётганимда сумкамда шу рўйхат ётарди. Ўша куни Логан аэропортида кондиционер бузилган экан, одамлар елпиниб, жаҳл билан пешоналаридан оқаётган терни артишар ва кимга кўзим тушмасин, ҳаммасининг юз ифодасидан кимнидир бўғизлаб қўйишга тайёрлиги билиниб турарди.

Тўртинчи курс бошига келиб, мен социология фанидан шу қадар кўп дарсларга қатнашдимки, диплом олишим учун фақат бир неча кредит етмаётган эди холос. Буни кўрган Морри аъло даражали диплом олиш учун қийинроқ диплом иши ёзишни таклиф этади.

– Мен, а? — сўрайман ундан, — Нима ҳақида ёзаман?

– Қайсу мавзу сен учун қизиқ? — дейди у.

Бир дунё ғояларни кўриб чиқиб, мавзу қуриб қолгандек, спортга тўхталамиз. Мен «Футбол қандай қилиб Америкада халқ учун афюн, яъни сал кам дин даражасидаги муҳим удумга айланган?» деган мавзуда бир йиллик диплом ишимни бошлайман. Бу нарса бўлажак касбим учун тайёрлов курси экани хаёлимга ҳам келмайди. Билганим, шу нарса менга Морри билан ҳар ҳафталик суҳбатларимизни давом эттиришга имкон беради.

Баҳор келишига унинг ёрдамида изланишларим натижалари, иқтибослар ва далиллар билан ҳужжатлаштирилган ҳамда қора чарм муқовага яхшилаб тикилган 112 варақлик диплом ишимни тугатаман. Илк марта гол урган ёш футболчидек, уни фахр билан Моррига кўрсатаман.

– Табриклайман, — дейди Морри.

У ишимни варақлар экан, мен юзимда масрур табассум билан унинг хонасидаги нарсаларга назар соламан. Китоб жавонлари, паркет пол, гилам, диван. Ичимда «Хонанинг қай нуқтасида ўтириш имкони бўлса, ҳаммасида ўтириб чиққанман» дейман ўзимга.

– Бирор нима дейишга тилим ожиз, Мич, — ўйчан ҳолда кўзойнагини тўғрилайди Морри, — бундай яхши ёзилган иш билан сени магистрликка олиб қолмасак гуноҳ бўлади.

– Бўлмасамчи, — дейман мен.

Мийиғимда кулиб қўйсамда, у айтган фикр менга мойдек ёқиб тушади. Бир томондан, университетни тарк этишни ўйласам қўрқувга тушаман. Бошқа томондан эса тезроқ жўнаб қолсам дейман. Қарама-қаршиликлар тортишуви. Диплом ишимни ўқиётган Моррини кузата туриб, катта ҳаётга қадам қўйиш қандай бўлиши ҳақида хаёл сураман.


Report Page