Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарори лойиҳасига муносабат билдирди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарори лойиҳасига муносабат билдирди


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш учун йиғимлар ундириш вақтинчалик тартибини белгилаш ва 2019 йил учун йиғим ставкалари тўғрисида”ги Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашининг қарори лойиҳаси эълон қилинган (https://regulation.gov.uz/ru/document/4651).

Қўмита ушбу ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 702-сонли қарори ва ушбу Қарорнинг 9-банди ижроси юзасидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўз таклифларини киритди.

Жумладан:

1. Қарор Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси томонидан тасдиқланаётганлиги сабабли, Қарор номини шунга мувофиқлаштирилиши ҳамда қарор ва унинг иловаси Кенгашда кўриб чиқиш;

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги 702-сонли Қарорининг 1-бандида ташқи реклама жойлаштириш ҳуқуқи учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган миқдорда йиғим ундирилиши, бундай йиғимларни ундириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши кўрсатилган.

Шу сабабли, Қарор лойиҳасининг 2-бандини “Ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш учун вақтинчалик йиғимлар миқдори иловага мувофиқ тасдиқлансин” таҳририда баён этиш;

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги 702-сонли Қарорининг 1-банди еттинчи хатбошисида ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш бўйича шартномалар тузиш туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Шунга кўра, лойиҳанинг 3-бандини ушбу Қарор талабларига мослаштириш ҳамда Тошкент шаҳрида ташқи реклама воситалари эгалари билан шартномалар тузилмаганлиги ва 2018 йил 1 декабрдан буён ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш учун йиғимлар ундирилмаётганлиги сабабли, лойиҳанинг 3-бандига туман ҳокимликларига Тошкент шаҳрида (тегишли маъмурий ҳудудда) ўрнатилган ташқи реклама воситалари эгалари билан шартномалар тузиш ишларини қисқа муддатда (10 кунлик муддат ичида) якунлашни амалга ошириш вазифасини киритиш;

4. Лойиҳанинг 4-бандида Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун 2018 йил 1 декабридан йиғиладиган йиғимларнинг 10 фоизини “Пойтахт реклама сервис” ДУК ихтиёрига, 90 фоизини Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига йўналтирилиши кўрсатилган.

Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги 702-сонли қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш учун йиғимларнинг 90 фоизи туман (шаҳар) бюджетига, 10 фоизи “Тасвирий ойина” ижодий бирлашмаси ва унинг ҳудудий филиалларига миллий ғоя ва маънавият тарғиботи тадбирларини молиялаштириш, унинг аппарати ходимларини таъминлаш учун йўналтирилиши белгиланган.

Шу муносабат билан, лойиҳанинг 4-бандидаги “Пойтахт реклама сервис” ДУК” сўзларини “Тасвирий ойина” Республика ижодий бирлашмаси” сўзлари билан ўзгартириш;

5. Лойиҳанинг 5-бандида “Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси, туман ҳокимликларига Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш учун йиғимларни ундириш тартиби ва йиғимлар миқдорини солиқ тўловчилар эътиборига етказилиши ва ижро этилишини таъминлаш топширилсин”, деб кўрсатиб ўтилган.

Лекин, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги 702-сонли қарорига мувофиқ, ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш учун йиғимларнинг ўз вақтида ва тўғри йўналтирилиши (90/10 фоиз тақсимланиши) юзасидан тизимли назорат ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юклатилганлиги сабабли, лойиҳанинг 5-бандини қуйидагича таҳрир қилиш:

“5. Тошкент шаҳар молия бош бошқармаси Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси билан биргаликда ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш учун йиғимларнинг ўз вақтида ва тўғри йўналтирилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин ва туманлар кесимида ҳар ой якуни билан Тошкент шаҳар ҳокимлигига ахборот киритиб борсин.”

6. Қарорнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига таъсири мавжудлиги сабабли унинг кучга кириш муддатини қайта кўриб чиқиш.

Юқоридагиларга асосан, “Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш учун йиғимлар ундириш вақтинчалик тартибини белгилаш ва 2019 йил учун йиғим ставкалари тўғрисида”ги Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгашининг қарори лойиҳасини амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилиши лозимлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига расмий хат киритилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати




Report Page