Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар таҳлили

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар таҳлили

https://t.me/aoka_uz

Ўтган йилда, яъни 2021 йилда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтсам.

Биринчидан, инсофсиз рақобатга чек қўйиш бўйича.

Ўтган йилда ушбу йўналишда 261 та мурожаат ўрганиб чиқилди, натижада 68 та ҳолатда инсофсиз рақобатга йўл қўйилганлиги аниқланиб, белгиланган тартибда иш қўзғатилди ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Масалан, НО-ШПА, Kit Kat, Nutella, ЗВЕЗДОЧКА каби савдо белгилари шулар жумласидан.

Бундан ташқари, техник чигитни сотишда келишиб олинган ҳаракатлар – картел келишувларига барҳам берилди. Кластерлар томонидан чигит бошланғич нархи асоссиз равишда қарийб 40 фоиз оширилиши, пировардида пахта ёғи нархи ошишига таъсир қилган.

Кўрилган чоралар натижасида нархлар оширилгунга қадар бўлган даражага қайтарилиши таъминланди ва бугунги кунда шу даражада сақлаб қолинмоқда.

Иккинчидан, нархларни тартибга солиш соҳасида.

Монопол корхоналар томонидан тартибга солинадиган нархларни нотўғри қўллаш натижасида олган 71 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб қилинди.

Натижада, шу миқдорда 44 минг нафар аҳоли ва тадбиркорлар иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилиниши таъминланди.

Масалан, уруғлик дон, дизель, электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ ҳамда бошқа маҳсулот ва хизматлар нархлари шулар жумласидан.

Бундан ташқари, бир қатор товар ва хизматларга монопол юқори нархлар қўлланилишининг олди олинди. Жумладан, кальцийланган сода 20, сертификатлаштириш хизматлари 15, ер ости коллекторлари хизмати 50 фоизга пасайтирилди.

Натижада, 300 га яқин тадбиркордан 120 млрд сўмдан ортиқ асоссиз маблағ ундирилиши олди олинди.

Жарима майдончалари фаолияти рақобат асосида йўлга қўйилиши ва асоссиз тўловлар ундирилиши олди олинди.

 

Учинчидан, табиий монополиялар фаолиятини тартибга солиш соҳасида.

Табиий монополия субъектларининг шартномалари тўлиқ хатловдан ўтказилди ва рақобат ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши бўйича тўлиқ мувофиқлаштирилди. Оммавий шартномалар Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилиши тизими йўлга қўйилди.

Коммунал тўловлар 100 мингдан ортиқ аҳолидан ортиқча олинган 8 млрд сўмлик тўловлар аҳоли фойдасига қайта ҳисоб қилинди.

Хусусан, мингдан ортиқ оилавий корхоналарга тарифларни ошириб қўллаш натижасида 1,5 млрд сўм қайтарилди мазкур маблағлар ўз тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтиришга имкон яратилди.

Биргина Тошкент шаҳрида жойлашган кўп қаватли уй қурилиши билан шуғулланувчи тадбиркордан асоссиз равишда электр энергияси учун ундирилган 1,7 млрд сўм тадбиркорга қайтарилди.

Ёки, темир йўл хизматларини кўрсатишда имтиёзларни қўлламаслик ҳамда қўшимча хизматларни тиқиштириш ҳолатлари бартараф этилиши натижасида 300 млн сўм маблағ тадбиркорлар фойдасига ҳал қилинди.

Тўртинчидан, давлат иштирокини чеклаш ва қонунбузилиш профилактикаси соҳасида.

Давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишда Қўмитанинг олдиндан розилигини олиш, бунда 5 дан ортиқ хусусий тадбиркор фаолият юритувчи соҳаларда давлат корхоналарини ташкил қилмаслик механизми йўлга қўйилди.

Натижада, давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш бўйича 29 та мурожаат кўриб чиқилди, 10 та ҳолатда бундай корхоналарни ташкил этиш рад этилди.

Таъкидлаш жоизки, Давлат Раҳбарининг қарорига мувофиқ Қўмита томонидан доимий равишда давлат муассасалари фаолияти таҳлил қилиниши, хусусий тадбиркорлар фаолият юритаётган, рақобат ривожланган соҳаларда давлат муассасаларини хусусийлаштириш ёки тугатиш бўйича таклифларни Давлат тендер комиссиясига киритиб бориш механизми белгиланди.

Металл маҳсулотлар ишлаб чиқариш бозорида индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилиш бўйича таклиф ишлаб чиқилди, бу эса бевосита 50 нафар тадбиркорга фаолиятини қайта тиклашга имкон берди.

Қонунбузилиш оқибатини бартараф этиш эмас, балки уларнинг олдини олишга қаратилган монополияга қарши комплаенс тизими йўлга қўйилган ва муттасил равишда ривожлантириб борилмоқда.

Бунда монополиялар ва давлат ташкилотларида фаолиятни рақобат қонунчилигига мувофиқ ташкил этиш мақсадида комплаенс хизматлари ташкил этилди.

Жами 46 та, шундан 10 та давлат иштирокидаги корхоналарда, 14 та маҳаллий ҳокимият органларида ва 22 та давлат бошқаруви органларида комплаенс тизими жорий қилинди.

Бугунги кунда улар фаолияти мувофиқлаштириб борилмоқда ва бундай ташкилотлар кўпайтирилмоқда.

Бешинчидан, тендер ва биржа савдоларини тартибга солиниши.

Давлат харидлари доирасидаги тендер савдоларида 6,7 мингдан зиёд (2020 йилнинг мос даврида 2,2 мингдан зиёд) рақобатни чекловчи омилларнинг олди олинди ва натижада 2 трлн сўм

(2020 йилнинг мос даврида 400 млрд сўм) бюджет ва корпоратив маблағларини иқтисод қилинишига имконият яратилди.

Товар хомашё биржалари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар сони 38 тадан 45 тага етди, тадбиркорлар очиқ савдолар орқали товар ва хомашё ресурслари харид қилиш имкони кенгайтирилди.

 2021 йил давомида жами товар-хомашё биржа савдолари айланмаси 74,5 трлн сўмга еткизилди ва бу кўрсаткич (2020 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб икки бараварини) ташкил этади. ЎзРТХБда биржа савдоларининг янги автоматлаштирилган тизими ва маҳсулотларни охирги истеъмолчисига етказиб беришни рақамлаштирилган “электрон логистика савдо портали” ишга туширилди.

Олтинчидан, рақобатга таъсири баҳоланган бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилган 1,5 мингта норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалар ўрганилди ва 278 та лойиҳада рақобатга зид нормалар аниқланди ва уларни бартараф этиш тегишли хулосалари берилди.Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган 976 та ҳамда давлат органларининг 374 та ҳужжатлари рақобатга зид эканлиги аниқланди ва уларни бекор қилиш чоралари кўрилди.

 

 


Report Page