КИМ БИР МЎМИННИНГ ДУНЁ МАШАҚҚАТИНИ АРИТСА, ОХИРАТ ИШЛАРИ ЕНГИЛЛАТИЛАДИ
muslim.uz🔸 Айни кунларда юртимизда давом этаётган қишнинг қировли кунлари халқимизнинг меҳр-оқибатлилик фазилатларини яна бир карра синовдан ўтказмоқда. Шундай дамларда муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш жуда зарурдир. Шу муносабат ила Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуслари ила барча имом-хатиблар хайрия ишларида фаол бўлишга чорланди.
✅ Албатта, бир мусулмоннинг бошига тушган синовли кунларда ёрдам қўлини чўзиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларидир. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса. Аллоҳ таоло ундан Қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади", деб марҳамат қилганлар.
🔹Мана шундай набавий ўгитга амал қилган имом-хатибларимиз ҳомийлар билан биргаликда Республикамиз миқёсида эҳтиёжманд оилаларга 2 млрд. 60 млн. сўмлик хайрия ишларини амалга оширишди.
🔸Хусусан, шу йил 10-13 январь кунлари Тошкент вилоятидаги 427 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага жами 463 миллион сўмга яқин озиқ-овқат маҳсулоти, иситиш қурилмаси, кийим-кечак каби ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, вилоятнинг чекка Пискент, Паркент, Бўка, Чиноз ва Оққўрғон туманларида истиқомат қилаётган яшаш шароити оғир бўлган 55 та оилага эса жами 15 млн. сўмлик кўмир тарқатилди.
Фарғона вилоятида 834 та кам таъминланган оилага 365 млн. сўмлик кўмир маҳсулоти тарқатилди. Ҳудди шундай хайрия ишлари Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида ҳам амалга оширилди.
Тошкент шаҳри имом-хатиблари ҳам ҳудудларда кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами, ободонлаштириш ва йўл патрул ходимлари учун ташкил этилаётган хайрия тадбирларида фаол иштирок этишди. Масалан, пойтахтдаги кўплаб хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотлари, вилоятлардаги муҳтож оилаларга печка, кўмир каби жами 449 млн. сўмлик моддий ёрдам тарқатилди.
Бир сўз билан айтганда, имом-хатибларнинг хайрия соҳасида олиб бораётган фаолликлари таҳсинга сазовор. Улар орасида биргина имом-хатибнинг саъй-ҳаракати билан қанчалаб оилаларга хурсандчилик кирди. Жумладан, Юнусобод туманидаги “Омина” масжиди имом-хатиби Юсуфхон домла Муҳиддинов томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятида боқувчисини йўқотган 150 та хонадонга озиқ-овқатлар ҳамда 450 миллион сўмлик пул маблағлари тарқатилди. Шунингдек, Китоб туманидаги тоғли қишлоқларда боқувчисини йўқотган уч оилага барча шароитлари мавжуд бўлган уч хонали уй қуриб фойдаланишга топширилди.
Дарҳақиқат, эл бошига иш тушганда жипслашиш, ҳамжиҳат бўлиш халқимизга хос хусусиятлардандир. Синовли лаҳзаларда халқимиз азалдан жипс бўлиб келган. Албатта, бир мусулмоннинг бошига тушган қайғуни аритишни Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари деб билган доно халқимизнинг саховатпешалик, мурувватлилик хислатлари таҳсинга сазовор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими