Молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатлари қайта кўриб чиқилмоқда
MoliyaPressЎзбекистон Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунига асосан Молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатлари Молия вазирлиги томонидан белгиланади.
Бугунги кунда “Чораклик ва йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш хақида”ги Молия вазирининг буйруғи лойиҳаси ишлаб чиқилиб, манфаатдор вазирлик, идора ва жамоат бирлашмалари билан келишиш учун йўлланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур буйруқ лойиҳаси билан молиявий ҳисоботни давлат органларига тақдим этиш муддатлари белгиланмоқда. Бунда молиявий ҳисоботни тайёрлаш даврийлиги ва тузиш муддатлари тадбиркорлик субъектлари томонидан мустақил белгиланади.
Буйруқ лойиҳси билан молиявий ҳисобот тақдим этиш муддатлари қайта кўриб чиқилиб, узайтрилмоқда.
Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари асосида молиявий ҳисобот тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари томонидан молиявий ҳисобот тақдим этишнинг қуйидаги муддатлари белгиланмоқда:
йиллик ҳисобот учун – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай;
чораклик ҳисобот учун – ҳисобот чораги тугагандан кейин 40 (қирқ) кун мобайнида.
Шу билан бирга молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ молиявий ҳисобот тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари томонидан молиявий ҳисобот тақдим этишнинг қуйидаги муддатлари белгиланмоқда:
йиллик ҳисобот учун – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 июнидан кечиктирмай;
чораклик ҳисобот учун – 2023 йилдан бошлаб, ҳисобот чораги тугагандан кейин 40 (қирқ) кун мобайнида.
Молиявий ҳисоботни тақдим этишнинг таклиф этилаётган муддатлари бир қатор ривожланган давлатлар, жумладан: Франция, Буюк Британия, Белгия, Германия, Жанубий Корея, Сингапур, Индонезия, Хитой, МДҲга аъзо давлатлар амалиёти ўрганилган ҳолда белгиланди.
Шунингдек, мазкур буйруқ лойиҳаси билан амалда бўлган Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 942-сон, 2000 йил 3 июл) ўз кучини йўқотиши белгиланмоқда.
Ҳужжат лойиҳаси билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Лойиҳа муҳокамасида фаол иштирок этинг ва фикр мулоҳазаларингизни ifrs@mf.uz электрон почта манзилига юборишингизни сўраймиз.
Молия вазирлиги
Ахборот хизмати