Молия вазирлиги ва Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари Фонди ўртасида битим имзоланди

Молия вазирлиги ва Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари Фонди ўртасида битим имзоланди

MoliyaPress

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4611-сонли қарорининг 10-бандига мувофиқ Молия вазирлиги ҳамда молиявий ҳисоботнинг ягона стандартларини ишлаб чиқадиган ва тасдиқлайдиган мустақил халқаро ташкилот ҳисобланган Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари Фонди (МҲХС фонди) ўртасида битимга имзо чекилди. Онлайн форматда ўтган тадбирда Молия вазири ўринбосари Дилшод Султанов, МҲХС Фонди ижрочи директори Вайт Ли, МҲХС Фонди вакили Анна Ҳеммент ва вазирликнинг масъул ходимлари иштирок этишди.

Ушбу битим имзоланиши натижасида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикасида тан олиниши ва қўлланиши учун МҲХСни ишлаб чиқадиган ва тасдиқлайдиган МҲХС фондидан расмий рухсат олинади.

Имзолаш жараёни доирасида Молия вазири ўринбосари Дилшод Султанов Ўзбекистон Республикасида МҲХСни жорий этилиши ўстувор вазифалардан бири эканлигини таъкидлади. Бу маҳаллий корхоналарнинг салоҳиятини ошириш ва имкониятларини кенгайтириш, шу жумладан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган ўзоқ муддатли стратегияни амалга оширишда юқори аҳамият касб этиши қайд этилди.

Шу билан бирга МҲХС стандартларини давлат тилида мунтазам янгиланиб борилишини таъминлаш зарур бўлади. МҲХС га ўтиш нафақат бухгалтерлар ёки бозор иштирокчилари учун, балки кенг жамоатчилик учун ҳам муҳим ҳисобланади.

Маълумот учун: МҲХС Фонди 1973 йил 29 июнь куни Халқаро Бухгалтерия Стандартлари Қўмитаси (ХБС Қўмитаси) сифатида тузилган. 2010 йил ХБСК Фонди ўз номини Молиявий Ҳисоботнинг Халқаро Стандартлари Фонди деб ўзгартирган. МҲХС фонди Америка Қошма Штатларининг Делавер штатида нотижорат корпорация сифатида, Англия ва Уэлсда чет эл компанияси сифатида рўйхатга олинган. Бугунги кунда 144та мамлакатдаги аксарият компанияларида МҲХС стандартлари қўлланилади.

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати


Report Page