Молия вазирлиги карантин даврида фаолиятини узлуксиз давом эттирмоқда
Сизга шуни маълум қиламизки, алоҳида техник ходимларнинг коронавирус тест натижалари шубҳа туғдирди ва улар кейинги текширувлар учун клиник карантинга олинди.
Маълумки, коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин тадбирлари даврида ходимлар, барча ташриф буюрувчилар ва уларнинг оила азолари хавфсизлигини таминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги биринчилардан бўлиб, масофавий ишлаш тартибини жорий қилди. Дастлабки кунларданоқ ходимларнинг 40% дан ортиғи, шу жумладан мактабгача ва бошланғич синфлар ёшидаги фарзандли ходимлар меҳнат таътилига чиқарилди.
Вазирлик устувор давлат дастурларини молиялаштириш ва буджет тизими ходимларига иш ҳақларини ўз вақтида тўлаш, шунингдек, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш чораларини таъминлаш бўйича узлуксиз фаолиятини давом эттирмоқда.
Ушбу муҳим вазифалар ижросини таминлаш мақсадида, жамоа ишни онлайн шаклда ташкил қилиш, шунингдек, ходимларни ўз-ўзини изоляция қилиши юзасидан қарор қилди.
Молия вазирлиги жамоаси шифокорлар назорати остида қуйидаги тартибда фаолият олиб боради:
1. Вазир ва вазир ўринбосарлари бошчилигидаги раҳбарият, асосий бўлимларнинг бошлиқлари ва алоҳида ходимлари аввалгидек, вазирлик биносида иш олиб боради.
2. Ғазначилик ҳам ҳисобварақлар бўйича барча хизматларни тақдим этган ҳолда ўз фаолиятини давом эттиради. Бунинг учун тегишли ходимлар жалб қилинади ва улар алоҳида бинода мустақил ишлайди.
3. Қолган ходимлар масофадан ишлашни давом эттиради.
Иш ҳақи ва нафақалар ажратилиши тўхтамайди, шунингдек вазирликка юклатилган барча вазифалар ва функциялар белгиланган тартибда бажарилади. Вилоят, туман, шаҳар молия ва ғазначилик бўлимлари ўз фаолиятини одатдагидек давом эттиради.
Вазирлик раҳбарияти барча ходимларга ва уларнинг оила аъзоларига тушунганлари ва қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдиради.
Ҳурматли фуқаролар, ҳамкасблар! Молия вазирлигининг бутун жамоаси номидан сизларни уйда қолишга ва карантин даврида ўзингизга ва яқинларингизга ғамхўрлик қилишга чорлаб қоламиз.