Молия ва Адлия вазирликларига янги вазифалар юклатилди.

Молия ва Адлия вазирликларига янги вазифалар юклатилди.


Сир эмаски, бугунги кунда хорижий рейтинглар ва индекслар халқаро муносабатларга кучли таъсир кўрсатувчи омиллардан ҳисобланади. Энг аввало, бундай рейтинглар давлатларнинг халқаро имижига, кириб келаётган инвестициялар миқдорига катта таъсир кўрсатади. Дарҳақиқат, ҳар қандай чет эллик инвестор бирон бир мамлакатга инвестиция киритиш тўғрисида якуний тўхтамга келишдан аввал, ўз ўрнида, ўзи қизиқаётган давлатнинг иқтисодий ҳолати, қонун устуворлиги, қонуний ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолатланганлиги тўғрисидаги объектив баҳоларни синчиклаб ўрганиб чиқади. Зеро, ривожланиб бораётган ва ўз иқтисодиётига сармояларни жалб қилишдан манфаатдор бўлган давлатлар мазкур рейтингларга кириш ва ўз ўрнини мунтазам равишда кўтариб боришга алоҳида эътибор қаратади.

Маскур маслалага мамлакатимизда ҳам алоҳида эътибор билан ёндашилиб, давлатимизни хорижлик инвесторлар учун жозибадор ҳудудга айлантириш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва инвестицион имижини кескин юксалтириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Куни кеча “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилиниши ҳам бу борада яннги вазифаларни белгилаб берди.

Мазкур фармон билан Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилиб, унинг ишчи органлари этиб Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги белгиланган. Кенгаш раиси – Олий Мажлиси Сенати Раиси бўлиб, шу орқали бу соҳада янгича механизм, яъни парламент назоратини жорий этиш таъминланади.

Шунингдек, мутасадди вазирлик ва идоралар KPIга эришиш мақсадида:

бир ой муддатда 2020 йил иккинчи ярми давомида амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурларини;
ҳар йил 1 декабрга қадар келгуси йил давомида амалга ошириши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Кенгашга киритилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, фармон билан Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида 6 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилиши белгиланиб, мазкур бошқарманинг вазифаси этиб қуйидагилар назарда тутилган:

сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасига берилган баҳоларни таҳлил қилиш;
халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг баҳоларига сабаб бўлган омилларни бартараф этиш жараёнини мувофиқлаштириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни лойиҳаларини Ўзбекистоннинг рейтинглардаги ўрнига таъсири бўйича баҳолаш;
сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид халқаро рейтинг ва индексларни тузувчи халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш белгиланган.

Таъкидлаш керакки, бу каби жорий этилаётган янги тартиблар миллий индикаторларни шакллантиришга, бу орқали Ўзбекистоннинг глобал миқёсда рейтинглардаги иштирокига ҳамда юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилади.


Орифжон Ибраҳимов,

Наманган вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси.

Report Page