Мохидилхон Бахриддинова - ФҲДЁ тизими бўйича сўнгги етти йилда мукофотга муносиб кўрилган ягона ходим

Мохидилхон Бахриддинова - ФҲДЁ тизими бўйича сўнгги етти йилда мукофотга муносиб кўрилган ягона ходим

https://t.me/andijondavlatxizmat

28 август, шанба куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ андижонликларга орден ҳамда медалларни тантанали равишда топширди.

Тақдирланганлар орасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар ходимлари, ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқлари илғорлари, илм-фан, таълим, тиббиёт соҳалари фидойилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳам бор. Маросимда орден ва медаллар ўз эгаларига топширилди.

Ўзбекистон Президентининг 26 августдаги Фармонига асосан Қўрғонтепа тумани 1-сон Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Мохидилхон Бахриддинова ҳам “Содиқ хизматлари учун” медалига лойиқ кўрилган.

-Иш фаолиятимиз давомида ёши ва келиб чиқишидан қатъий назар ҳар бир юртдошимизнинг қувончи ёки қайғусига шерик бўламиз, - дейди Мохидилхон Бахриддинова. 25 йилдирки соҳада меҳнат қилиб келаман. Шу кунга қадар юз минглаб болажонларнинг туғилганлигини, жуфтликларнинг никоҳларини ва бошқа фуқаролик ҳолатларини қайд этдим. Ушбу мукофот нафақат менга балки тизимда ишлаётган барча ходимларга берилган юксак баҳо ва ишонч деб биламан. Келгусида ушбу ишончга муносиб бўлишга ваъда бераман.

Қайд этиш лозим, Бахриддинов сўнгги етти йил давомида ФҲДЁ тизим ходимлари ичида тақдирланган ягона ходими ҳисобланади. Сўнгги маротаба 2014 йилда Президент фармони билан Наманган вилояти Учқўрғон тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Замира Тургунова “Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилган.

Маълумот учун, М.Бахриддинова 1964 йилда Хўжаобод туманида туғилган. 1985 йилда Тошкент давлат университетини хорижий     тиллар факультетини, 2010 йилда эса Наманган давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини тугатган. Турли йилларда Булоқбоши туман ва Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлимида турли лавозимларда ишлаган. 2012 йилдан буён  Қўрғонтепа тумани 1-сон Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси вазифасида ишлаб келмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят
бошқармаси ахборот хизмати

Report Page