Мисрда ўзбекистонлик олимнинг араб тилидаги китоби нашр этилди
Дин ишлари бўйича қўмитаБугун 10 июль куни Тошкент ислом институти ташаббуси билан Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Миродил Ҳайдаровнинг араб тилидаги “Шариат ва Ўзбекистон кодексида Оила ҳуқуқи: ҳанафийлик мазҳаби асосида никоҳ ва талоқ масалалари” номли китобининг онлайн тақдимоти ташкил этилди, дея хабар бермоқда Тошкент ислом институти сайти.
ZOOM дастури орқали ўтказилиб, 80дан ортиқ тадқиқотчилар, устозлар, талабалар ва қизиқувчилар иштирок этган тадбирни модератор сифатида Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Кириш сўзида Миродил Ҳайдаровнинг илмий-касбий фаолияти тўғрисида қисқача маълумот берилди.
Шундан сўнг, китоб муаллифи Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Миродил Ҳайдаровга сўз берилиб, “Шариат ва Ўзбекистон кодексида Оила ҳуқуқи: ҳанафийлик мазҳаби асосида никоҳ ва талоқ масалалари” номли китоби тақдимоти бошланди.
Миродил Ҳайдаров китобнинг аҳамияти тўғрисида гапириб, ундаги никоҳ ва талоқ масалалари ҳанафийлик мазҳабидаги энг муътабар китоблардан бири Бурҳониддин Марғилонийнинг “Ал-Ҳидоя” асари ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексидаги тегишли моддаларнинг қиёсий таҳлили араб тилида илмий асосда тадқиқ этилганини таъкидлади. Шунингдек, никоҳ ва талоққа оид замонавий масалаларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатволаридан кенг фойдаланиб, мавзунинг ҳозирги кунимиздаги аҳамиятини очиб берди.
Таъкидлаш жоизки, буюк аждодимиз Бурҳониддин Марғилонийнинг тўққиз аср аввал (ҳижрий 573 йил, мелодий 1178 йил апрель ойида) таълиф этган “Ал-Ҳидоя” асаридаги никоҳ ва талоққа оид китоби илк бор Оила кодексидаги моддалар билан араб тилига таржима қилиниб, қиёсий тадқиқ қилиниши диний ва ҳуқуқий соҳадаги янгиликлардан бири бўлди.
Китоб тадқиқоти орқали Миродил Ҳайдаров ўз асарида оилалардаги келишмовчилик ва ажримларнинг олдини олишда шариат ва қонуннинг тутган роли, никоҳ ва талоқ масаласида ўзбошимчаликка йўл қўймаслик, оилада эр ва хотиннинг шаръий ва қонуний ҳуқуқлари, оилавий муносабатларни тартибга солиш каби муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтган. Хусусан, муаллиф ҳанафий мазҳаби қоидалари асосида Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексидаги Никоҳ ва никоҳнинг тугатилишига оид баъзи моддаларга тўлдириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўз таклифларини билдириб ўтди.
Тақдимотдан сўнг, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов ва профессор Бахтиёр Тўраев китобнинг аҳамияти ҳақида гапириб, муаллифнинг меҳнатига юқори бериб, зарур ўринларда ўз таклифларини бердилар.
Миср Араб Республикасининг “Мактабат Ал-Азҳарийя лит-турос” нашриётида араб тилида чоп этилган ушбу китоб мутахассислар томонидан ҳам катта қизиқишга сабаб бўлди. Жумладан, Шайх Муҳаммад Тавфиқ Рамазон ал-Бутий, Дамашқ университети профессори доктор Бадиъ Саййид ал-Лаҳҳам, Шайх Исмоил Булбул ҳамда юртимиздаги исломшунос олимлар эътирофига лойиқ деб топилди.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати